Яна мардикор бозори ҳақида
"МАРДИКОР БОЗОРИ"
КЕРАКМИ?
Туманимизнинг маркази ҳисобланган Амур Темур кўчасида ҳар куни эрта тонгдан то шомга қадар одамлар тўпланишадиган жой, яъни "Мардикор бозори" пайдо бўлганлигига анча вақт бўлганлигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Гоҳида ёмғир, гоҳида қор ёққанда, яъни қаҳратон қиш чилласи бўлсин ёки ёзнинг иссиқ саратонларида ҳам улар ўзларини панага ҳам олишмасдан(аслида пана жойнинг ўзи йўқ), кимдир келиб ишга олиб кетишини кутишади. Ахир улар кунлик топган пулларини рўзғорига, бола-чақасини боқишга олиб боришлари керак-да. Айрим хотин-қизларимиз эса ўзимизнинг туманда бўлмасада, бошқа жойларга боришиб, кунлик хизмат билан шуғулланишиб, бола-чақасини боқишмоқда. Ахир бугунги кунда ҳар бир киши ҳам чиройли ҳаёт кечиришга, болаларини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан таъминлашга ҳаракат қилар экан, бунинг учун ҳар бир оилага ҳам фақат ойликнинг ўзига қараб яшаш тўғри келмайди-да. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
- Турмуш ўртоғимнинг қўли гул уста, дейди бир танишим. - Устачилик билан 4 нафар фарзандимизни боқиб вояга етказмоқдамиз, лекин рўзғор ва болаларнинг эҳтиёжи учун борган сари биргина эримнинг топгани етарли бўлмаяпти, унга ҳам қийин. Шу боис, турмуш ўртоғимдан яширинча баъзида мен ҳам бировларнинг уйига бориб, хизматини қилиб, озми-кўпми пул топишга, харажатлар учун ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилмоқдаман. Ахир болаларимизнинг 2 нафари студент, тўлов контракти асосида таҳсил олишади.
Тўғри бошқа жойларда ҳам бундай манзарани кўп учратганмиз. Катта кўчаларнинг бир томонида эркаклар, ёш йигитлар, бир томонида эса аёллар, хотин-қизлар халқимиз тили билан айтганда "мардикор бозори"га тўпланишиб турганлигининг гувоҳи бўлганмиз. Уларнинг бу ерга тўпланиб туришларининг сабаби битта, у ҳам бўлса бировнинг уйига бориб бўлсада, мардикорлик қилиш эвазига оиласини, бола-чақасини боқишдан иборат.
Жамиятимизнинг ана шундай ишсиз қатламини иш билан таъминлаш, ишга жалб қилиш мақсадида курслар ташкил қилиш лозим, деган таклиф билан чиққанида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фикр-мулоҳазалари ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлган эди. Янги йил байрами арафасида эса вилоятимизда "Мардикор бозори" ўрнида вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш бюроси ўз фаолиятини бошлаганлигини эшитиб, ростини айтганда хурсанд бўлдик.
Бюрода эркаклар ва аёллар кутиш заллари, 20 ўринли ошхона ва ётоқхона, иш қуролларини ижарага бериш, ички ишлар ва тиббиёт ходими, бюро ходимлари, маънавият ва ювиниш хоналари мавжуд экан.
Бюро томонидан иш изловчи фуқароларга, шунингдек, иш берувчи хусусий шахсларга хизматлар текин кўрсатилиши билан аҳамиятли бўлиб, бир қатор вазифалар бюронинг асосий вазифаси этиб белгиланганлиги "Мардикор бозори"да турли хил қийинчилик ва муаммоларга дуч келаётган кўплаб одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишига ишончимиз комил.
Дарҳақиқат, "Мардикор бозори" деб ном олган эскича атамага янгича назар, янгича эътибор билан қараш вақти етиб келганлигини давр тақоза этмоқда. Бу албатта, кунлик ва вақтинчалик иш билан шуғулланаётган кишиларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб беришига шак-шубҳа йўқ. Тегишли мутасаддилар эса қанчадан-қанча фуқароларимизга, уларнинг оилаларига ана шундай ишга жойлаштириш бюроси орқали беминнат ёрдам кўрсатишган бўлар эди. Туманимизда ҳам аҳолини вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказини очиш ҳақида туманимиз раҳбарлари, депутатлар бир бора ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
журналист.

Оқдарё ижодкорлари
- 14 дек, 14:00

Хотин-қизлар ҳаёти
- 14 дек, 12:24

Адабиёт
- 24 ноя, 11:44

Қарорлар
- 23 ноя, 15:07