Оқдарё санъаткорлари
Бизни ўйлантираётган муаммолар
ТУМАНИМИЗ САНЪАТИНИ ЭЛГА ТАНИТАЙЛИК
Кимки, санъатни севса, уни қадрласа, туманимизда, вилоятимизда, ҳаттоки, республикамиз миқёсида ҳам ўз мухлисларига эга бўлган ажойиб санъаткор Азим Қувондиқовни таниши, унинг ижросидаги қўшиқларни севиб тинглаши табиий, албатта. Негаки, қатор йиллардан бўён ўзига хос овозга, ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлган бу санъаткорни ёшу қари ўртасида ўз мухлисларига эга эканлигини жуда яхши биламиз. Янги йил байрами арафасида оиламиз даврасида ўтирар эканмиз, Самарқанд телевидениесининг "Тараннум" кўрсатуви орқали эл олқишига сазовор бўлган таниқли ҳофиз Азим Қувондиқовнинг концерт дастурини томоша қилиб, кайфиятимиз кўтарилди ва санъаткор ижросидаги дилрабо куй ва қўшиқларни мароқ билан тингладик. Ҳофиз томонидан ижро этилган устоз санъаткорларнинг дилрабо қўшиқлари ва ўзи томонидан яратилган оҳанрабо наволарни тинглар эканмиз, бизнинг туманимизда ҳам шундай хушовоз санъаткорлар етишиб чиққанлигидан беихтиёр ғурурланасан, киши.
Шуни қувонч билан айтиш керакки, севимли санъаткоримизнинг фарзанди Элбек Қувондиқов ҳам ўз отасининг изидан бориб, санъат соҳасида таълим-тарбия олаётган экан. Эндигина санъат соҳасига кириб келаётган, айни пайтда Тошкентдаги Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида таҳсил олаётган Элбек Қувондиқов ижросида айтилган қўшиқ ҳам бизга жуда маъқул бўлди. Ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида санъат соҳасини танлаб, ўз билим ва тажрибасини ошириб, келажакда албатта ўз мақсадига эришади, деган умиддамиз.
Ана шундай ажиб туйғулар оғушида туманимиз санъаткорлари ҳақида сўз юритар эканмиз, беихтиёр халқимиз ҳурматига, эътирофига сазовор бўлган Отақул Ҳасанов, Азим Норбеков, Акбар Муҳаммадиев, Юсуф Бобохўжаев, Ҳазрат Ҳайдаров ва бошқа санъаткор ҳофизларимизнинг ҳам номини алоҳида тилга олиб ўтишни жоиз, деб ҳисоблаймиз. Таъбир жоиз бўлса, айтиш ке-ракки, уларнинг ҳар бири босиб ўтган умр йўли, санъат соҳасидаги фаолияти ёш авлод учун намуна, мактаб манбаи бўлмоғи даркор. Шундай экан, нега кейинги йилларда туманимизда бу соҳани ривожлантиришга бўлган эътибор сусайиб бормоқда? Ўзимизда етишиб чиққан санъаткорларнинг ижодини вилоят, республика миқёсида танитиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганлигининг сабаби нимада? Ахир, туманимизда ҳам ўз овозига, ўз йўналишига эга бўлган санъат ихлосмандларини истаганча топиш мумкин-ку. Уларга нисбатан фақат озгина бўлсада эътиборли бўлишимиз талаб этилади холос. Шунингдек, бу борада албатта устоз-шогирд анъаналари тўғри йўлга қўйилса бас.
Тўғри, туманимиз миқёсида ўтказиладиган байрамлар ва турли хил оммавий тадбирларда, қолаверса, тўй-ҳашамларда тумандаги айрим санъаткорларимизнинг концерт дастурларидан баҳраманд бўлиб турамиз, лекин яна бир зумда унутамиз уларни. Нега шундай?! Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бу саволнинг жавоби эса оддий. Жуда кўпчилик юртдошларимиз тумандаги "Маданият маркази" фаолиятини унутиб қўйишганлигига анча йиллар бўлган бўлса ажаб эмас. Негаки, туманимизнинг маданият маркази ҳисобланган ва йиллар давомида ҳувиллаб ётган бу даргоҳда яқин орада бирор бир концерт ёки бошқа бир томошанинг бўлганлигини эслаш амри маҳол. Ёшлик пайтларимизда худди шу даргоҳдан оёғимиз узилмас эди. Барча қулайликларга эга бўлган Марказий кутубхона ёшларнинг энг севимли маскани бўлса, унинг концерт залларида қанчадан қанча турли хил тадбирлар, шеърият кечалари ўтказилиб турилар эди. Эндиликда эса бу маданият кошонасини "жимжитлик" эгаллаб олганидан дилинг хуфтон бўлади.
Тумандаги мусиқа ва санъат мактабларида, қолаверса, мактабгача ва умумтаълим муассасаларида қанчадан қанча иқтидорли, истеъдодли ёшларимиз етишиб чиқмоқда. Эл оғзига тушган санъаткорларимиз ҳам етарли даражада. Ана шундай санъат соҳасидаги ихлосмандлар иштирокидаги концерт дастурлари, ижодий учрашувлар, ёшлар ўртасидаги беллашувлар тез-тез ташкил қилиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу билан туманимизда етишиб чиқаётган санъат ғунчаларини санъат оламига кириб боришига ёрдам берган ҳамда уларни элимизга танитган бўлар эдик. Ҳеч бўлмаганда эса маданият марказидаги "сукунат" ўрнини она Ватанимизни, тинчлик ва бахт-саодатни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар оҳанги эгалласа, нур устига аъло нур бўлур эди.
Бу бизнинг Янги йилдаги тилакларимиз эди холос, сиз-чи, бунга нима дейсиз, Маданият марказидаги масъуллар!

Тарсаки ва таклифлар
- 08 янв, 10:50

Тадбирлар
- 27 ноя, 11:51