Оқдарё бахшилари

Танишинг: Оқдарё достончилик мактабининг асосчиси

ПАРДА ШОИР ДЎСЁР ЎҒЛИНИ 

 БИЛАСИЗМИ?

- Оқдарёда бахшилар бўлганми? Ушбу саволга жавобни  туманимиздаги кўпчилик  инсонлардан, мутахассислар, ҳатто маданият ва адабиёт, санъат соҳасида ишлаб, раҳбарлик қилаётган мутасаддиларимиздан сўраб келаётган эдик. Афсуски, аниқ жавоб ололмаган эдик.

Президентимизнинг бахшичилик санъатига қаратган эътибори, қатор қарор ва фармонлари асосида амалга оширилаётган тадбирлар ота-боболаримиз тарихидан  мерос бўлган бахшичилик, оқинлик санъатига қайтадан ҳаёт бахш этмоқда. 2019 йил Сурхондарёда ўтказилган   "Халқаро бахшичилик санъатининг I фестивали" Ўзбекистон достончилиги ва бахшилари маҳоратини оламга таратди. Айни кунларда жорий йилнинг апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган "Халқаро бахшичилик санъатининг II фестивали"га тайёргарлик ишлари олдидан яна "Оқдарёда бахшилар бўлганми?"-деган саволимизга жавоб ахтара бошладик. 

- Ҳа, Оқдарёнинг "ўўлва" қишлоғида Парда бахши яшаган. Бу ҳақда туман газетасида, 80-йилларда мақола берилган эди, - деди туман газетасининг муҳаррири Й.Муҳаммадиев. - Ваниҳоят, мустақиллигимиздан илгари фаолият кўрсатган "Ленинизм йўлидан" газетасининг архивлар тўпламидан 1985 йил 26, 28-сонларда чоп этилган, журналист Абдимурод Рўзиевнинг "Парда шоир Дўсёр ўғлини биласизми?" сарлавҳаси билан  эълон қилинган тарихий мақолани топдик. Бу мақолада Парда шоир ва у кишининг оталари Дўсёр бахши тўғрисида ҳамда уларнинг авлодлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган экан. Демак, туманимиз тарихида адабиёт ва санъат билан ҳамнафас бахшичилик санъатининг ўрни ҳам беқиёс бўлган. Оқдарё бахшичилик мактабининг асосчиси Парда шоир Дўсёр ўғлидан бизга кўплаб термалар, қўшиқлар мерос бўлиб қолганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу тарихий воқеа ҳамда  фактлар қалбимизда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди.(Абдимурод Рўзиевнинг "Парда шоир Дўсёр ўғлини биласизми?"номли мақоласи "Оқдарё овози" газетасининг электрон сайтида тўлиқ эълон қилинади)

Ўтган асрнинг 60-йиллари охирларида Самарқанд Давлат Университети ўзбек филологияси факультети толиби Абдимурод Рўзиев ўзининг "диплом иши" мавзусида, айнан, оқдарёлик бахши шоирлар ҳаёти ва ижодини ўрганишни мақсад қилиб, илмий иш бажаради ва орадан кўп йиллар ўтгач газета учун ушбу мақолани тайёрлайди:

- Студентлик йилларим эди. Бизни ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари, халқ шевасини ўрганиш ва тўплаш учун бир ойлик "командировка"га жўнатишди. Курсимиздаги гуруҳ талабалари билан республикамизнинг турли район ва қишлоқларида бўлдик. Жамоамиз Жомбой, Пайариқ, Иштихон ва Оқдарё туманларидаги қишлоқларни кезиб, халқ дурдоналарини тўплай бошладик, - дейди мақола муаллифи.  

Иштихоннинг  Митан қишлоғидан Олим шоир, Пайариқдан Алим латифачи, жомбойлик Қирон ўланчиларни ўшанда топиб, мулоқотда бўлгандик. Улардан бири Оқдарёда Парда шоир борлигини айтганида, албатта, шу одам билан ҳам учрашишни кўнглимга тугиб қўйдим. 

Мен Парда шоирнинг қайси қишлоқда яшаётганини аниқ билмаганим учун, халқ оғзаки ижоди намуналарига қизиқувчилар билан йўл- йўлакай танишиб, Парда бобонинг адресини ҳам суриштирдим. Бу орада Ленин номли колхознинг Темирак қишлоғидан 62 ёшли Карвон бобо,"Гулистон" колхозининг Янгикент қишлоғидан Рашид нақалчи каби ҳозиржавоб кишиларни учратдим. Улардан "Москва" колхози (Ҳозирги Карл Маркс номли колхознинг Эшон қишлоғи)да Парда шоирнинг истиқомат қилаётганлигини билиб олдим. 

1968 йилнинг асад ойи бошлари эди. Эшон қишлоғига бошловчи йўл бошида кўриниши зиёли бир одамдан Парда бобонинг уйини сўрадим. - Ҳа, Парда шоирми, шу йўлдан тўғри кетаверасиз, ўнг томондан яна битта торгина йўл чиқади. Ана шу сўқмоқ бўйлаб борсангиз бахшининг уйи устидан чиқасиз.

- Кечирасиз, бахши дедингизми? - сўрадим нотаниш кишидан. Бизлар томонда у кишини шоир, бахши деб юритишади. Чунки ўтиришнинг гули, кишини ҳеч зериктирмайди. Узоқ-узоқларга ҳам бобони қўярда-қўймай олиб бориб достон, терма ва ғазаллар айттиришади.

Менинг кўнглим анча таскин топди. Назаримда катта хазина топиб олгандек бўлдим. Айни туш пайти. Ҳаво сели атрофни тандирдек қиздирган бир паллада манзилга етиб келдим.  

- Ассалому алайкум! Назаримда у киши эшитмаган кўринди. Яна салом бердим. 

- Ваалейкум ассалом, кел, кел, чорпояга чиқ, - деб илтифот кўрсатди бобо ва чой опке, меҳмон келди, - деди кимнидир отини тутиб чақираркан. Ичкаридан ўрта бўйли, ёши 60 ни қоралаган бир аёл чиқиб келди-да, сўрашгач, бўш чойнакни олиб кетди.

- Бу киши каминанинг маликаи хиромони бўладилар, - деб таништирди бобо аёлининг орқасидан кулимсираб пиёлани менга узатаркан. 

- Хўш, қани, хизмат, қаерлардан сўраймиз, йигит?

Мен ўз мақсадимни тушунтиргач, бобо қошларини чимириб, кўркам соқолини панжалари билан оҳиста силади. 

- Бобо, менинг ўзим шу райондан, қолаверса, студентман, практикадамиз. Шунинг учун топшириқ билан келгандим. Бобонинг ёши 70 дан ошган бўлсада , ҳали анча тетик ва бардам эди. Уй ишларига ҳам аралашиб кетаверар, ўт ўриб молларига соларди. - Ҳа, майли хафа бўлма, бир оз дамингни ола тур, айтсак айтдик-да, - деди бобо термалар айиб беришга розилик билдириб.     

Парда шоир ўз ёшлигини эслади: "Менинг отам Дўсёр машҳур достончи Эргаш Жуманбулбул ўғли билан яқиндан таниш эди. Бундай олиб қараганда қуда-қудағайчилик бўлгани учун борди-келдимиз бор эди. Отам баъзан мени ҳам Қўшработга олиб борар, йиғинларда, достон, шеърхонлик кечаларида қатнашардилар. Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳам бизнинг қишлоққа келиб, ҳафталаб қолиб кетар, кеч пайтларида ўлан, терма, ҳатто достонлар айтишиб, кўнгилларининг чигалларини ёйишар эди. Отам ҳам дўмбира чертиб достон, термалар айтарди. Менинг янгичадан асло саводим йўқ. Лекин эшитганларимни ҳеч ҳам эсимдан чиқармайман, уларга баъзан ўзим ҳам қўшимча байтлар тўқиб тураман.

Ҳали-ҳали эсимда, ўша кунларнинг бирида қишлоқдошларимиздан бири бобони тўйга таклиф қилди. У киши мени ҳам қўймай бирга олиб бордилар. Айни туш пайти давра кенг олинган. Ўтирганлар бобонинг истиқболига туриб, ҳурмат билан тўрга таклиф  этишди. Дастурхон устида ўтирганлар бободан бирор нарса айтиб беришни қисташар эди. Бири "Чигиртка"ни эшитмоқчи бўлса, яна бири достонлардан парча айтиб беришни сўрар, яна бири Машраб ёки Ҳазрати Навоий ғазалларидан эшитиш истагини билдиришарди.  - Ҳаммасидан ҳам, ҳу-у Маҳмудалининг уйида айтилган "Кал"ни яна бир бор эшитайлик. Кўпчилик маъқуллагач, бахши куйлай бошлади:

Саратонда тошар дарёнинг музи,

Хаси-хашаклари муз билан келар.

Созанда нашъаси соз билан келар,

Ҳиндистон турнаси ёз билан келар.

Туянинг нашъаси туз билан келар,

Айни пайти саҳар чоғи бўлганда,

Кампирнинг чағ-чағи чол билан келар. 

Йўрғанинг нашъаси йўл билан келар,

Ширанинг айиши бол билан келар.

Жовза кириб, саратонга таянса,

Чивиннинг айиши кал билан келар. 

Кални ҳам айб айламанг,

Кал ҳам худо бандаси.

Қиш бўлса одамсифат,

Ёзнинг ул шармандаси. 

Ўзбек халқ достонларида ғирот, ғиркўк, чавондозлик, паҳлавонлик каби сўзлар кўп ишлатилади. Парда бахши репертуарида ҳам отга меҳр қўйиш, ана шу жонивор орқали жанг майдонларида паҳлавонлик кўрсатиш мумкинлиги ишонарли қилиб тасвирлаб берилган:

От йигитнинг йўлдоши

Ўғил давлатнинг боши.

Қиз дегани кўнгил хуши,

ўирот керакдир йигитга,

Отни минсанг олтойдан сўнг тўлатиб,

Доим берсанг арпасини элатиб,

Аччиғланиб отни миниб чиққанда,

Душманлардан орни олар йиғлатиб.

Кўпкаридан солиб кетсанг қулатиб,

Бир арғумоқ от даркордир йигитга.

Мен Парда шоир Дўсёр ўғлининг қобилияти, тасаввурининг кучлилигидан, унинг хотирасига шунча достон ва термалар, ғазалларни сиғдира олганига қойил қолиб, катта таассуротлар билан университетга қайтдим,- дейди муаллиф мақола сўнгида. 

А.Рўзиев орадан ўн етти йил ўтгач яна шоирнинг хонадонига ташриф буюради. Афсуски, Парда шоир Дўсёр ўғли 86 ёшида оламдан ўтганлиги, бобонинг уч ўғил фарзанди - Оқбўта, Абдуҳаким ва Карим Пардаевлардан 25 набираси, 57 чевараси борлиги ва уларнининг касб-корлари, боболари тўғрисидаги хотираларини ёзиб қолдирган.

Биз эса, орадан 36 йил ўтгач, яна ушбу мавзуга қайтдик. Орадаги кўп йиллик сукунат қалбимизда "Оқдарёда ҳам бахши бўлганми?" деган саволнинг туғилишига сабаб бўлди. Бу эътиборсизлик бизнинг Оқдарё адабий-маданий муҳити тараққиётидаги, айниқса, бахшичилик санъатидан йироқлашиб кетган туманимиз ёшлари маънавияти олдидаги катта хатомиздир. Қўшни Пайариқ, Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Нарпай ҳамда Нуробод ва бошқа туманлардаги бахшилар ижоди ва уларнинг халқаро фестивалларда иштирок этиб, халқимиз орасида, тўйларимизда термалар айтиб эришаётган ютуқларига ҳавас қилсак арзийди. Оқдарёда эса, бахшиларимиз, айниқса, устоз-шогирдлик анъаналарига содиқ ёш санъаткорларимизнинг дўмбира чертиб, Дўсёр бахши, Парда  шоир боболаримизнинг руҳини шод, халқимизни хурсанд этишларини орзу қиляпмиз.

Оққан дарё яна оқади. Биз Парда шоир бобомизнинг кейинги авлодларини суриштириб, бир қанча маълумотлар йиғдик. Парда  бобо яшаган, бахши ва шоирлар гурунгининг гувоҳи, мезбони бўлган уйни набира ва чеваралари ҳанузгача бузмасдан, дўмбираларини ҳам асраб келишган экан, афсуски ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, уйни ўтган йилда бузишибди ва суратини сақлаб қолишибди. Парда шоир Дўсёр ўғлининг эсдалик учун қолдирилган ягона сурати бор, уни ҳам бобонинг ўғиллари, невара ва чеваралари  ёдгорлик сифатида сақлаб келмоқдалар. "ўўлва" (Эшон) қишлоғида яшовчи аҳоли деярли бахши шоирнинг авлодлари, оғайни-уруғлари десак муболаға эмас.

Фермер ва тадбиркор Абдуназар Абдураҳмонов она томондан шоирнинг қариндоши эканлигини таъкидлаб, бир қатор      шеърларини, хусусан "Чигиртка" термасини ёддан айтиб бериши Парда бобонинг бахшичилик санъати ҳамон авлодлари қонида давом этаётганидан далолатдир. Парда шоирнинг тўнғич  фарзанди Оқбўта бобонинг набираси Бахтигулнинг ёшлигидан адабиётга, шеъриятга ҳаваси катта эди. Бахши боболари ҳақида эшитган воқеалар, термалар, қўшиқлар унинг ҳамон хотирасида сақланиб қолган. "ўўлва" қишлоғидаги 11-сон ўрта умумтаълим мактабида ўқиб юрган пайтларида устозлари Раҳмон Жўрақулов, Эрка Суюндиковлар адабиётга ошуфта қизнинг қулоғига бобоси Парда бахши Дўсёр ўғлининг маш-ҳур бахши бўлганлиги, унинг изини авлодлари, невара, чеваралари босишлари кераклиги ҳақида жуда кўп уқтиришар эдилар. Бахтигул Оқбўтаева Самарқанд Давлат Университетининг журналистика бўлимида ўқиб, билимларини оширди. Бугунги кунда нуфузли ташкилотлардан бирининг ахборот хизматида фаолият юритмоқда.

Тақдири азални қарангки, А.Рўзиевнинг мақоласида таъкидланган Парда шоирнинг "Эргаш Жуманбулбул билан отамиз Дўсёр бахшининг қуда-андачиликлари бор эди" деган  маълумотларининг ҳалигача давом этиб келаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг қиз эвараси Ҳикмат она Нурбоеванинг ўғли,яъни Эргаш Жуманбулбул чевараси Комил Қаршиев, Парда шоирнинг чевараси Бахтигул Оқбўтаева турмуш қуришган ва ҳозирда уч нафар ширин фарзанларини тарбиялаб, улғайтирмоқдалар. 

Парда шоир бобомизнинг набираси Комил Пардаев тарих фанлари номзоди, Республикамизнинг таниқли тарихчи олимларидан бири эди. "Миёнкол тарихи" китобида ота-боболари яшаган диёр тарихини, халқининг ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётини  ёзиб қолдирди.    

Бугунги кунда Оқдарё достончилик мактабининг асосчиси Парда шоир Дўсёр ўғлининг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Шоирнинг қабрини ободонлаштириш, яқин кунларда туманимиз миқ-ёсида хотира тадбири ташкиллаштириб, вилоятимиздан ташриф буюраётган бахшиларини кутиб олиш, "Қадриятфильм"нинг "Самарқанд бахшилари" фильмига оқдарёлик бахшиларнинг ҳаёти ва ижодлари тўғрисидаги тасвирларни тушириш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Хуллас, бундан буён "Оқдарёда  бахшилар бўлганми?" деган саволга ҳожат қолмайди. Туманимизда фаолият юритаётган болалар  мусиқа ва санъат мактабларида Парда шоир Дўсёр ўғлининг издошлари боболарининг достончилик мактабларини очадилар, қолаверса, ҳар бир мактаб ва маҳаллаларда, тўй ва байрамларимизда достонлар, халқона термалар, лапарлар бахшиларимиз томонидан янграб туради, деб ишонамиз.  

Оқдарёлик бахши Парда шоир Дўсёр ўғли ҳақида самарқандлик бахшилар термалар ёзиб, қўшиқлар куйламоқдалар.  


Ойгул Маматова, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Халқаро "Олтин мерос" 

хайрия жамоат фонди туман 

муассасасининг раҳбари.