Мутахассис маслаҳати СЕМИЗЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Семизлик - бу ёғли ва углеводли овқатларни ортиқча истеъмол қилиш оқибатида киши организмида ёғнинг ортиқча тўпланиб қолиши билан кечувчи, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи ҳамда патологик ҳолатлар оқибатида юзага келувчи мустақил касаллик ёки синдром ҳисобланади. Семизлик артериал гипертензия, қандли диабет, юрак-қон томир, ўсма касалликлари ва бошқа моддалар алмашинуви касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. 
Касаллик сабаблари - нотўғри овқатланиш, ёғли овқатлар ва ширинликларга ружў қўйиш, камҳаракатлилик ва спорт билан шуғулланмаслик каби руҳий фаолликдир. Семизлик худди алкоголизм ва наркомания каби кишида овқатга қарамликни келтириб чиқаради. Кам ейиш керак бўлган ёки бирор кишига истеъмоли тақиқланган озиқ-овқатлар суиистеъмол қилинганда кишида семизликдан ташқари юрак-қон томир, қандли диабет, аллергик касалликлар, хавфли ўсмалар ва бир қанча моддалар алмашинуви бузилиши каби турли касалликлар ривожланади.
Таркиби гормонли дори воситалари ҳам семизликни ривожлантириши мумкин.  Семизликнинг олдини олишда айниқса, болалар ва ўсмирлар, катталар овқат рационида оқсил, витамин, микроэлементлар, тўйинмаган ўсимлик ёғлари ҳамда аминокислоталар зарур миқдорда организмга кириши учун аввало тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш лозим. Агар киши эрталаб овқатдан олдин 1-2 стаканча иссиқ суюқлик ичмаса, оқсилли нонушта емаса - ўт суюқлиги қуюлиб, ўт халтада, буйракларда қум ва тошлар пайдо бўлади, ошқозон ва ичаклар тозаланмай, овқатлар тўғри ҳазм бўлмасдан турли ошқозон-ичак касалликлари келиб чиқиши мумкин. Ҳар бир овқатланишдан 1-1,5 соат олдин албатта суюқлик ичиш, овқатдан сўнг эса 45 минут ёки 1 соатдандан кейингина чой ичиш мумкин. Инсон семириб кетмаслиги учун кунлик қабул қилган овқатларига мос турли енгил жисмоний ҳаракатларлар билан шуғулланиб туриши шарт. Қора нон, сўли, гречка бўтқаси, олма сиркаси, кўкатлар, қовоқ, карам, сабзавотли хом салатлар, олма ва олхўри мевалари ё компотлари оздириб, кишини хушбичим ва соғлом қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, инсон  фақат овқатланиш учун эмас, балки соғлом, узоқ умр кўриб яшаш, эзгу мақсадларига етиши учун дунёга келган. У соғлом яшаб, соғлом овқатланиши даркор. Уйда ва тўй-маъракаларда тўйиб овқатланиш салбий оқибатларга ва турли касалликларга олиб келиши мумкинлигини асло унутманг.
 С. Акчурина,
туман Кўп тармоқли марказий 
поликлиника Оилавий шифокори.