ОҚДАРЁНИНГ ИЛМ-МАЪРИФАТ МАСКАНИ 8-умумтаълим мактабининг 100 йиллиги кенг нишонланди


Жадид боболаримиз миллатимизнинг билимли, илмли ва маърифатли бўлишлари учун астойдил ҳаракат қилганлар. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Абдулло Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Беҳбудий сингари алломаларимиз миллат фарзандларини билим олишлари учун ўз ҳисобларидан мактаб ташкил қилганлар. Ҳозирга қадар ҳам бундан юз йил олдин айтган жадидларимизнинг васиятлари ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чунки илм маърифатли миллатнинггина келажаги порлоқ бўлиши ўз-ўзидан маълум.

29 сентябрь куни эрта тонгданоқ 8-умумтаълим мактабига билим масканида кўп йиллар ёш авлодга таълим-тарбия берган, айни пайтда кексалик гаштини сураётган нуроний отахон, онахонлар, мактабнинг собиқ ўқувчилари юбилейда иштирок этиб, табрик сўзларини  айтиш учун йиғилдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мактаб жамоаси юбилейга жиддий ва масъулият билан тайёргарлик кўрди. Байрамона безатилган, турли ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида ўтирган кекса педагоглар тадбирда иштирок этаётганликларидан беҳад мамнун эканликларини таъкидладилар.

- Шу мактабда таълим олиб, кўп йиллар давомида раҳбарлик вазифасида фаолият кўрсатдим, - дейди кекса педагог, халқ таълими аълочиси Саттор Нуриддинов. - Қарийб олтмиш йил давомида ёшларга билим берганлигимдан ниҳоятда мамнунман. Оилам ҳам, фарзандларим ҳам бизнинг измимиздан бориб ўқитувчилик касбини эгаллашди. Қизим Мўътабар 46-умумтаълим мактабида директор вазифасида ишлаётган бўлса, ўғлим 8-мактабда директор ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаяпти. Бу юбилейга билим масканининг барча педагоглари яхши тайёргарлик кўрганликларини кўриб хурсанд бўлаяпмиз. Тадбирда кўп йиллар давомида кўрмаган ҳамкасбларимизни кўриб мулоқот қилаяпмиз. Юбилейни ташкил этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

- Мактабнинг биринчи синфига 1956 йилда қабул қилинган эдик, - дейди етмиш беш ёшни қарши олаётган ва айни пайтда туман «Матбуот тарқатувчи» корхонасининг раҳбари, спорт фахрийси Бурхон Умиров. - Ўша пайтда синф раҳбаримиз Руқия Маннонова, ўқитувчилар Жамол Саидов, Ўринбой Пардаев, Аннақул Тўраевлар бизга ўз фар-зандларидек муносабатда бўлиб яхши билим олишларимиз учун астойдил ҳаракат қилдилар. Натижада синфдошларимизнинг асосий қисми олий маълумотга эга бўлиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилдилар. Бунинг учун устозларимиздан ниҳоятда хурсанд эканлигимни таъкидлашни истардим. Мактаб маъмурияти ҳам юбилейни ҳар жиҳатдан намунали ўтказишга ҳаракат қилишганликларини ҳар қадамда сезиб турибмиз. Уларга ҳам раҳмат айтамиз.

Тадбирда сўз олган мактаб директори Сирожиддин Очилов билим масканининг тарихи ҳақида алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон халқ таълими вазири Ҳилола Умарованинг юбилей муносабати билан мактаб жамоасига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, сўзга чиққан мактабнинг собиқ ўқувчиси вилоят "Зарафшон" газетасининг мухбири Гулрух Мўминова, театр ва кино ак-трисаси Ситора Шерназарова ва бош-қалар йиғилганларни юбилей билан муборакбод этдилар. Тадбир иштирокчиларига "Оқдарё овози" газетасининг мактабнинг 100 йиллигига бағишланган махсус саҳифаси ниҳоятда манзур бўлди. 

Юбилей давомида туман "Нуронийлар" Кенгаши томонидан ташкил этилган "Уч авлод учрашуви" доирасида "Қўша қариш саодати" номи билан аталувчи тадбир ташкил этилиб, унда маҳалланинг беш жуфт оила аъзолари кўпчиликка намуна сифатида таништирилди ва уларга эсдалик совғалари ва ФАХРИЙ ЁРЛИҚЛАР топширилди. 

Тадбир давомида янграган дилрабо куй ва қўшиқлар йиғилганларга бир олам завқ-шавқ бағишлади. Бир сўз билан айтганда, ўтказилган юбилей ҳар жиҳатдан намунали ташкил этилганлигини унинг иштирокчилари алоҳида эътироф этдилар.


Ўз мухбиримиз.

Суратларда тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.

Суратларни С. Ибрагимов олган.