ҚИШДА БУЛҒОР ҚАЛАМПИРИ ЕТИЛДИ

Мана 2023 йил ҳам якунланиб бормоқда. Яна саноқли кунлардан сўнг янги 2024 йилни бир олам қувончлар билан қарши олиш тараддудидадамиз. Кириб келаётган Янги йил-да дастурхонимизни озиқ-овқат маҳсулотларисиз тасаввур эта олмаймиз. Бободеҳ-қонларимиз катта машаққатлар эвазига етиштирган ҳосилни қорли-совуқли кунлардан асраш ва шу билан бирга қишки иссиқхоналарда помидор, бодринг, булғор қалампири ва цитрус меваларни парваришлаш ўз-ўзидан бўлмайди, ахир. Албатта, катта тажриба, меҳнат талаб этади. Ана шундай меҳнаткаш ва тиришқоқ инсонлардан бири «Ўзбекистон» маҳалласининг Болта қишлоғидан касби шифокор бўлган Улуғбек ака Темировдир. У  ўзи яшаб турган хонадонида икки сотихли жойда иссиқхона ташкил этган.

- Иссиқхонамизга август ойи бошларида булғор қалампири ниҳолларини қададик, - дейди Улуғбек ака ҳосилга кирган экинларни кўрсатиб туриб. - Кўриб турганингиздек, иссиқхонада экилган минг туп ниҳолларнинг қарийб барчаси ҳосилга кирмоқда.  Уч хил турдаги яъни, сариқ, яшил ва қизил рангга кирадиган булғор қалампир экинлари янги йил дастурхонларимизни безайди, деган умиддамиз.

Улуғбек ака туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлимида болалар шифокори вазифасида ишлаб келаётир. Ишдан ташқари эса мароқли меҳнат билан ўтказишга вақт ажратади. Унга яқиндан турмуш ўртоғи Зумрад опа Абдуллаева кўмаклашади. 

Мазкур оила аъзолари ҳар бири куннинг маълум бир қисмини самарали меҳнат билан ўтказишади. Асосан, деҳқончилик ва  чорвачилик билан шуғуллланиб, қилинган саъй-ҳаракатларига яраша даромад ҳам яхшигина. Иссиқхонада парваришланаётган булғор қалампирлари қишда ҳам худди ёздагидай гуркираб турганини кўриб кўзингиз қувнайди. Доимо касбини шарафлайдиган, ўз оиласининг фаровонлиги йўлида тиниб-тинчимайдиган Улуғбек аканинг келгусидаги барча ишларига омад тилаймиз.

С.ИБРАГИМОВ.




Мавзуга оид: