Оқдарё ижодкорлари

Фахр

        ОНАХОННИНГ ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ


  Ойбозор Суюнова туманимизнинг чекка қишлоқларидан бири бўлган Миёнкол маҳалласига қарашли Оқбуйра қишлоғида истиқомат қилади. Бу онахон 68 баҳорни қаршилаган, 7 нафар фарзандларни ўқитди, тарбиялади, ҳаммасини уйли-жойли қилди. Отаси ўрнида оталик қилди.

  Энг катта қизи Дилдора Мардиева 1973 йилда туғилган, 11-умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳолар билан битирди. Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ устози, марҳум Эргаш Отаёровдан она тили ва адабиёт фанини чуқур ўрганишга, ижод билан шуғулланишга қизиқар эди. Адабиётга, ижодга бўлган қизиқиш уни Тошкент Давлат университети(ҳозирги Тошкент давлат миллий университети)нинг журналистика факультетига етаклади. У университетни муваффақиятли битириб, иш фаолиятини республика телевидениесида оддий журналист сифатида бошлади. Айни пайтда Дилдора Мардиева Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” телеканали муҳарририяти бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Оилада 3 нафар фарзанднинг онаси.

   Президентимизнинг 8 Март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан республикамиздаги  бир гуруҳ фидойи, ташаббускор аёлларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонига кўра тақдирланганлар орасида Дилдора Мардиева ҳам бор. Д.Мардиева жамиятимиз равнақи  йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

     Бундай қувончли хабар республикамиз бўйлаб қанот қоқар экан, фарзандининг бахтидан, улкан ютуғидан боши кўкка етган онахон Ойбозор Суюновани биз ҳам фарзанди эришган юксак мукофот билан самимий муборакбод этамиз.

                                                  Бурхон УМИРОВ,

                                          меҳнат фахрийси.  

Мавзуга оид: