Боғчаларда Наврўз
Наврўз байрамининг юртимизда кенг нишонланиши боқий анъанамиздир. Наврўз - айнан, баркамол авлодни маънан камолга етказувчи халқимизни, қолаверса жаҳон халқларини эзгуликка чорлагувчи байрамга айланди. Жорий йилнинг 12 март куни "Темирак" маҳалласида жойлашган туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилотида "Кел, Наврўзим!" номли маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга мактабгача таълим бўлими мудири Б.Асророва, бўлим ходимлари, барча мактабгача таълим ташкилотларининг директорлари ва тарбиячилари ҳамда маҳалла нуронийлари, ота-оналар таклиф этилди.
Наврўз тантаналари бошлангунга қадар тадбирга ташриф буюрган ота-оналар, маҳалла маъмурияти ва оқсоқоллар боғча биносининг атрофи ҳамда ичкари ўқув хоналарини кўздан кечирдилар. Тарбиячиларнинг машғулотларини кузатиб, хоналарнинг жиҳозланиши, кўргазмалари, ўқув қуроллари ҳамда яратилган шарт-шароитлар, ошхона ходимларининг фаолиятлари билан танишдилар. Кичкинтойлар билан суҳбатлашиб, уларнинг олаётган тарбияси, илми ҳамда тўгараклардаги бажараётган амалий ишларини томоша қилдилар. Тўрт фаслни ўзида акс эттирувчи, миллий анъаналаримиз асосида безалган хоналар кўркига тадбир иштирокчилари юқори баҳо бердилар. Боғча мудираси Дилфуза Қурбонова таълим даргоҳида амалга оширилаётган ўқув-амалиёт ишлари, қурилишлар ва келгуси режалари ҳақида йиғилганларни батафсил таништириб борди.
-"Боғчамизда жами 140 нафар болажонлар тарбияланади, асосий гуруҳимизда 80 нафар, қисқа муддатли гуруҳимизда 60 нафар маҳалламизнинг азиз фарзандлари ҳар кун бизнинг бағримизда бўлади"-дейди мудира мамнун бўлиб. - Маҳалла ходимлари ҳамда ота-оналар билан мунтазам ҳамкорликда ишлаймиз".
Д.Қурбонованинг сўзларини таълим ташкилотининг ота-оналар комиссияси раиси Лобар Қурбонова маъқуллади ва байрам иштирокчиларига ўзаро ҳамкорликларининг натижаларини баён этди.
Боғча мудираси Д.Қурбонова ўз зиммасига юклатилган вазифаларни катта масъулият билан ҳис этади ва шу талабларга жавобан кеча-ю кундуз ота-оналар, маҳалла аҳли орасида элга хизмат қилади. Ушбу маҳалланинг фуқаролари унинг сайловчиларидир, у туман кенгашининг депутати, Халқ Демократик Партиясининг фаоли, туман кенгаши Ёшлар билан ишлаш доимий комиссиясининг аъзоси, 2020 йил депутатлик сўровларининг натижалари бўйича энг юқори кўрсаткичга эришган халқ вакилидир. Бугунги Наврўз айёми унинг ўз сайловчилари билан ҳамкорликда ташкил этган байрам тадбири, деб аталиши мақсадга мувофиқдир.
Боғчада кичкинтойларга таълим бераётган ўрта гуруҳ тарбиячиси Дилноза Умарова, катта гуруҳ тарбиячиси Садорат Абдуллаева, қисқа муддатли гуруҳ мураббийлари Севара Умарова, Гулноза Эркаевалардан болажонлар ва ота-оналар хурсанд. Бу борада ёрдамчи тарбиячилар Гавҳар Мардиева, Гулнора Эргашева, Ноила Холматоваларнинг машғулот ҳамда тўгараклардаги тарбиявий-амалий ишлари салмоқли бўлмоқда. Тадбир давомида ташкилотнинг фаол ходимлари туман мактабгача таълим ташкилотининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Маҳаллага намуна оила бекаси, тўрт фарзандни тарбиялаб вояга етгазган ҳамда олий маълумотли мутахассислар қаторида эл хизматига жойлаган, етти набиранинг суюкли бувижони Д.Қурбонова ўз ташкилотининг ходимларини, тарбияланувчи болажонларини, қолаверса, маҳалла аҳли, барча сайловчиларини, худди ўз оиласининг аъзоларидек қадрлайди, кўнглини олади, хизматини қилади. Уларга ватан ва халқ олдидаги бурч ва мажбуриятларини уқтириб, таълим ҳамда фуқаролик жамияти тараққиётининг ривожланишидаги барча ислоҳатлар ижросини муштарак олиб бормоқда.
Тантанали ўтказилган байрам тадбирида маҳалла онахонларининг фольклор этнографик ансанбли аъзолари ижро этган қўшиқ ва лапарлардан маҳалладошлар хурсанд бўлдилар, рақсга тушдилар. Мактабгача таълим ташкилоти ходимлари миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимиздан бўлган баҳорнинг илк таоми "Сумалак" тайёрлаб барчага улашди.Тадбирда болажонларимиз томонидан ижро этилган қўшиқлар ва рақслар барчани мамнун этди. "Темирак" маҳалласи нуронийлари ушбу йилимизда ҳам халқимизнинг тинчлиги, саломатлиги, осо-йишталиги ҳамда деҳқончиликка, касб-корларига барака тилаб, дуо қилдилар. Тадбир барчага манзур бўлди.
Ўз мухбиримиз.

Наврўз табриклари
- 22 мар, 01:45

Болалар боғчаларида нима гап?
- 04 мар, 11:59

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22