ОҚДАРЁНИНГ ФИДОИЙ ФАРЗАНДИ ЭДИ


Юксак маънавият соҳибиқадрдонимизхалқ таълими фахрийси Ўктам Икромовни ёд этиб...
Дўстларяхшиларни авайлангасранг,
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг,
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан
Уни тириклигида бир соат йўқланг...
Мақсуд Шайхзода.
Шоир ҳақ. Тирикликнинг ўзи буюк неъмат деганларидек, инсонни ҳаёт пайтида қадрлаш, ардоқлаш энг муҳим фазилатлардан бири ҳисобланади. Афсуски биз ён-атрофимиздаги қадрдон инсонларимиз ҳаётдан кўз юмгандан кейингина унинг қадрига етамиз. Буни ҳаётда гувоҳи бўлиб турибмиз. 
Ўктам ака билан бундан эллик йиллар муқаддам "Оқдарё овози" газетаси таҳририятида танишган эдик. У пайтлар бу киши мактабда дарс берар, ёзган шеърларини, мақолаларини таҳририятга олиб келарди. Тан олиб айтишимиз керакки, шеърларда кўтарилган мавзу ниҳоятда долзарб бўлиб, кишини ўйлашга чорларди. Қисқа қилиб айтганда, дурустгина шоир эди у киши. Ўша пайтда ҳам Ўктам ака бобокaлони Намоз Пиримқул ўғли ҳақида диплом иши ёзганлигини, унинг номини абадийлаштириш лозимлигини, имкони борича, бу миллий қаҳрамонимиз ҳақида тарихий бир асар ёзиш нияти борлигини такрорларди. Ижодкор ўқитувчи сифатида тарих саҳифаларида ёритилмаган мақолаларни ҳам таҳририятга олиб келар, мақола то нашр этилгунга қадар тинимсиз изланишда бўларди. Шу ўринда, бу инсоннинг 1979 йилда Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини имтиёзли диплом билан битирганлигини, кўп йиллар тумандаги 37-32 умумтаълим мактабларида директор вазифасида самарали фаолият кўрсатганлигини, шу давр мобайнида юзлаб,   минглаб шогирдлар тайёрлаганлигини алоҳида таъкидлашни истардик. Бу инсон устоз мураббий сифатида ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбилашдек муқаддас ишга бутун умрини бағишлади. 
"Оқдарё овози" газетаси саҳифаларида у кишининг Намоз Ботир ҳақидаги туркум мақолалари эълон қилиниб, мухлислар қалбидан муносиб ўрин эгаллади.  Оқдарёликлар ҳам миллатимиздан етишиб чиққан миллий қаҳрамон, шу заминда яшаганлигини билиб олдилар ва фахрландилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўктам Икромов Намоз Ботир номини абадийлаштириш борасида астойдил ҳаракат қилди. Албатта, бу ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида туманда Намоз Пиримқул ўғли номи билан аталувчи жамоа хўжалиги ташкил этилди. Бу хўжалик барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришганлигини эътироф этмоқ лозим. 
Ўктам Икромов 1990 йилда ўтказилган маҳаллий сайловларда туман Кенгашининг депутатлигига сайланди. Ўзига билдирилган бу юксак ишончдан руҳланган ҳолда халқ билан бамаслаҳат иш қилиб, сайловчиларнинг наказларини ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилди. Депуталик фаолияти давомида ҳудуддаги қишлоқларни ободонлаштириш, янги мактаблар, боғчалар қуриш ишларида фаол иштирок этди.  Депутат сифатида сессияларда кўтарилаётган масалаларга ўз фикрини билдирди. Масалан, Мустақилликнинг дастлабки йилларида тумандаги бир қанча билим масканларида кечки мактаблар мавжуд бўлиб, номигагина ўқитилар, ўқувчилар дарсларга келмас, фақатгина шаҳодатнома олиш учунгина журнал тўлдирилар, буни ўқитувчилар ҳам яхши билишса-да, бошқалардан сир тутишарди. Сессия кун тартибига кечки мактабларни тугатиш масаласи кўтарилганда депутат сифатида сўзга чиққан Ўктам Икромов тумандаги ҳаққиқий аҳволни мисоллар орқали исботлаб, кечки мактабларни ёпиш ҳақида қарор қабул қилиш лозимлигини таъкидлади. Шундай қилиб, ўша куннинг ўзидаёқ сессия қарори билан кечки мактаблар ёпиладиган бўлди. Ўктам аканинг фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 
- Ўктам ака билан худди туғишган инилардек эдик, - дейди Жар қишлоқда яшовчи тадбиркор фермер Нуриддин Рустамов суҳбат пайтида. - Қандай тадбир ўтказилмасин, қишлоқда барчасига бош-қош эди у киши. Қишлоқ кўчаларини таъмирлаш, қабристонларни ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатганлигини кўпчилик яхши билади. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бундай инсонларнинг одамларга яхшилик қилиш ва савоб ишлар қилиш учун ўз умрини сарфлаганлигининг гувоҳи бўлдик. 
- Биз Ўктам билан тенгдош бўлганлигимиз учун кўнглимиз ҳам жуда яқин эди. Ҳатто иккаламизнинг ҳам касбимиз ўқитувчи бўлганлиги учун бир-биримизни тез тушунардик. Мен Агросаноат ходимлари туман Кенгашининг раиси вазифасида фаолият кўрсатган пайтимда Суғончи қишлоғи яқинида жойлашган хўжаликлараро болалар оромгоҳини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича Ўктам Икромов билан шартнома тузгандик. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, бу инсон ёз мавсуми давомида ҳар йили оромгоҳ учун зарур бўлган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказарди. Шу билан бирга ҳар йили оромгоҳни таъмирлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшарди, - дейди биз билан суҳбатлашган халқ таълими фахрийси Ризақул Усанов.
Ўктам Икромовнинг орзулари бир олам эди. Катта орзуси Намоз Ботир ҳақида китоб чиқариб, миллатимизнинг бу қаҳрамонини халққа танитиш эди. Яқинда китоб чиқди. Афсуски, китобни кўриш бу инсонга насиб этмади. Жорий йилнинг 4 апрель куни кутилмаганда қадрдонимиз бу ёруғ оламни тарк этди. Бу инсондан эзгу амаллар, солиҳ фарзандлар, газеталарда чоп этилган шеърлар, мақолалар ва яқинда чоп этилган "Намоз Ботир" асари қолди.
Шуни таъкидлашни истардикки, китобнинг тайёрланишида "Оқдарё овози" газетасининг фидойи ходимлари Мақсуда Мустафоева ва Наиля Сафиналарнинг хизматлари таҳсинга сазовор бўлди. Чунки улар китобни тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этишиб, бу  асарнинг муваффақиятли чиқишида ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Ўктам ака оилада ҳам ғамхўр ота эди. Турмуш ўртоғи Фарида опа билан уч ўғил ва бир қизни тарбиялашди. Улар 11 нафар набиранинг бобоси ва бувиси бўлиб, фаровон турмуш кечиришаётган эди. Афсуски...
Ўктам ака ҳақида хотираларимизни якунлар эканмиз, шоир Мақсуд Шайхзоданинг барчага ёд бўлган қуйидаги мисраларини келтиришни лозим топдик:
Умрлар бўладики, тиригида 
                                     ўликдир,
Ўлимлар бўладики, ўлган одам
                                   тирикдир.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.