Ёш ватанпарварлар

ЮРТИМИЗ ПОСБОНЛАРИ

"Тинч элнинг боғи гуллар" - дейди донишмандларимиз. Шукрона айтамизки, Ватанимиз тинч, юртимиз обод. Осойишталик туфайли кундан кун ривожланиб бораётган давлатимиз жаҳонга юз тутмоқда.

Тинчлик - улуғ неъмат. Тинчлик бор жойда болалар кулгуси жаранглаб туради. Ҳаёт гуллаб-яшнайди. Бизнинг мана шундай осойишталигимизни қўриқлаётган ҳарбий аскарларимизга бугун тасаннолар айтамиз.

Дунёда Ватан сўзидан азиз ва юракка яқин калом топилмагани каби, ватан ҳимоячиси бўлишдан ортиқ шон-шараф ҳам йўқ. Бугун қуролли кучлар сафида бизнинг мард, жасур акаларимиз йигитлик бурчини ўташмоқда. Улар туфайли юртимизда осойишталик ҳукмрон.

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни сифатида мустақил ўзбекистонимизнинг барча гўшаларида, ҳарбий қисмларда, олий ўқув юртларида, мактабларда байрам қилинади. Жумладан, 19-умумий ўрта таълим мактаби 2-"Б" синфида ушбу кунни нишонлаш мақсадида "Мардлар қўриқлайди Ватанни" мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирга ўқитувчилар ҳамда ота-оналар ташриф буюрди. ўқувчилар ўзларининг тадбирга тайёрлаган шеър, қўшиқ, мақол ва саҳна кўринишлари билан иштирок этдилар. Айниқса, ўғил болалар Давлатимиз тимсоли бўлган байроғимизни ўпиб, Ватан ҳимояси учун қутлуғ заминнинг ҳар қарич тупроғини асраш учун тайёрман, деб тиз чўкиб, қасамёд қилишини саҳна кўринишда намойиш этишганлиги  барчага манзур бўлди. 

Тадбир сўнгида мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари С. Эргашев сўзга чиқиб, мактаб ўқувчиларига мустақил ўзбекистонимиз қуролли кучлари сафида хизмат қилиш ҳар бир фарзанд учун шарафли, муқаддас бурч эканлиги, бунинг учун эса чуқур билим олиш, спорт билан шуғулланиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.


Зебо УМАРОВА,

19-мактаб бошланғич синф 

ўқитувчиси.

Мавзуга оид: