Тозалик-ободончилик
МУАММОЛАР ҚАЧОН ЕЧИМ ТОПАДИ?
Туманимизда кенг ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Бу албатта, яхши. Аммо шундай ҳолатлар ҳам борки, уни кўриб, таъбимиз хира тортади.
Сўнгги пайтларда юртимизда маиший чиқиндилар билан боғлиқ қарор ва фармонлар қабул қилинганлигига қарамасдан, ҳанузгача соҳага бир томонлама ёндашилмоқда. Натижада, аҳоли ва айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланмаган жойлар, катта йўлнинг ёқалари, очиқ сув ҳавзалари ва қирғоқ бўйларига маиший чиқиндиларни кўр-кўрона ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелда қабул қилинган “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан маиший чиқиндиларни ташиш билан шуғулланадиган “Тоза ҳудуд” ДУК ва кластерлар ташкил этилган эди. Санитар тозалаш тизимлари замонавий техникалар билан таъминланди. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим фуқароларда экологик-санитар маданиятнинг етишмаслиги оқибатида чиқиндилар белгиланмаган жойларга тўкиб кетилмоқда. Бу, ўз навбатида, атроф-муҳитнинг ифлосланишига ҳамда турли хил юқумли касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
“Янгиравот-1” маҳалласи ҳудуди «Зарфшон» жамоа хўжалигининг собиқ фермаси ўрнидаги ўтувчи йўлда, яъни ўалаба ва Жарбўта қишлоқларига олиб борадиган автомобил қатнов йўлининг ёқасида аҳоли, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ноқонуний равишда маиший, қаттиқ, айрим жойларда суюқ чиқиндилар ташлаб кетилганлигига гувоҳ бўласиз. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқлар ва шу жумладан, газетамизнинг саҳифаларида мақолалар чоп этилди. Шунингдек, маҳаллаларда кенг жамоатчилик иштирокида кўплаб давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилишига қарамасдан, ҳали-ҳамон чиқиндиларни дуч келган ерга тўкиб кетиш ҳолатлари учрамоқда.
Шу сабабли, таълим муассасаларида маҳаллаларда ўқитувчилар ва имом хатиблар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши орқали фуқароларнинг экологик маданиятини ошириш, бунинг натижасида ҳар бир фуқаро она табиатни асраш, турли хил зарарли чиқиндилардан тозалаш, ободонлаштириш каби хайрли ишларга бош қўшса, нур устига нур бўлар эди.
Атроф-муҳитни асраш, ободонлаштириш, мусаффо табиатимизни келажак авлодларга ўз ҳолича етказиш Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси учун муқаддас бурч эканлигини унутмайлик!
Кенжа Ботир.
Сиз кўриб турган суратда “Янгиравот-1” маҳалласи Ферма қишлоғидан ўтган автомобил йўлининг ёқасида жойлашган ноқонуний чиқиндихонани кўриб турибсиз.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22