Экстремизмга қарши курашнинг халқаро ҳуқуқий асослари

Экстреместик ва фундаменалистик ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бугунги кунда жаҳонда энг долзарб муаммо бўлим турибди. Чунки бу жиноятлар бир давлат ҳудуди билан чекланмайди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашиниг 2005 йил 14 сентябрдаги Резолюциясининг 1-бандига кўра барча давлатлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, қуйидаги чора-тадбирлар қабул қилишга даъват этилган.
а) миллий қонунчиликда террорчилик ёки бошқа актларни содир қилишга қаратилган далолатчилик қилмишини тақиқлаш; 
б) бундай ҳаракатларни олдини олиш;
с) бундай ҳаракатларни содир этганликда айбли деб ҳисоблаш учун тўғри ва тегишли маълумот, етарли асослар  мавжуд  бўлганида ҳар қандай шахсларга бошпана  беришни рад этиш, мазкур йўналишда  давлатларнинг халқаро ҳамкорлигини давом эттириш.
2004 йил 17 июнда Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан қабул қилинган Тошкент Декларациясида терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашишнинг самарадорлигини оширишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги эътироф этилди ва Ўбекистоннинг янги таҳдидларга қарши курашишни мустаҳкамлаш мақсадида Хавфсизлик Кенгашлари Котиблари учрашувини доимий равишда ўтказиб туриш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди. 2005 йил 5 июлда эса ШҲТга аъзо давлатлар томонидан Қозоғистонинг Астана шаҳрида Терроризм, экстремизм ва сепаратизмларга  қарши кураш бўйича Концепция қабул қилинди. Мазкур Концепция терроризм, экстремизм ва сепаратизмларга  қарши кураш бўйича аъзо давлатларнинг асосий мақсад ва принциплари, йўналиш ва ҳамкорлик шаклларини белгилаб берди. Унда ҳамкорликнинг принциплари сифатида: халқаро ҳуқуқ нормалари ва умумэътироф этадиган тартибларга амал қилиш; ўзаро ишонч: суверенитет, тенглик ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш; терроризм, экстремизм ва сепаратизм ҳаракатларини, ШҲТга аъзо давлатлар қонунчилигига киритилган-киритилмаганлигидан қатъий назар, жиноят деб топиш; бундай жиноятларни содир этган ва уларга алоқадор шахслар ҳамда ташкилотларни қўллаб-қувватламаслик, бошпана бермаслик; уларга қарши муросасиз кураш олиб бориш, жазо тайинлаш; терроризм, экстремизм ва сепаратизмларга қарши ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий ва бошқа чоралар билан курашиш; ҳамкорлик жараёнида олинган ёпиқ характердаги маълумотларнинг ҳимоясини таъминлаш каба чора-тадбирлар белгиланди. 
2006 йил 8 августда терроризм, экстремизм ва сепаратизм каби ҳаракатларга дахлдор шахсларнинг аъзо давлатлар ҳудудига суқулиб кириш йўлларини аниқлаш ва тўсиш бўйича ҳамкорлик, ШҲТнинг Минтақавий антитеррористик тузилмасида ахборотни техникавий муҳофаза қилиш тўғрисидаги Битимлар тасдиқланди.
Ҳозирги кунда терроризм ва экстремизм га қарши олиб борилаётган расмий сиёсатнинг ички миллий чораларини такомиллаштириш, бу жиноятларга қарши курашнинг асослари ва ҳуқуқий базасини кенгайтириш, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлаштириш муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Коллектив хавфсизликни таъминлашда ШҲТ фаолиятидан ташқари МДҲ томонидан ҳам халқаро ҳамкорлик кенгайтирилмоқда. МДҲга аъзо давлатларнинг парламентлараро  ассамблеясиниг 2002 йилдаги 18 ялпи мажлисида "Халқаро терроризмга қарши курашда дунё давлатлари парла- ментлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш тўғрисидаги" қарор қабул қилинди. Қарорда экстремизмга қарши курашни мувофиқлаштирувчи орган тузиш зарурияти мавжудлиги эътироф этилди. МДҲ давлатларида экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши курашда ҳуқуқий механизмни такомиллаштириш мақсадида марказ ходимлари томонидан муҳим юридик ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. 
2005 йил 26 августда МДҲга аъзо давлатларнинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик  Концепцияси қабул қилинди. Унда ҳамкорликнинг мақсади ва вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- МДҲга аъзо давлатларни, уларнинг фуқаролари ва улар ҳудудида яшаётган бошқа шахсларни терроризм ва экстремизм таҳдидидан ҳимоя қилишни таъминлаш;
- ҳар қандай шакл ва кўринишдаги терроризм ва экстремизмни қабул қилмаслик муҳитини яратиш;
- МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида терроризм ва экстремизмни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф қилиш, шунингдек, террорчи ва экстремистик характердаги жиноятларни оқибатларини тугатиш;
- терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
-  МДҲга аъзо давлатлар миллий қонунчилигини халқаро қонун меъёрлари ва принципларига мувофиқлаштириш ҳамда ривожлантириш;
- террорчи ва экстремистик фаолиятни молиялаштиришга қарши курашиш;
- терроризм ва экстремизм тарғиб қилинишига қарши курашиш.
Экстремизм ва фундаментализмга қарши курашни изчил олиб боришда 2006 йил 25 майда қабул қилинган "Мустақил давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Бош прокурорларнинг терроризм ва экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши курашда ҳамкорлиги тўғрисидаги битим" ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу битимга биноан: давлатлар хавфсизлигига таҳдид солаётган террорчи ва бошқа экстремистик ташкилотлар, гуруҳлар, алоҳида шахслар ва улар ўртасидаги алоқаларнинг ўрнатилиши: юқори технологик ва экологик объектларнинг хавфсизлиги: ноқонуний қуролли ташкилотларнинг шакли, мақсади, вазифалари, тактикаси, аъзолари ва бошқалар: уларнинг аниқланган ва тахмин қилинаётган молиялаштириш каналлари, шунингдек, улар фаолиятига молиявий ёрдам кўрсатаётган  шахслар: терроризм ва экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши курашда қонунчиликни, норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш амалиёти: терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришда прокуратура идоралари тажрибаси тўғрисидаги статистик, илмий услубий ва бошқа маълумотларни алмашиш назарда тутилган.
Шунингдек, 2004 йил 15 июнда Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича қўшма деклорация қабул қилинди. Деклорациянинг 8-моддасида терроризм, сепаратизм ва экстремизм давлатлар хавфсизлигига таҳдид солаётгани қайд этилди. Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги келишувга асосан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда минтақада тинчликни сақлаб қолиш мақсадида ҳамкорликни давом эттириш, диний экстремизмнинг турли кўринишларига қарши муттасил кураш олиб боришда янада фаолроқ бўлиш ва ҳамкорликда қарорлар қабул қилиш зарурлиги эътироф этилди.
Бу борада Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳам шартномалар, битимлар тузганини эътироф этиш жоиз. Жумладан,  2005 йил 14 ноябрда тузилиб, 2006 йил 19 июлдан кучга кирган Ўзбекистон билан Россия ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг 6-моддасида: томонлар халқаро терроризм, зўравонлик, экстремизм, оммавий қирғин қуролини тарқатиш, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг, қуролнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, хавфсизликнинг бошқа янги таҳдидлари ва шаклларига қарши ҳаракат қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришлари таъкидланган. 
2006 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги билан Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ўртасида тузилган Битимнинг 2-моддасига кўра, томонлар ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини тенг ҳуқуқлилик, шериклик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида амалга оширишлари эътироф этилди.
Экстремизмга қарши кураш бўйича давлатлараро қабул қилинган ҳар бир ҳужжат миллий конунчиликнинг халқаро нормалар билан уйғунлаштирилишини тақозо этади. Пировард натижада эса, бу турли экстремистик оқимлар, радикал кўринишдаги гуруҳлардан ҳимояланишда кучларнинг бирлашишига олиб келади.
Ф.ФАТУЛЛАЕВ,
 Самарқанд ҳарбий прокурорининг
 ўринбосари.