Ногиронлар куни

3 декабрь -  Халқаро ногиронлар куни

“МЕҲР ҚОЛУР -  МУҲАББАТ ҚОЛУР”   

Инсон учун тўрт мучасининг бутлиги, тафаккурининг рав-шанлигини ҳис қилиш энг олий бахт эмасми?! Айниқса, ота-онанг, оила аъзоларинг даврасида, яқин қариндошларинг билан ёнма-ён яшаш улкан бахт эканлигини ҳар бир инсон жуда яхши билади. Минг афсуски, ана шу улкан бахтга, ота-онасининг, яқинларининг бир оғиз ширин сўзига зор, бир кўришга интизор бўлган, меҳр-муҳаббатга ташна ўксик қалблар ҳам бор. Албатта, улар ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама эътиборга олиниб, ғамхўрлик оғушида бўлсаларда, улар ҳар тунда ўзларининг яқинларига қалбан бўлсада мактуб йўллайдилар, бир умр уларни кутади. Негаки, ҳар бир бола учун – у хоҳ ўғил бўлсин, у хоҳ қиз бўлсин ўзининг ота-онаси меҳрини ҳеч ким боса олмайди.

Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ноги-ронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.

Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни  Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзоланганида кўриш мумкин. Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгиланган.

Халқаро ногиронлар куни 1992 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига биноан нишонлана бошлади.

-  Бу борада туманимиз миқёсида ҳам йил давомида кўпгина тадбирлар амалга оширилиб, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлганлар ҳолидан хабар олиб, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатиб турилибди. Қалби меҳрга тўла  тадбиркор инсонлар томонидан ташкил этилган “Сахийлар саховати” гуруҳи аъзолари бугунги кунда ҳам меҳр ва саховатга муҳтожлар ҳолидан хабар олишиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатишмоқда,- дейилади, туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарларида. 

Дарҳақиқат, миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан ҳисобланади. Халқимизга хос бағри кенглик, меҳрибонликдан беихтиёр фахр-ифтихор туясан киши. Меҳрни ҳамма нарсадан устун қўйгани боис, ўзбек номи, миллат шаъни юксалиб келаётир. Бугун кечагидан-да кўпроқ оқибатли бўлайлик. Зеро, инсондан меҳру муҳаббат, одамийлик қолгусидир.         

 Шукрона.