Саломатлик

ҚУТУРИШ ЎЛИМ БИЛАН 

ТУГАЙДИГАН КАСАЛЛИК

Қутуриш ўткир кечадиган юқумли вирус касаллик бўлиб, марказий нерв системасининг оғир шикастланиши билан  ўтадиган ва ўлим билан тугайдиган касаллик.

Касаллик билан ҳамма турга мансуб ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади. Касал ҳайвон касаллик қўзғатувчи манбаи ҳисобланиб, тишлаганда, сўлаги билан теридаги тирналган жойларга тушганда касаллик юқади.

Ҳайвон тишлаши ёки тирнаши билан жабрланганда шуни билингки, касаллик қўзғатувчиси касал ҳайвон сўлагида 10 кун олдин пайдо бўлади. Шунинг учун тишланган ҳайвон яхши ҳолатда эдику, деб ишонмаслик керак. Уй ҳайвонларидан ит ва мушуклар, ёввойи ҳайвонлардан эса тулки, бўри ҳамда ҳар хил кемирувчилар касаллик манбаи ҳисобланади.

Эътибор берсак, ҳайвонлар тишлашидан кўп ҳолатларда болалар жабрланади. 2020 йил 28 сентябрдаги 14-Халқаро Қутуриш касаллигига қарши қураш куни муносабати билан мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида қутуриш касаллигини олдини олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда тушунтириш ишлари олиб борилиб, болаларнинг бегона ҳайвонлар билан мулоқотда бўлмаслигини таъминлаш зарурлиги уқтириб ўтилди.

Уйда сақлайдиган итларни 3 кун давомида албатта туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига қарашли ҳудудий ветеринария инспекторлари рўйхатдан ўтиши шарт ва ҳар йили қутуриш касаллигига қарши эмланиши керак.

Қарамоғингиздаги ҳайвон ҳар қандай касалликка чалинганда ва айниқса қутуриш касаллиги белгилари пайдо бўлганда, яшайдиган ҳудудингиздаги ветеринария инспекторларига зудлик билан мурожаат қилинг. Зинҳор ўзингиз даволашга ҳаракат қилманг, бу билан сиз ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўясиз.

Агар сизнинг итингиз бирор кишини тишлаб олса, ҳолатни ёки ҳайвонни бекитишга ҳаракат қилмасдан, жабрланган шахсга ўзингизни манзилингизни беринг ва ит ёки мушугингизни кўрикдан ўтказиш учун ҳудудингиздаги ветеринария мутахассисига мурожаат қилинг. Тишлаган ҳайвон 10 кун давомида ветеринария мутахассислари кузатувида бўлиши шарт. Шунингдек, ҳайвон эгаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарори билан тасдиқланган "Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари"га амал қилиш ва  жавобгар ҳисобланади.

Касал ҳайвондан жабрланган (юридик ва жисмоний шахслар) фақатгина зудлик билан яшаш жойидаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш, зарур профилактик эмлаш курсини олиш билан қутуриш касалланишни олдини олиш мумкин. Унутманг, қутуриш ўлим билан тугайдиган касалликдир. Ўзингизни болаларингизни ва атрофдагиларни бу касалликдан асранг!

Ф.ЭРГАШЕВ, 

туман ветеринария ва чорвачиликни 

ривожлантириш бўлими бошлиғи. 


Мавзуга оид: