Санъат мушоҳадалари
ХАЛҚ АРТИСТИ УНВОНИГА ЛОЙИҚ ИНСОН ЭДИ…
Ўзбекистонда хизмат кўр-сатган артист, юксак иқтидор соҳиби, хонанда Раҳматжон Қурбонов билан бундан ўттиз уч йил муқаддам танишган эдим. Ўша пайтда ҳофиз туманимизнинг Чайкал қишлоғида яшовчи Қилич Довуров хонадонида бўлиб ўтган тўйда иштирок этган, камина эса тўйда бошловчилик қилгандим. Самимий ва камтарин бу хонанданинг келганлигини эшитиб, туманимизнинг кўплаб қишлоқларидан мухлислар тўйга келишганди. Базм давомида бу инсоннинг ниҳоятда халқпарвар, камтарин ва билимли эканлигига гувоҳ бўлгандим. Негаки, мухлислар томонидан берилган саволларга жавоб қайтариш билан бирга, уларнинг талабларига биноан бир қанча мумтоз қўшиқларни такрор-такрор ижро этганди. Тўйдан сўнг суҳбат давомида ҳам Раҳматжон Қурбоновнинг буюк санъаткор Комилжон Отаниёзовдан мусиқа сирларини ўрганганлигини, у кишини ўзининг устози эканлигини билиб олгандик. Афсуслар бўлсинки, жорий йилнинг 18 январь куни камтарин санъаткоримиз бу ёруғ дунёни тарк этди.
Жорий йилнинг 20 февраль шанба куни кечки пайтда "Маҳалла" телеканалида Раҳматжон Қурбонов хотирасига бағишланган кўрсатув ташкил этилди. Кечада иштирок этган Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ҳофиз билан боғлиқ хотиралар ҳақида тўхталиб, "Гарчи унга халқ артисти деган унвон берилмаган бўлсада, у халқ артисти эди, халқ уни ниҳоятда севарди", деган сўзлари кўрсатувда иштирок этаётганларнинг дилидаги гаплар бўлди. Кўрсатувда иштирок этган санъат дарғаларидан Ўлмас Расулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборов, ҳофизнинг укаси Шернафас Қурбонов ва бошқалар ҳам Раҳматжон Қурбоновнинг санъатига юксак баҳо бериш билан бирга, унинг билимдонлигига, мумтоз адабиётни чуқур билиш билан бирга ўзи ҳам бир қанча китоблар ёзганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Маданият вазирлиги улуғ ҳофизимизнинг санъат соҳасидаги хизматларини ҳисобга олиб, ўлимидан кейин бўлсада, Ўзбекистон халқ артисти унвони ва "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирлаш учун керакли ташкилотларга тавсиянома юбориши керак. Ана шундай қилинса, ҳофизимизнинг меҳнатига адолатли баҳо берилган бўларди.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Тарсаки ва таклифлар
- 08 янв, 10:50

Оқдарё санъаткорлари
- 08 янв, 10:06