ЕРНИ ҚАДРЛАНГ ВА МАЖБУРИЯТНИ УНУТМАНГ! Оқдарё туман фермерлари кенгаши раёсатининг фермерларга М У Р О Ж А А Т И Ҳурматли фермерлар!

Мамлакатимизда фермерларга давлатимиз томонидан яратилган имтиёз, субсидия ва имкониятлар йилдан йилга
кўпаймоқда. Айниқса, шу йилда буғдой етиштириш юзасидан Давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари 
ҳамда Ҳукуматнинг тегишли чора-тадбирлари Сиз фермерларга, ғалладан юқори ҳосил олишга замин яратилди.
Жумладан:
- буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар
тўлиқ қайтарган фермер хўжаликларига ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоизлик 
қисми давлат томонидан компенсация қилиниб, уларга қайтариб берилади;
- 2026 йил ҳосилидан бошлаб, буғдойни ўз маблағлари ёки тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштириб,
уни белгиланган тартибда биржа савдолари орқали ёки давлат ресурси учун реализация қилган қишлоқ хўжалиги 
корхоналарига сотилган маҳсулот қийматининг  10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади;
- дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида 2 миллион сўм миқдорида
субсидия ажратилиши каби имтиёзлар фермер хўжаликларининг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтириб, 
ғалладан юқори ва мўл ҳосил етиштириш учун мустаҳкам замин бўлди.
Бундай имтиёзлардан унумли фойдаланган туманимиздаги аксарият фермерлар белгиланган давлат ресурси,
вақтинчалик сақлаш мажбуриятларини тўлиқ бажариб, кўплаб фермер хўжаликлари ҳар гектардан 100
центнердан ортиқ ҳосил етиштиришга муваффақ бўлгани ҳеч биримизга сир эмас.
Натижада кўплаб фермерларнинг даромади ўтган йилларга нисбатан 1,5-2 баробарга ошиб, қўшимча тармоқларни ривожлантиришга кўмакчи бўлганини Сиз фермерлар, ўзингиз кўриб турибсиз.
Қадрли фермерлар!
Давлатимиз томонидан жорий йилда ғалла етиштирувчилар учун кенг кўламли имтиёз ва имкониятлар яратилганига 
қарамасдан, айрим фермер хўжаликлари томонидан давлат ресурси, вақтинчалик сақлаш ва уруғлик бўйича 
мажбуриятларини ўз ҳолига ташлаб қўйилаётганини эслатиб ўтишни лозим, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси
тўғрисида"ги Қонунининг 25-моддасига мувофиқ, товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктирилган ёки тўлиқ етказиб берилмаган тақдирда,
кечиктирилган ҳар бир кун учун бажарилмаган мажбурият қийматининг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилади.
Бунда пеня тўланиши шартномавий мажбуриятларни бузган томонни етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод 
этмайди. Шу муносабат билан мазкур қонун талабларига қатъий риоя қилиш зарурлигини яна бир бор Сиз муҳтарам 
фермерлар эътиборига ҳавола этамиз.
Шунингдек, мажбуриятни бажармаслик, ер участкамиздан оқилона фойдаланилмаслик ер ижара шартномасини бекор 
бўлишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳар бирингизга эслатиб ўтамиз.
Шундай экан, ҳар бир куннинг қадрига етиб, қуйидаги вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш орқали ғалла бўйича 
зиммангиздаги
мажбуриятларни тўлиқ бажаришингизни сўраймиз.
Биринчидан, зудлик билан далаларда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда ва нобудгарчиликка йўл қўймасдан
йиғиштириб олинг ҳамда давлат ресурси, вақтинчалик сақлаш ва уруғлик бўйича мажбуриятларингизни унутманг;
Иккинчидан, давлат жамғармаси ҳисобидан олинган имтиёзли кредитларни ўз вақтида қайтариб, 4 фоизли компенсация ҳамда бошқа белгиланган имтиёзлардан самарали фойдаланинг;
Учинчидан, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган жарима ва пеня қўлланилишига сабаб бўладиган ҳолатларга йўл қўйманг;
Тўртинчидан, ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш сомондан тозалаб, такрорий, даромадли ва экспортбоп экинларни экишни ташкил этиш орқали қўшимча даромад
олишга эришинг.
Азиз фермерлар!
Халқимизнинг фаровон ҳаёти, дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимизда нон ва нон маҳсулотлари етарли ҳамда 
нархлар барқарор бўлиши, кўп жиҳатдан Сизнинг бугунги меҳнатингиз, ғалла ўрим-йиғимини ўз вақтида якунлашингиз ҳамда давлат захирасига сотишингизга боғлиқлигини унутманг.
Юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида барчангизни давлат ресурси, вақтинчалик сақлаш ва уруғлик
бўйича мажбуриятларингизни ўз вақтида ва тўлиқ бажаришга чақирамиз.
Оқдарё туман фермерлари кенгаши Раёсати аъзолари.