Шарафли касб эгалари ЭЛ АРДОҒИДАГИ МУАЛЛИМА

Мен аёл зотини муқаддас билдим,
У Момо Ҳавонинг буюк авлоди.
Мен аёл зотида бир жаҳон кўрдим,
У барча инсоннинг маъсум бунёди...
                                              Абдусаид Кўчимов. 
    Марҳамат Диёрова 1957 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. 1974 йилда ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатиб, Самарқанд Давлат университетининг математика факультетига ўқишга қабул қилинди. 1978 йилда бу олийгоҳни муваффақиятли тугатиб,  илк меҳнат фаолиятини  1978-1979-йилларда Гулистон Давлат университетининг математика факультетида талаба ёшларга билим беришдан бошлаган. 1979 йилдан то шу бугунгача туманимиздаги 40-умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси сифатида ўз касбини шарафлаб келмоқда. Муаллиманинг 46 йиллик меҳнат фаолиятини касбдошлари ҳам ўз ишига ўта масъулиятли билимли, ташкилотчи, самимий ва касбини жонидан ортиқ кўрадиган устоз деб таъриф беришади.
   Ёшларга таълим беришни ҳаётининг мазмунига айлантирган Марҳамат Диёрованинг фарзандлари ҳақида сўз кетар экан, уларнинг ҳаммаси яхши таълим-тарбия олиб, олий маълумотли бўлишган ва жамиятимизнинг турли соҳаларида юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Катта фарзанди Феруза Диёрова СамДУнинг ижтимоий фанлар факультетида таҳсилган олган ва ҳозирда Жомбой туманидаги якка тартибдаги хусусий боғчанинг раҳбари бўлса, Зарина Диёрова эса СамДУнинг Бошланғич таълим факултетини тамомлаган. У айни пайтда эса шу мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида самарали фаолият юритмоқда. Ўғли Восил Диёров Самарқанд Иқтисодиёт институтини битирган. Бугунги кунда “Қобил қурувчи” масъулияти чекланган жамиятининг директори вазифасида меҳнат қилаётган бўлса, кенжа қизи Малика Диёрова Самарқанд Тиббиёт институтида ўқиган. У вилоят кўп тармоқли шифохонасида халқ саломатлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
    Устознинг юзлаб шогирдлари ҳам турли масъул вазифаларда Ватан равнақи йўлида камарбастадир. Энг билимдон ўқувчилари орасидан Анвар Ҳайдаров Марказий банкининг ўринбосари лавозимида ҳам ўз вақтида ишлаган ва ҳозирда хусусий тадбиркорлик раҳбари ҳисобланади. Ғулом Зоҳидов Тошкент шаҳри минтақавий йўлларга буюртмачи ҳизмати давлат муассасаси директори бўлса, Юлдуз Абдусаидова, Зарина Толлибоевалар 40-мактабда ўқитувчилик қилишмоқда. Бундай рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
  - Муаллимлик касбида кенг билим, ўз устида ишлаш, тинимсиз изланиш, талабчанлик ва қизиқувчанликни ўзида шакллантира билганлар, албатта ўқувчилари ва ота-оналарининг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлади, - дейди маҳоратли педагог Марҳамат Диёрова. - Шундай экан, бу касбнинг   масъулиятини чуқур англаган ҳар бир педагогнинг эртанги фаолияти кенг ва ёруғдир. Унга  омад билан муваффақият ёнма-ён бўлиши ҳеч шубҳасиздир.
   Бир сўз билан айтганда, Марҳамат Диёрова педагоглик касбидан халқ меҳрига эришди. Қолаверса, у кишига шогирдларининг алоҳида эҳтироми бор. Фурсатдан фойдаланиб, фидойи муаллимани 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан қутлаган ҳолда энг гўзал тилакларимизни армуғон этамиз.
                                    Суннатулло ИБРАГИМОВ,
                                                     журналист.