Ўз касбининг фидойилари ШИРИН СЎЗЛИ ШИФОКОР

Иш юзасидан Суғончи маҳалласига боргандим. Бу ҳудудда Янгиқўрғон оилавий поликлиникасининг Суғончи филиали билан бирга тез тиббий ёрдам шахобчаси аҳолига хизмат қилади. Мазкур оилавий пунктда ёши улуғ бўлган тажрибали врач қабулига келган болажонларнинг ҳар бирига бор меҳр-муҳаббатини бериб даволаётганлиги, керакли муолажа ва маслаҳатларини тушунтираётганлиги менда катта қизиқиш уйғотди. Шу боисдан ҳам бундай жонкуяр, ўз ишига катта масъулият билан ёндашаётган шифокорни сиз азиз муштарийларга ҳам таништиргим келди.
Барногул Атамуродова 1963 йили Янгиқўрғон шаҳарчасида туғилган. 1987 йилдан буён Янгиқўрғон оилавий поликлиникасида педиатр врач вазифасида ишлаган бўлса, ўттиз тўрт йил давомида шу жойда истиқомат қилувчи аҳолига хизмат кўрсатди. Мана уч йилдан буён эса Суғончи оилавий шифокорлик пунктида фаолият кўрсатмоқда. Жонкуяр шифокор  айни пайтда ҳам рўйхатга олинган 140 нафар болажонларнинг саломатлигини асраш борасида бор билим ва тажрибаларини ишга солиб меҳнат қилаётир. 
Суғончи оилавий шифокорлик пунктида бугунги кунда 2 нафар шифокор, 10 нафар  ҳамшира 5895 нафар аҳолига беминнат хизмат кўрсатишмоқда. Аҳолининг 2374 нафари 18 ёшгача, 1047 нафари эса туғруқ ёшидаги аёлларни ташкил этади. 
- Қўли енгил шифокор Барногул Атамуродова биз билан бир жамоада фаолият кўрсатаётганлиги албатта барчамиз учун катта шараф, - дейди Суғончи оилавий шифокорлик пунктининг мудири Ўғилой Ўтаева. - У киши ўзининг кўп йиллик билим ва бой ҳаётий тажрибаси, ўз касбини севиши, беморлар билан самимий муомаласи билан маҳалла аҳлининг меҳрига сазовор бўлди.  
- Шифокорликни ўқиш даврим билан бирга амалиёт жараёнларида қўллаганлигим менга катта ишонч берди, - дейди Суғончи оилавий шифокорлик пунктининг педиатр шифокори Барногул Атамуродова. - Биз шифокорлар халқнинг дардини тинглай олишимиз, айниқса, уларга очиқ табассум билан муомалада бўлишимиз жуда муҳим ҳисобланади. Негаки, биз ўзимизнинг ширинсўзлигимиз, ўз касбимизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз билан ҳузуримизга даво излаб келган  ҳар бир беморнинг соғайиб кетишига сабабчи бўлишимиз мумкин.
Негаки, шифокор қанчалик ширин сухан бўлса, ўз касбини жон-дилидан севса, бундай тиббиёт ходимларининг ҳар бир сўзи керак бўлса дори-дармондан ҳам яхшироқ   шифо бўлиши тўғрисида устозларимдан кўп эшитган эдим.
Дарҳақиқат, Барногул Атамуродова ўз касбига содиқ қолган жонкуяр ва фидойи шифокор, десам ҳеч муболаға бўлмас. Зеро, эл корига камарбаста бўлаётган бундай қўли эм шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қанчадан қанча беморларимизнинг соғлигига соғлик, умрига умр қўшилаётганлиги айни ҳақиқат.
Биз ҳам ўз навбатида халқ хизматида тинмай меҳнат қилаётган олижаноб касб эгалари бўлган шифокорларимизни энг севимли байрамларимиздан бири бўлган Наврўз айёми билан муборакбод этамиз!
Суннатулло ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид: