ҚАНДЛИ ДИАБЕТ - ХАВФЛИ КАСАЛЛИК

Қандли диабет қандай касаллик? Унинг келиб чиқиш сабаблари ва дастлабки белгилари нималарда намоён бўлади?
Қандли диабет инсон организмида сурункали кечувчи, модда алмашинув жараёнларининг деярли барча турлари биринчи навбатда қанд алмашинувининг издан чиқиши билан тавсифланувчи ҳамда инсон ҳаёти учун катта хавф туғдирувчи, унинг ҳаёти сифатини пасайтиришга олиб келувчи хасталикдир.
Инсон организмида қанд алмашинуви жараёнини тартибга солиб боришда асосий вазифани меъда ости безининг махсус оролчаларида жойлашган ва инсулин моддасини ишлаб чиқувчи ҳужайралар (Б ҳужайралар) ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунга кўра, қандли диабет касаллигининг замирида организмда инсулин моддаси етишмаслиги ётади. Инсулинни кам ишлаб чиқиши турлича ташқи ва ички сабаблар билан воситаланган. Қандли диабетнинг ривожланишида қуйидаги асосий омиллар ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Биринчи омил - қандли диабет касаллигига нисбатан ирсий мойиллик бўлиб, ота-оналарнинг ҳар иккаласининг қандли диабет билан касал бўлиши туғилган болаларда 65-70 фоиз ҳолатларда қанд касаллиги ривожланишига сабаб бўлади.
Иккинчи омил - тана вазнининг ошиб кетиши - семириш бўлиб бу омил катта ёшдаги одамларда қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради. Маълумки, инсон организми 25 ёшга етганда асосан ўсишдан тўхтайди. Шу сабабли инсон тана вазни 25 ёшдаги тана вазни меъёрий вазн деб қабул қилинган. Ҳар бир инсон ушбу ёшдаги вазн миқдорини то умрининг охиригача сақлаб қолишга эришиши лозим. Зотан, шу ёшдаги вазнга инсулин моддасини етказиб беришга мослашган меъда ости бези табиийки, ундан ортиқчасини етказиб беролмайди. Натижада қанд алмашинуви издан чиқади. Инсулин етишмаслиги сабаблари организмда эҳтиёжлари фойдаланилмаётган ёки ўзлаштирил-маётган ортиқча қанд энг аввало қонда тўпланади. Қондаги қанд миқдори ошади, ўзининг меъёрий чегарасидан чиқади ва сийдик орқали чиқарила бошлайди. Қонда қанча кўп қанд тўпланса уни чиқариб ташлаш учун шунча кўп суюқлик ичиш, чанқаш ва шунингдек, кўп пешоб чиқариш талаб қилинади. Шу тариқа қандли диабетнинг асосий белгилари кўп сув ичиш (чанқаш) ва кўп пешоб чиқариш каби белгиларда намоён бўлади.
Айни пайтда қанд моддасининг инсулин кам ишлаб чиқариши натижасидаги етишмовчилиги оқибатида организмда яхши ўзлаштирилмаслиги беморда очлик ҳиссини ҳам уйғотади. Бемор кўп овқат истеъмол қилади. Бироқ бу овқатлар инсулин етишмаслиги оқибатида ҳазм бўлмайди, бемор озиб кета бошлайди. Кўриниб турибдики, қандли диабет касаллигининг барча белгилари ўзаро ягона потофизиологик занжир билан боғланган ва воситаланган.
Қандли диабет нима сабабдан хавфли касаллик деб ҳисобланади? Сурункали узоқ йиллар давом этадиган ушбу касаллик муҳим тана аъзоларини, тўқима ва қон томирларини зарарлайди. Уларга ўзининг асоратларини кўрсатади, энг аввало бу асаб тизими фаолиятида кўринади. Оёқ-қўллар қақшаб оғрийди, яхлайди ёки қизийди, оғриқни сезиш пасаяди. Полинейропатия деб аталувчи касаллик асорати ривожланади ва буйрак фаолиятини издан чиқаради. Натижада буйраклар ўз вазифасини бажара олмай қолади. Кўзнинг кўриш қобилияти ва организм иммун ҳолати пасайиши оқибатида терида йирингли яралар, жиддий касалликлар (оғриқсиз кечувчи миокард инфаркти ва бошқалар), оёқларда эса қорасон ривожланади. Кўриниб турибдики, қандли диабет ўзининг асоратлари билан хавфли.
Касалликнинг аёлларда кечиши ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бунда ҳомиладор аёллар одатдагидан катта вазндаги (4.0-4.5 кг) чақалоқларни дунёга келтиради. Бундай ҳолларда қандли диа-бетга шубҳа туғилиши ва аёллар махсус текширувдан ўтиши лозим бўлади.
Қандли диабет ва унинг асоратларини олдини олиш учун:
1. Касалликни дастлабки белгилари: чанқоқлик (кўп сув ичиш), кўп пешоб чиқариш, кўп овқат ейиш кабилар пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш.
2. Ҳар ким ўзининг тана вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслик.
3. Тиббиёт ходимлари томонидан аҳолининг кенг қатламлари орасида қандли диабет касаллиги бўйича уларнинг билимларини ошириб бориши лозим.
Қандли диабет асоратларини олдини олиш учун:
-ҳар бир инсон мунтазам шифокор назоратида бўлиши ва унинг тавсияларига қатъий амал қилиши;
- қандли диабет касаллиги билан келишиб яшаш тарзини ўрганиши, бунинг учун эндокринология диспансерида, поликлиникалардаги эндокринолог шифокорлар томонидан ўтказиладиган қандли диабет беморлари мактабида ўқиши лозим.
А.Ҳамзаев,
вилоят ихтисослаштирилган эндокринология марказининг
эндокринолог шифокори.
Мавзуга оид: