ЎЗ КАСБИНИ ЭЪЗОЗЛАГАН АЁЛ

Орамизда шундай инсонлар бўладики, улар умри давомида ўз касби ва ишини севиб виждонан бажаришга ҳаракат қилишади. Ўз касбини ардоқлаб, ҳалол ва заҳматли меҳнати эвазига топган даромадини оиласи, фарзандлари билан биргаликда баҳам кўришни, уларнинг энг яхши кунларига бахшида этишни, шунингдек, ўзининг ҳалол меҳнати билан элу халқимизга беминнат хизмат кўрсатишни ўзининг шарафли иши деб билишади.
Ана шундай меҳнаткаш ва заҳматкаш аёллардан бири Розия Облоқулова мана йигирма йилдирки, туман Ободонлаштириш бўлимида ишлаб келади. Доимо ўз ишига масъулият билан ёндашадиган Розия опани узоқ йиллардан буён  яхши биламан. Бундан анча йиллар илгари Ёшлар Иттифоқида ишлаб юрган кезларим ташкилотга ишга эрта тонгдан келишга тўғри келди. Туман ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси атрофини ободонлаштираётган бир аёлга кўзим тушиб қолди. У  ўша жойни  шу қадар   покиза қилиб тозалаётган эдики, кўрган кишининг баҳри дили очилади. Ундаги ўз ишига бўлган меҳр-муҳаббат, касбига бўлган садоқат унинг юз-кўзида аниқ акс этиб турарди. Бир зум бу аёлнинг ишини кузатар эканман, ўша жойни тезда супуриб бўлиб, атрофга чирой бағишлаб турган анвойи гулларнинг парваришига уннаб кетди. Опахон ўз ишига шу қадар завқ билан берилиб кетган эдики, гўёки чирой очиб турган гуллар билан ўзаро тиллашгандек, ҳар бир гулларни алоҳида парвариш билан кўздан кечирар эди. 
Розия Облоқулова 1974 йилда Лойиш шаҳарчасида туғилган. У туманимиздаги Бўтанош қишлоғилик Жамол Эрназаров билан 1993 йилда оила қурган. Ҳозирги пайтда опахон бир ўғил ва икки қизнинг бахтли онасидир. Турмуш ўртоғи билан биргаликда фарзандларини камолга етказди. Қизлари Шоира ва Гулнораларни турмушга беришди. Айни пайтда ўғли Маъруфжон ҳам вояга етиб улғайди.
- Эрта тонг отиши биланоқ дарҳол ўз ишимга шошаман, -  дейди туман ободонлаштириш бўлимининг ходими Розия Облоқулова. - Бизнинг ишимиз кимлар учундир  оддий касб ва иш бўлиши мумкиндир. Бироқ менга ўз ишим жуда ёқади. Чунки шу ишим билан оиламга ва турмуш ўртоғимга нафим тегаётганидан, кўмаклашаётганимдан жуда мамнунман. Ҳар қандай аёл киши ҳам турмуш ўртоғига яқиндан кўмакчи бўлиши керак.   Ана шунда оила тотув ва иноқ, асосийси мустаҳкам бўлади, деб ўйлайман.
Розия опа билан суҳбатлашар эканман, унинг сўзларидан улар ҳам ҳаётнинг баъзида кутилмаган синовларига сабр билан бардош берганлигини, қийин ва оғир кунларни турмуш ўртоғи билан бирга ҳамжиҳатликда енгиб ўтганлигини, ўзи бардошли ва иродали аёл эканлигини англаб олиш қийин эмас эди. 
Асосийси, ўз ишини севадиган ва уни шараф билан бажаришга ҳаракат қилаётган Розия опанинг ҳали орзулари бир олам. Ўғли Маъруфжонни уйлантириб, сарамжон-сариштали келин олишни ният қилган.
Биз ҳам юртимиз равнақи, халқимиз ободлиги йўлида меҳнат қилаётган шарафли касб эгаси Розия опага ҳамиша яхши орзу-истаклари муштарак бўлишини ва албатта келажакда ўз орзу мақсадларига етишишини тилаб қоламиз. 
Суннатулло ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид: