Тақдимот

Янги китоб тақдимоти

"ВАТАН ҲАҚҚИГА МУНОЖААТ"

Ҳар бир янги китобнинг олам юзини кўриши тарихий воқеадир. Китобхонлик маданияти авваламбор, ҳар бир инсон ва унинг оиласидаги маданий муҳитга боғлиқ. Яқинда бир суҳбатдошим: "Афсуски, кейинги йилларда китобхонликка эътиборимиз  даражаси шундай мушкул аҳволга тушиб қолдики, ҳатто, китоб ёзганлар эътибордан четда қолиб, китоб ўқиганлар учун танлов ўтказиш, китоб ўқигани учун  мукофот беришгача, машина совға қилишгача  етиб келдик. Ахир китобни ҳар бир инсон ўзи учун, ўз келажаги учун ўқийди-ку. Аслида, китобни ёзган одамларни тақдирлашимиз керакки, ноёб ва  ўқимишли китобларимиз камайиб кетмоқда"-деб ёзғириб қолди. Дарҳақиқат, бу фикрларда  жон бор, «Спарк» машинасини олиш учун китоб ўқиш, ёки, ОТМга кириш имтиёзини қўлга киритиш  учун шеър ёзиш -  бу ҳодиса ҳар қандай асл китобхоннинг, ёхуд, ижодкорнинг  ботинига сиғмайдиган туйғудир. Бу муаммолар ҳукуматимизнинг амалга ошираётган чора-тадбирлари даражасида ҳал бўлаётганлигининг ўзидаёқ, китобхонлик  масаланинг жамиятимиз тараққиётидаги асосий омил эканлигини англаб етмоқдамиз. 

Юқорида таъкидлаб ўтилган "ноёб ва ўқимишли китобларимиз камайиб кетмоқда", деган фикрга эътироз билдиришга ҳақлимиз. Чунки, изланган китобхон учун барча турдаги китоблар мавжуд, кутубхоналар, китоб дўконлари ишлаб турибди. Ёзувчи, шоирларимиз, олимлар ва тарихчиларимиз, санъаткорларимизнинг сермазмун, мемуар асарлар даражасидаги китоб-лари нашр этилмоқда. Китобхонлар учун минглаб тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. 

 Президентимизнинг "ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг мақсади, мазмун ва моҳиятининг ижроси туманимиз миқёсида ҳам  ижодкорлар билан халқимизнинг, китоб билан китобхонларимизнинг ҳаётини бир-бирлари билан чамбарчас боғламоқда.

Яқинда 2-умумтаълим мактабида ўтказилган янги китоб тақдимоти юқоридаги фикрларимизнинг яққол далилидир. ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институтининг раҳбари, профессор Амриддин Бердимуродовнинг "Ватан ҳаққига муножаат" номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Туман Ёшлар агентлиги, "Оқдарё овози" газетаси ҳамда Халқ таълими бўлими  ҳамкорликда ташкил этган  ушбу тадбирда шоир ва ёзувчилар, тарихчилар, фан ўқитувчилари, маҳалла аҳолисининг вакиллари иштирок этдилар. 

Туман Ёшлар агентлиги ташкилотининг раҳбари Маъруфхон Мусаев: «Мен ушбу китобни қўлимга ол- ганимга кўп бўлгани йўқ, лекин, тўлиқ ўқиб чиқдим. Ватанга садоқат, ватанга муҳаббат, фидойилик, жоннисорлик  шу қадар ҳаётий воқеалар, фактлар асосида ёритилганки, китобни қўлдан қўйгингиз келмайди. ўзбекистон тарихи, боғлари-ю, саҳролари, шаҳарлари-ю, вайроналари, халқимизнинг ҳаёти кўз ўнгингизда гавдаланади. Жуда кўплаб онгимизга сингдирилган нотўғри тарихий талқинларни ўнглаб оламиз. Азиз ёшлар, ушбу китобни Ватан учун, ватан ҳаққига муножаат учун албатта ўқинг". 

"Ватанга муножаат" китоби ҳамда муаллифнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ойгул Маматова китобхонларга батафсил маълумотлар бериб, А.Бердимуродовнинг ўзбек археология фанига қўшган ҳиссаси, устоз-шогирдлик борасидаги фазилатларини сўзлади.  

Тарихий манбалардаги маълумотларда  китобнинг куч-қудрати ҳамда тарихга эътибор мавзусида муаллифнинг Москва кутубхонасидаги саргузаштлари, Ҳазрат Бобур бобомизнинг  тарихдаги ўрни ва шахсларига оид маълумотларининг талқини ҳақида ёзган саҳифаларни мароқ билан баён этди. 

Янги китоб тақдимотининг асосий ташкилотчиларидан бири, туманимиз тарихи ҳамда тарихий қаҳрамонларимиз ҳақида кўплаб ижодий ишлар ёзган тарих ўқитувчиси ўктам Икромов "Ватанга муножаат" китобини ўз ҳаётий тажрибасида учратган  ватанга садоқат мавзусидаги  ягона китоб эканлигини таъкидлади. Тадбир иштирокчиларига ушбу китоб мутолаасини янада давом эттириш, келгусида янада кенг давраларда китоб тақдимотларини ўтказиш, муаллифнинг ўзи билан  жонли мулоқотлар ташкил этиш таклифини маъқуллади. Тадбир сўнгида китобхонларнинг саволларига жавоблар берилди.

Ўз мухбиримиз.