ҳуқуқ



Инсон ва қонун

ТАДБИРКОРНИНГ НОҚОНУНИЙ 

ФАОЛИЯТИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Мамлакатимиз Президенти томонидан фуқароларимизнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Минг афсуски, берилган ана шундай қулайлик ва имтиёзлардан тўғри фойдаланмасдан, ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан мўмай даромад олишни ўзига мақсад қилиб олган шахслар ҳам жамиятимизда учраб туради. "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади", деганларидек, ноқонуний тадбиркорлик ҳам эртами, кечми ошкор бўлишини билишсада, айрим кимсалар ана шундай қинғир ишга қўл уришиб, охир-оқибатда минг пушаймон бўлишади.

2020 йил 27 ноябрь куни Департаментнинг Самарқанд вилоят Оқдарё туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текшириш жараёнида Янгиқўрғон МФЙ "Янгиобод" қишлоғида яшовчи З.Ҳалимов (исми-шарифи ўзгартирилган) деган фуқаро ўз яшаш хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан, ДСИ бўлимидан қайд гувоҳномаси олмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Ундан жами олти юз олти минг беш юз сўмлик тадбиркорлик "жин" аппарати арралари,    1 дона "жин" аппарати рамаси, 1 дона двигатель, 50 килограмм пахта чигити, 8 килограмм пахта ашёвий далил сифатида олиниб, баённома тузилганда, сохта тадбиркорлик билан шуғулланган фуқаро қилган ишидан минг пушаймон эканлигини айтиб, кўрсатма берди.

Суд ҳуқуқбузар З.Ҳалимовнинг тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан шуғулланишда ифодаланган хатти-ҳаракатига нисбатан жазо тайинлашда қилмишидан пушаймонлигини, моддий аҳволини, ҳуқуқбузарлигидан тўғри хулоса чиқарганлигини, ишсизлигини, шахсини инобатга олган ҳолда жарима жазоси тайинлади. З.Ҳалимов Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 176-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, жарима давлат даромадига ундирилди. 

 Б.ХАЛИЛОВ,

                             Департаментнинг туман бўлими бошлиғи.

                                             И.ТУРДИЕВ,

                             Департаментнинг туман бўлими инспектори.