СЕМИЗЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Касаллик сабаблари нотўғри овқатланиш, ёғли овқатлар ва ширинликларга рўжу қўйиш, камҳаракатлилик ва спорт билан шуғулланмаслик каби руҳий фаолликдир. Оддий қилиб айтганда, инсон ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайдиган, билса ҳам бажармайдиган руҳий ҳолат тушунилади. Семизлик худди алкоголизм ва наркомания каби кишида овқатга қарамликни келтириб чиқаради. Баъзи кишилар турмушидаги муаммоли вазиятларда стрессдан қутулиш йўлини зўр овқатланишдан излаб роҳатланадилар ва натижада семириб кетадилар. Семизлик ижтимоий ва шахслараро зиддиятлар, хавотир ва депрессия ҳолатларидан сўнг келиб чиқади. Айниқса, аёллар ва ўсмирлар бу ҳолатларга ўта таъсирчандирлар. Айни пайтда углеводли ширинлик озиқ-овқат маҳсулотлари ўзига хос допинг дори вазифасини ўтайди. Бу каби маҳсулотлар билан овқатланишда серотонин ва эндорфин моддалари алмашинуви бузилади. Кам ейиш керак бўлган ёки бирор кишига истеъмоли тақиқланган озиқ-овқатлар суиистеъмол қилинганда кишида семизликдан ташқари юрак-қон томир, қандли диабет, аллергик касалликлар, хавфли ўсмалар ва бир қанча моддалар алмашинуви бузилиши каби турли касалликлар ривожланади.
Овқатланиш вақтлари орасида бирор егуликлар, айниқса пишириқлар, писта чақиш, сақич чайнаш, фаст-фуд, нон ва нон маҳсулотлари, гўштли тез тайёр бўладиган егулик озиқ-овқатликлари еб олиш семиришни тез ривожлантирса, овқат маҳали ва ундан кейин тез-тез кўп суюқлик ичиш одати ҳам одамни тез семиртиради. Таркиби гормонли дори воситалари ҳам семизликни ривожлантириши мумкин.
Семизликнинг олдини олишда айниқса, болалар ва ўсмирлар, катталар овқат рационида оқсил, витамин, микроэлементлар, тўйинмаган ўсимлик ёғлари ҳамда аминокислоталар зарур миқдорда организмга кириши учун аввало тўғри овқатланиш тамо-йилларига амал қилиш лозим. Овқатни кун давомида 4-5 га бўлиб кам-камдан: 25 % эрталаб, 35 % тушликда, 20 % 2-чи тушликда оқсилга бой овқатлар, 20 % эса кечки овқат пайтида енгил суюқ овқатликлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Агар киши эрталаб овқатдан олдин 1-2 стаканча иссиқ суюқлик ичмаса, оқсилли нонушта емаса - ўт суюқлиги қуюлиб, ўт халтада, буйракларда қум ва тошлар пайдо бўлади, ош-қозон ва ичаклар тозаланмай, овқатлар тўғри ҳазм бўлмасдан турли ошқозон-ичак касалликлари келиб чиқиши мумкин. Ҳар бир овқатланишдан 1-1,5 соат олдин албатта суюқлик ичиш, овқатдан сўнг эса 45 минут ёки 1 соатдандан кейингина чой ичиш мумкин. Инсон семириб кетмаслиги учун кунлик қабул қилган овқатларига мос турли енгил жисмоний ҳаракатларлар билан шуғулланиб туриши шарт.
Семиришга мойил ва турли касалликлари бўлган кишилар врач билан маслаҳатлашиб, албатта парҳез қилишга ўрганишлари лозим. Қора нон, сўли, гречка бўтқаси, олма сиркаси, кўкатлар, қовоқ, карам, сабзавотли хом салатлар, олма ва олхўри мевалари ё компотлари оздириб, кишини хушбичим ва соғлом қилади.
Унутманг, киши фақат овқатланиш учунмас, балки соғлом, узоқ умр кўриб яшаш, эзгу мақсадларига етиши учун дунёга келган, у соғлом яшаб, соғлом овқатланиши даркор. Уйда ва тўй-маъракаларда тўйиб овқатланиш салбий оқибатларга ва турли касалликларга олиб келиши мумкин.
С. АКЧУРИНА,
туман кўп тармоқли марказий
поликлиника оилавий шифокори.
Мавзуга оид:

Мутахассис маслаҳати СЕМИЗЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
- 28 мар, 12:36

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
- 10 ноя, 13:41

Семизлик касаллигининг олдини олиш
- 02 июн, 11:50

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ - ХАВФЛИ КАСАЛЛИК
- 07 окт, 14:20

Саломатлик
- 21 янв, 14:51