МАРДИКОР БОЗОРИ КЕРАКМИ?

Инсон ҳаёти доимо бир маромда кечмайди, баъзида турли хил қийинчиликлар, рўзғордаги етишмовчиликлар, бола-чақа ташвиши кишини не куйларга солмайди, дейсиз. Ҳар куни эрта тонгданоқ туманимизнинг маркази ҳисобланган Амир Темур кўчасига тўпланиб турган одамларнинг ёнидан ўтиб кетар эканман, хаёлимдан шу фикр ўтади доим. Улар бола-чақасини боқиш мақсадида ҳар тонг катта кўчада туриб кимдир келиб ишга олиб кетишларини кутишади. Нима ҳам қилишсин? Кунлик иш билан бўлсада, рўзғор тебратишга, бола-чақасини боқиш учун қора қозонини қайнатишга ҳаракат қилишади. Мен ишсизман, менга иш топиб беринг, дея додини кимга ҳам айтишсин? Нима бўлганда ҳам эркак киши ўз оиласини боқиш учун албатта ўзини ўтга-чўғга уради-да. Ахир, ёзнинг жазирама иссиғида ҳам, қиш ва баҳорнинг ёғингарчилик, изғиринли дамларида ҳам бошпанасиз турган бу мардикорлар ҳам халқимизнинг бир бўлаги, қолаверса, кимнингдир отаси, кимнингдир ака-укаси ҳамдир. Улар ҳам машаққатли бўлсада, ҳалол меҳнат қилиб, ўзи бир бурда қаттиқ нон есада ўз юртида, ўз оиласи бағрида рўзғорини, бола-чақасини боқиш учун отланган инсонлардир. Улар ҳеч кимдан ўзлари учун шарт-шароит ёки бирор бир ёрдам талаб ҳам қилишгани йўқ...
Аёллар-чи… "Севимли" телеканали орқали намойиш қилинаётган "Мардикор аёл" сериалидаги аёлларнинг аянчли ҳаёти ва аччиқ тақдирини кўрар эканмиз, худди шундай аёллар бизнинг орамизда ҳам борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. 
- Туманимиздаги фабрикада ишлаётган эдим, - дейди бир танишим. - Иш вақтининг эрта тонгдан то қоронғи кечга қадар давом этиши ёш болаларимнинг назоратсиз қолишига сабаб бўлган бўлса, бир томондан ойлик маошининг камлиги ҳам рўзғорим эҳтиёжини қопламади. Шунинг учун аҳоли хонадонларига чиқиб, кунлик иш билан шуғулланишга мажбур бўлдим… 
Мамлакатимизда кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган оилаларни "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" га киритиш орқали кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлиги, кўплаб оилалар давлат томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар орқали ўзини ўзи иш билан банд қилаётганлиги айни ҳақиқатдир. Бу борада албатта, туманимизда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, юқорида таъкидланганидек, туманнинг қоқ марказида эрта тонгдан иш излаб турган тумандошларимиз ҳақида, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳақида ўйлаб кўриш фурсати етмадимикан? Бу инсонларни қачонгача кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка оламиз? 
Ўтган йили вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида мардикор бозори ўрнида ишсизларни иш билан таъминлаш маркази очилганлиги ҳамда ушбу замонавий марказда барча шарт-шароитлар яратилганлиги ҳақида хабар берилган эди. Албатта, бу ҳам тадбиркорликнинг бир кўриниши. Шундай экан, бу ташаббусни бошқа жойларда ҳам, жумладан бизнинг туманимизда ҳам давом эттириш лозимлиги ҳақида масъул раҳбарлар, айниқса, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, қолаверса, халқимизнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларимиз ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўлар эди. 
Мавзуга оид: