ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН УМР

Хосият она Ҳайдарова 97 ёшни қаршиламоқда. У 1926 йилда Чорбоғ маҳалласида туғилган. 1947 йилда Эргаш бобо Ҳайдаров билан оила қуради. Оилада 3 ўғил, 5 қизни тарбиялаб, бугунги кунда фарзандлари жамиятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилиб келишмоқда. Катта ўғли Раҳмон Ҳайдаровни тумандошларимиз фидойи раҳбар сифатида ёд этишади.
-  Менинг бобом Мустақиллик қишлоғи учун кўплаб хайрли ишлар қилган, -   дейди Олимжон Эргашев. Эргаш бобом колхозда бригада бошлиғи бўлиб ишлаган кезлари қишлоғимизни обод қилишга катта ҳисса қўшганлар. Бевосита ташаббуси билан тутзорлар ташкил этган. Кўчаларнинг ёқаларига ўтқазилган тут дарахтлари бугунги кунгача ипак қурти етиштириш учун хизмат қилиб келади. Шундай инсоннинг набираси бўлганлигимдан фахр ва ғурурга тўламан.
100 ёшга яқинлашган Хосият она 27 нафар набиралари, 53 нафар чевара ҳамда 6 нафар эваларининг ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Пиру бадавлат онахон бугунги тинч ва осойишта кунларни қадрлаш керак эканлигини айтади. Ҳаёт бу буюк неъмат эканлигини, унда яхши яшаш учун фақат илм-фазилатли ва меҳнатсеварлик билан жавоб бериш кераклигини сўзлашдан тўхтамайди. 
- Ҳали ҳамон ўша уруш йилларидаги биз кўрган қийинчилик, машаққатлар билан ўтган йилларни  эслаб, ҳеч қачон дунёда уруш бўлмасин, деб набираларимга гапириб тураман, - дейди Хосият она Ҳайдарова. - Ўша вақтларда қишлоғимизда эркаклар жуда озчиликни ташкил қилар, борлари ҳам урушга кетишганди. Биз бола бўлишимизга қарамасдан қишлоқ хўжалиги ишларига ёрдамлашар эдик. Яхши эслайман оёқ яланг ҳолда, оқшомлари фонус тутган ҳолда пахта ишловларига унаб кетардим. Пахта чопардим, хуллас пахта майдонида умримни меҳнат билан ўтказардим. Очарчилик, етишмовчиликлар, азоб ва уқубатлар, буларнинг барчасига уруш сабабчидир. Урушдан кейин Эргаш ака билан оила қуриб саккиз фарзандни тарбияладик. Мана энди фарзандлар ва набиралар қуршовида соғ-саломатлигимдан беҳад шодман.
- Онамдаги яшашга бўлган курашувчанлик, ғайрат-шижоат, сабр-қаноат ва матонати менга ҳамиша куч бағишлаган, - дейди Сайёра Ҳайдарова. - Онам экинларни парваришлаши, гулларга бўлган муҳаббати бизга ҳамиша ибрат бўлган. Ҳаётидаги қийинчиликлар-у, айниқса уруш вақтидаги синовларга меҳнати билан бардош берганлиги таҳсинга лойиқ деб биламан. Биз ҳар йили Наврўз байрами арафасида миллий таомимиз саналган сумалак тайёрлаймиз. Ушбу анъанамизни давом эттирган ҳолда яқинда сумалак таомини тайёрладик. Набира ва чеваралар ташаббуси билан ташкил этилган сумалак сайли атрофида  тўпланган барчамиз бугунги осойишта кунларга яна бир шукроналар айтиб, дуога қўл очдик.
Орамизда Хосият она сингари оилапарвар, миллатпарвар, ва юртсевар оналаримиз жуда кўп. Уларни асраб-авайлаш, босиб ўтган ҳаёт йўлларини ўсиб келаётган ёш авлодга намуна қилиб кўрсатиш керак. Зеро, Хосият она сингари меҳнаткаш ва заҳматкаш онахонларимизни ардоқлаган юртнинг келажаги албатта буюк бўлади.
Суннатулло ИБРАГИМОВ.