МИНГ ТАСАННО СИЗГА, САЛОМАТЛИК ПОСБОНЛАРИ!

Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш биринчи галдаги ва долзарб вазифа ҳисобланади. Шу боисдан ҳам мамлакатимиздаги туб янгиланишлар ижтимоий ҳаётнинг муҳим йўналишлари бўлган тинчлик ва осойишталикни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдан бошлангани бежиз эмас. Чунки соғлик ва тинчлик инсон учун энг улуғ ва ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас неъматдир.
Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин. Шундай экан, ушбу касб соҳибларини "саломатлик посбонлари", деб атаймиз. Улар тиббиёт ходимларидир. Бундай аталишининг сабаби эса ҳаммамизга яхши маълум. Саломатлигимиз посбонлари бўлган шифокорларимиз туну кун соғлигимиз хусусида қайғуриб, курашадилар.
Маълумки, республикамизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси "Тиббиёт ходимлари куни" деб эълон қилинган. Шу муносабат билан, туман Тиббиёт бирлашмасининг Асаб касалликлари (Неврология)  бўлимида бўлиб, бўлимда беморлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, бу ерда фаолият кўрсатаётган оқ халатли шифокорлар, дардига даво топаётган беморлар билан суҳбатлашдик:
- Мамлакатимизда тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳоли соғлигини сақлаш, муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмунан янги  босқичга кўтарилди, - дейди бўлим бошлиғи Туюн Эшназаров. - Туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган "Асаб касалликлари" бўлимида даволаш ишлари Ўзбекистон Республикаси ССВ томонидан белгиланган стандартлар асосида олиб борилмоқда. Асаб касалликларини ўз вақтида ташхислаш учун ЭЭГ, ЭХО аппарати ва рентген аппарати, бўйин, бел умуртқаларини чўзиш аппаратлари билан таъминланган. Бўлимда яратилган шарт-шароитлар яхши. Яқинда махсус режали бўлим учун қурилган янги бинога кўчиб ўтилади. Бўлимда асаб тизимига боғлиқ бўлган барча беморлар даволанади.
Бугунги кунда бўлимда 2 нафар тажрибали, қўли эм шифокорлар - Туюн Эшназаров, Алишер Раббимов ҳамда 9 нафар ҳамшира, 7 нафар тозалик бекалари туманимиз халқининг саломатлигини сақлашдек эзгу мақсад йўлида фидокорлик кўрсатишмоқда. Шунингдек,  КТМП 1-тоифали шифокори Толиб Мардиев, 2-тоифали шифокор Озода Маматқуловалар ҳам бу борада яқиндан ёрдам беришмоқда. Бўлимнинг олий тоифали ҳамшираси Дилрабо Эшонқулова, Нилуфар Эшназарова, Маҳфуза Мардиеваларнинг номларини ҳам алоҳида тилга олсак арзийди. Негаки, халқимиз саломатлиги йўлида куну тун тиним билмасдан ўз ҳаловатидан кечиб фидокорлик кўрсатаётган бу шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан қанчадан қанча беморларнинг соғлигига соғлик, умрига умр қўшилаётганлиги албатта таҳсинга сазовордир.  
Дарҳақиқат, эгнига оқ либос кийиб, халқимизга ҳам руҳий, ҳам жисмоний соғлик улашувчи саломатлик посбонлари инсон саломатлиги учун масъул бўлган, улар умрининг бардавом бўлиши учун жон куйдиришга тайёр турган Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларидир. Ушбу олижаноб ишга ўз ҳаётини бахшида этган сиз, азизларни Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан чин дилдан табриклаймиз, масъулиятли ва шарафли вазифаларингизда улкан зафарлар тилаймиз.
Касб байрамингиз муборак бўлсин!
                                     Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид: