Миннатдорчилик сатрлари МЕҲР ВА ИНСОНИЙЛИК ҲУКМ СУРАДИ


Туманимиздаги Пўлатдархон маҳалласида жойлашган "Миллат хазинаси" хусусий боғчаси устозларига ўз миннатдорчилигимни қай йўл билан изҳор қилишимни билмай юрган эдим. Шунда севимли газетамиз, туманимиз кўзгуси бўлган "Оқдарё овози" газетаси орқали қалбимдан чиққан раҳматимни билдиргим келди.

"Миллат хазинаси" хусусий боғчаси мудираси Дилфуза Маърупова жуда очиқ кўнгил, меҳрибон, ўз вақтида қаттиқ қўл раҳбар сифатида жамоасида ҳурмат қозонган аёл. Шунингдек, тарбиячи Фарида Ҳакимовна ва энага Парвина Маҳкамовна,Чарос опа, Дидора опа, Ҳулкар опаларнинг меҳр-оқибатли, фидокорона меҳнатлари, болаларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборлари ҳар қандай таҳсинга сазовор. Улар фарзандларимизга нафақат билим, балки яхши хулқ ва инсоний фазилатларни ҳам ўргатиб, меҳр ва ғамхўрлик қилиб келаётгани учун миннатдорман.

Турмуш ўртоғим Фахриддин Зайниддинов билан 2019 йилда 1 ёшли фарзандимиз Зайниддинов Жавоҳирни Дилфуза опа Маърупованинг қўлларига топширганмиз. 2020 йилда турмуш ўртоғим вафот этганидан сўнг бадал пулини тўлашда қийналиб қолган эдим. Шу пайтда Дилфуза опа "болангизга дадасининг хотираси ва инсонийлик жиҳатидан шундоқ қарайман, сиз хавотир олманг",- деб юрагимга таскин берган эдилар.

Мана орадан беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу вақт мобайнида ўғлим боғча тарбиячилари меҳри билан инглиз ва рус тилларини, ментал арифметика, шунингдек, спортнинг кураш турини ўрганиб, вақтини мазмунли ва фойдали ўтказиб келмоқда.

Бундай софдил, меҳнатсевар ва масъулиятли педагоглар туманимиз фахридир. Уларнинг қилаётган меҳнатлари  таҳсинга лойиқ! Уларга сиҳат-саломатлик, ишларига муваффақият ва оилавий бахт тилайман. Фарзандларимиз ишончли қўлларда экан, мен ва мен каби оналар хавотирсиз ва ҳаловат билан элимизга астойдил хизмат қиламиз. 

Келажагимиз ворислари бўлган ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланаётган азиз устозларга эса чин қалбимдан ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман!


Орзигул СУННАТОВА,

туман тиббиёт бирлашмаси

 жарроҳлик бўлими ҳамшираси.