ҚАНДЛИ ДИАБЕТ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Қандли диабет - инсон организмида сурункали кечувчи, моддалар алмашинувининг барча турлари, биринчи навбатда қанд алмашинувининг издан чиқиши билан кечувчи, инсон ҳаётига катта хавф туғдирувчи ва ҳаёт сифатини пасайтиришга олиб келувчи хасталикдир.
Инсон организмида қанд алмашинув жараёнини меъда ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин моддаси бошқариб тартибга солиб туради. Қандли диабет касаллигида инсулин кам ишлаб чиқарила бошлайди, натижада қонда қанд миқдори кўпайиб кетиб, касалликнинг турли нохуш белгилари пайдо бўлади. 
Касаллик сабаблари. Биринчи омил бу - ирсий мойиллик бўлиб, ота-оналарнинг иккаласида ёки биттасида қандли диабетнинг бўлиши 40-70 фоиз  ҳолларда болаларда  ҳам шу касалликни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчи омил эса тана вазнининг ортиши - семириб кетишдир. Нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлилик асосан катта ёшдаги кишиларда кўп учрайди. Ҳар бир инсон 25 ёшидаги тана вазнини иложи борича умрининг охиригача сақлаб қололса, қандли диабетга чалиниш эҳтимоли шунча камаяди. Чунки шу меъёрий вазнга яраша организм инсулин ишлаб чиқиб, ортиқча қанд миқдорини бошқа моддаларга айлантиришга ва энергияга сарфлаш учун узата олади. Бундан ортиқ вазнда, яъни одам семириб кетганда бу ортиқча вазнни мувозанатлаш организм учун қийинлашади. 
Учинчи омил - турли травмалар, йиқилишларнинг орқа ёки олд тарафдан ошқозон ости безига тўғридан тўғри қаттиқ урилиб таъсир этиши ва кучли стресс ҳолатларига берилишдир.
Касаллик белгилари ва асоратлари. Бемор тез очлик ҳиссини сезади, тез чанқайди ва кўп суюқлик ичиб, кўп сияди. Сурункали, узоқ йиллар давом этадиган ушбу касаллик муҳим тана аъзоларини, тўқима ва томирларини зарарлайди ва ўзининг турли асоратларини кўрсатади. Энг аввало, у асаб тизимини издан чиқариб, оёқ-қўллар қақшаб оғрийди, яхлайди ёки қизийди. Кейинчалик оғриқни сезиш ҳисси пасайиб, полинейропатия деб аталувчи касаллик асорати ривожланади. Иммунитет паса-йиб, терида - айниқса оёқларда тез битмайдиган турли йирингли яралар пайдо бўлади, буйраклар фаолияти издан чиқиб, улар ўз вазифасини яхши бажаролмай қолади. Кўзнинг ҳам кўриш қобилияти пасаяди, яна оғриқсиз кечувчи миокард инфаркти ҳамда бошқа ҳолатлар юз беради. Булар қандли диабет касаллигининг асоратларидир.
Касалликнинг олдини олиш учун агарда беморда касалликнинг даст-лабки белгилари: чанқоқлик, кўп суюқлик ичиб кўп пешобга чиқиш, кўп овқат ейиш ҳолатлари кузатилса, зудлик билан эндокринолог шифокорга мурожаат қилиш лозим. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 14 ноябрь - Бутунжаҳон   қандли диабет касаллигига қарши курашиш куни деб белгиланган.  
Кейинги пайтларда эндокринолог шифокор ҳузурига киришга нав-бат талашиб ўтирган беморлар сони кўпайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Бунга сабаб нотўғри овқатланиш, ичкиликка рўжу қўйиш, тўю-маъракаларнинг ортиқча дабдаба билан ўтишидир. Киши овқатланиб бўлгач, ўтириб ёки ётиб олмасдан албатта 2 соат давомида юриши, ҳаракатли бирон-бир машғулот билан банд бўлиши лозим. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш, тиббий кўриклардан вақтида ўтиб, касалликларнинг олдини олиш, спорт билан дўст бўлиш, доимо ҳаракатда бўлиб, тана вазнини меъёрда ушлаб туриш, қон босими ва қонда қанд миқдорини назорат қилиб туриш қандли диабет касаллигининг олини олади. 
З. КАЗИМОВА, 
вилоят эндокринология диспансери шифокори. 
Д. РУСТАМОВА, 
туман марказий поликлиника 
эндокринологи.