Келажагимиз таянчи-ёшларимиз.
АЛ-ХОРАЗМИЙГА ҲАВАС
ҚИЛГАН ЎҚУВЧИ
Туманимиздаги барча умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчилари билан тез-тез суҳбатлашиб тураман. Мактабларда фаолият кўрсатаётган бошланғич таълим ўқитувчилари бир-бирлари билан ўзаро тажриба алмашиши, ёш ўқитувчиларга янгича ёндашув усулларини ўргатишда ҳар ойда туман миқёсида ўтказиб турилган услубий бирлашма йиғилишларининг самараси катта бўлмоқда. Бу борада бошланғич таълим ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида "Кимнинг хати чиройли", "Билимлар беллашуви", "Иқтидорли ўқувчи" каби танловларнинг ўтказилиб турилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яқинда туманимиздаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Муҳаббат Фармонова билан суҳбатлашар эканман, у ўзи фаолият кўрсатаётган мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари орасида кўплаб иқтидорли ўқувчилар борлиги ҳақида фахрланиб сўз юритди:
- Бошланғич таълим - билимлар пойдеворидир. Шу боисдан ҳам биз бошланғич таълим ўқитувчилари ўқувчиларимизнинг ҳар томонлама камол топиши учун бор билим ва тажрибамизни ишга солиб астойдил ҳаракат қиламиз. Айниқса, иқтидорли ўқувчиларимиз бизнинг фахримиз ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир синфда ўзига хос иқтидорли ўғил-қизларни кашф этиш мумкин. Масалан 4- синфдаги ўқувчиларимизнинг ҳуснихати чиройли бўлса, 2-синфларимизда расм чизишга қизиққан ўқувчиларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Менинг 3-"Б" синфимда эса "Сурдо педагогикаси" яъни кар-соқов тилида сўзлашишни биладиган ўқувчим бор. Яна математикани жуда яхши ўзлаштирадиган, карра жадвалини 15-16 каррагача ёддан айта биладиган ўқувчим бор, - деди.
Мен ўша ўқувчига қизиқиб қолдим ва у билан учрашдим. Сардор Холмирзаев ҳақиқатдан ҳам иқтидорли ўқувчи экан. Унга карра жадвалидан ташқари 11 каррадан 16 каррагача сўраганимда, тутилмасдан жавоб берди. Унинг қобилиятига қойил қолдим ва унга савол бердим: "Келажакда ким бўлмоқчисан?". Сардор эса кўзлари ёниб: "Биз яқинда дарсда Ал-Хоразмий ижоди билан танишдик. Мен Ал-Хоразмийга ҳавас қилдим", деб жавоб берди.
Мен ҳам ўз навбатида Сардор Холмирзаевга: "Баракалла, ўғлим, келажакда сен ҳам албатта, буюк математик олим бўлгин!", дедим.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади. Ана шундай иқтидорли ўқувчиларимиз эса биз педагогларнинг фахримиздир.
М.РЎЗИМУРОДОВА,
туман ХТБ бошланғич таълим фанлари услубчиси.
ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛИНГ
Бугунги кунда маҳаллалар, таълим муассасалари ва ташкилотларда, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан Янгиравот-1 МФЙда жойлашган 18-умумтаълим мактабида арзонлаштирилган китоб савдо ярмаркаси ташкил этилди. Китоб ярмаркасида мактаб ўқитувчилари, ота-оналар фаол иштирок этишиб, ўзларининг фарзандларига китоблар совға қилишди.

Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Таълим натижалари
- 21 дек, 10:24

Тадбирлар
- 27 ноя, 11:51