Кексалик гашти

"НУРОНИЙЛАР" ДАН МАМНУН БЎЛДИМ

Яқинда Тошкентга бордим. Саломатлигимни тиклаш мақсадида Юнусобод туманида жойлашган "Нуронийлар" санаторийсида бир муддат бўлдим. Республикамизнинг турли ҳудудларидан даволаниш ниятида келганлар билан танишдим, дилдан суҳбатлашдим. Уларнинг аксарияти 60 ёшдан ошганлар экан.

Ушбу санаторий 250 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлиги бўлган кекса нуронийлар саломатлигини тиклаш учун мўлжалланган бўлиб, соғломлаштириш масканида яратилган шарт-шароитлардан барча мамнун эканлигининг гувоҳи бўлдим. Негаки, шифокору ҳамшираларнинг ширинсўзлиги ҳам кексаларнинг дардига малҳам-да. Саломатлик посбонлари томонидан кўрсатилган сифатли ва замонавий тиббий муолажалардан сўнг дам олувчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун кутубхона фаолияти йўлга қўйилган, стол тенниси, шахмат ва шашка, бильярд каби  спорт ўйинлари билан шуғулланиш имконияти ҳам мавжуд. Даволанувчиларга тажрибали спорт мураббийи Фарида Ўтаганова бу борада йўл-йўриқ кўрсатади. Спорт мусобақалари ҳам ўтказиб турилади. Шахмат бўйича беллашувда тошкентлик 84 ёшли Мансур ота Турсунов, стол тенниси бўйича сирдарёлик Тошпўлат Жиянов, қашқадарёлик Ҳалим Кўпайсинов, хотин-қизлар ўртасида ўтказилган стол тенниси беллашувида эса самарқандлик Лола Жўраева, югуриш бўйича 83 ёшли Ҳаловат Алиқулова совринли ўринларни  қўлга киритганлигига ҳайратланасан киши.

Кўпчилик спорт фахрийлари ва ҳаваскор спортчиларни илтимосига кўра маданий дам олиш пайти спорт устаси, 1965-72-йиллар собиқ  "Пахтакор" футбол ўйинчиси, футбол фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов билан суҳбат уюштирилди. Спорт фахрийси Т.Исоқов ўз ўтмишидан, афсонавий "Пахтакор" жамоаси ҳақида сўзлаб берди. Бу учрашувдан хурсанд бўлган отахон ва онахонлар эсдалик учун суратларга тушишиб, ўз кайфиятларини кўтаришди.

Санаторийнинг маданият ва маърифат ишлари бўйича ташкилотчиси Юлдуз Асқарбоева ташаббуси билан уюштирилган тадбирлар ҳам барчамизга манзур бўлди.

Бир сўз билан айтганда, "Нуронийлар" санаторийсида дам олган отахону онахонлар соғликларини мустаҳкамлаб, яхши кайфият билан хайрлашишди. Кўплаб таассуротлар оғушида уйга қайтар эканман, ўзимни санаторийдан ёшариб чиққандек ҳис қиляпман.


Бурхон УМИРОВ,

                                        Мустақиллик маҳалласи, 

спорт фахрийси.


Мавзуга оид: