Ҳоким ва китобхонлар.

КУТУБХОНА ВА КИТОБХОН

Туманимизнинг Ахборот-кутубхона маркази ҳар доим китобхонлар билан гавжум, илғор тажрибалар асосида  фаолият олиб бормоқда. Айниқса, яқинда туманимиз ҳокими Н.Сулаймоновнинг аҳоли ва ёшларни китобхонликка қизиқтириш мақсадида ёшлар билан учрашув ҳамда мулоқот ташкил этиб, туман маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан кутубхонага 100 миллион сўмлик 2700 дона турли хилдаги бадиий адабиётлар совға қилганлиги кутубхонамиз ҳамда туманимиз китобхонлари учун бебаҳо совға бўлди.

Кутубхона ўқувчилари мазкур масканда китоб мутолаа қилиш билан бир қаторда турли адабий-бадиий тадбирларда, шоир ва ёзувчилар билан ўтказилаётган  учрашувларда иштирок этмоқдалар.  Ўтган ҳафта давомида  Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовлар таваллудининг 80 йиллигига  бағишлаб "Мен нечун севаман Ўзбекистонни", "Эл ардоғидаги адиб"деб номланган тадбирлар бўлиб ўтди. Кутубхона адабий анжуманларида туманнинг  8, 11, 30, 53, 55, 45-ўрта умумтаълим мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчилари,  туман Маданият бўлими ходимлари,  туман Маънавият ва маърифат маркази ҳамда "Оқдарё овози" газетаси қошида фаолият олиб бораётган "Навниҳол" ижодий клубининг аъзолари фаол иштирок этмоқдалар.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, адиб ва шоира Ойгул Маматова, 45-ИДУМ  она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Юлдуз Нарзуллаева, 55-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Назокат Абдураҳмонова, Ахборот кутубхона маркази  ходимлари Дилнора Ўринова, Абдувоҳид Алимов, Кўзи ожизлар кутубхона филиали мудири Раҳматилло Худойқуловлар барча ўқув-машғулотлари ҳамда  тадбирларимизда кутубхонамиз билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар.

Азиз  юртдошлар, Ахборот кутубхона марказимиз ҳамиша сизларнинг  хизматингизда, ташрифингизга мунтазирмиз. Келинг, муштарийларимиз даврасига қўшилинг. 


Эркинтош АБДУҲАКИМОВА, 

туман Ахборот Кутубхона 

Маркази раҳбари. 


Мавзуга оид: