Халқ таълими фидойилари ҳақида ҳикоялар ПЕДАГОГНИНГ ШАРАФЛИ ЙЎЛИ

Шоирга дедилар: Сиз бахтли инсон,
Эл-юрт ардоқлайди, ҳамма танийди,
Шоир жавоб берди: Менда бир армон,
Муаллим десалар мени, қанийди...
Абдулла Орипов.
Ҳар гал шоирнинг юқоридаги сатрларини ўқиганимда, кўз олдимга бутун умрини халқ таълимини ривожлантиришга бағишлаган камтарин ва билимдон инсон Ўктам Икромов гавдаланади. Чунки у кишининг босиб ўтган ҳаёт йўли худди ўзи сингари жуда ҳам оддий. 1971 йилда мактабни битиргач, бир муддат 33-саккиз йиллик мактабда мусиқа ва бадиий ҳаваскорлик тўгараги раҳбари сифатида ўзининг меҳнат фаолиятини бошлади. 1974-79 йилларда Самарқанд Давлат Университетининг тарих факультетида устозларидан сабоқ олди. Олийгоҳни битиргач, 1981 йилда 34-тўлиқсиз ўрта мактабда тарих ва география фанидан ўқувчиларга таълим бера бошлади. Шундан сўнг, 1990-97 йилларда 37-мактаб директори, 2010-2013 йилларда 32-умумтаълим мактаби директори лавозимида самарали фаолият кўрсатди. Қаерда ишламасин, ўзининг камтарлиги, жамоат ишларида фаол иштироки, ташаббускорлиги билан элнинг ҳурматини қозонди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Ўктам Икромов мустақиллигимиздан кейинги йилларда фермер хўжалиги ташкил этиб, пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил етиштириб, тумандаги энг намунали фермер хўжалиги раҳбари сифатида тан олинди. Жар қишлоғининг маҳалла фаоли сифатида тўйларни камчиқим ўтказиш, йўлларни таъмирлаш, электр тармоқларини яхшилаш масалаларига жиддий эътибор бериб, юқори ташкилотларга муаммоларни ҳал қилиш бўйича доимий равишда мурожаат қилиб келмоқда. Атроф-муҳитни авайлаб-асраш, она табиатимизга меҳр-муҳаббат кўрсатиш у кишининг доимий одатига айланган. Ўтган йиллар давомида қишлоқ яқинидаги Оқдарё ҳудудидан шағал тошларни ноқонуний ташиб кетилаётганиги тўғрисида бир неча бор газетамиз орқали чиқиш қилганлигини кўпчилик яхши билади.
Шу ўринда Ўктам акани газетанинг энг фаол жамоатчи мухбири, десак адашмаймиз. Чунки у киши қарийб 45 йилдан буён ўзининг турли мавзулардаги шеърлари, мақолалари ва танқидий чиқишлари билан газетамизнинг ўқимишли ва мазмунли чиқишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айниқса, тарихчи сифатида туманимизнинг Жар қишлоғида яшаб ўтган  тарихий шахс Намоз ботирнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини акс эттирувчи туркум мақолаларни газетамиз саҳифалари орқали эълон қилганлиги кўпчиликка маъқул бўлганлигини муштарийларимиздан келаётган хатлардан ҳам билсак бўлади.
-       Ўктам акани қарийб 55 йилдан буён яхши биламан, - дейди ҳуқуқшунос Шавкат Қурбонов. - Кўп йиллар мактабларда тарих фанидан ёшларга сабоқ бериб, барчанинг ҳурматини қозонган. Айниқса, 1990 йилда бўлиб ўтган туман кенгаши сайловида иштирок этиб, депутатликка сайлангандан сўнг, энг фаол депутатлардан бирига айланганлигини ҳалигача кўпчилигимиз яхши биламиз. Мен ҳам ўша пайтда туман кенгашига депутат этиб сайлангандим. Ўша пайтдаги сессиялар ниҳоятда баҳсли, тортишувлар асосида ўтар, кун тартибига қўйилган ҳар бир масалага депутатлар ўз фикрларини билдиришарди. Ўша пайтда туман кенгашида 75 нафар депутат фаолият кўрсатган бўлса, уларнинг энг фаолларидан бири шубҳасиз, Ўктам Икромов бўлганлигини барчамиз тан олардик. Ҳозирги пайт-да ҳам пенсияда бўлишига қарамасдан,  жамоат ишларида фаол иштирок этиб келаяпти.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўктам ака бир неча йил давомида 32-умумтаълим мактабида тарғиботчи сифатида фаолият кўрсатиб, билим масканидаги адабиётга ихлоси баланд ўқувчилар билан доимо ҳамкорликда иш олиб бориб, уларнинг иқтидорларини рўёбга чиқаришга ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келганлигини эътироф этмоқ лозим. Ўзи тарихчи бўлсада, ажабтовур шеърлар ёзиб турган бу инсон айни пайтда ҳам  ижоддан чарчаган эмас. Атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдиради. Нуқсонларни эса аёвсиз фош этиб, газета саҳифаларида ёритишни ўзининг фуқаролик бурчи деб билади. Яқинда ҳикоямиз қаҳрамони билан суҳбатлашиб, у кишига бир неча савол билан мурожаат қилдик:
-       Педагог бўлганингиздан зериккан пайтларингиз ҳам бўлганми?
-       Ёшлигимдан устозларимизга ҳавас қилиб, педагоглик касбини, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, тарихчиликни танлаганман. Бу фан ниҳоятда қизиқарли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Мақсадим, қишлоғимизда яшаб ўтган Намоз ботир ҳақида тарихни халқимизга етказиш бўлганлиги учун диплом ишим ҳам Намоз ботир ҳақида эди.
-       Айрим босма нашрларда эълон қилинган мақолаларда хусусан, "Зарафшон" газетасида бундан кўп йиллар олдин чоп этилган бир мақолада Намоз ботирнинг асли туғилган жойи Каттақўрғон ёки Нурободдаги бир қишлоқ кўрсатилганлигини яхши эслаймиз. Сиз шу бўйича  изланишлар олиб бораяпсиз. Аслида Намоз ботир қаерда туғилганлигини аниқлай олдингизми?
-       Тўғри савол бердингиз. Мен ҳам "Зарафшон" газетасида сиз айтган мақолаларни ўқиган эдим. Шу бўйича бир неча бор Тошкентдаги нуфузли архивларда бўлиб, Намоз ботирнинг қаерда туғилганлиги тўғрисидаги маълумотни аниқладим. Маълумотда айтилишича, у киши ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирларида Бойсун туманида туғилган экан. Тақдир тақозоси билан Жар қишлоққа кўчиб келган. Чунки бу ерга у кишининг опаси яшаганлигини қишлоқдошларимиз кўп таъқидлашади. Иккинчидан эса Намоз ботир бизга она томондан қариндош эканлигини ҳам айтишим лозим.
-       Сизлар депутат бўлган пайтда сессиялар ниҳоятда қизиқарли ва жонли ўтарди. Бунга мисоллар кўп. Чунки ўша пайтда мен ўзим ҳам сиз билан бирга депутат бўлганмиз. Ҳозирги депутатларнинг фаолияти сизни қониқтирадими?
-       Тўғри таъкидладингиз. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида сайланган депутатлар ниҳоятда фаол эканлигини халқ-нинг ўзи ҳам тан олади. Ўша пайтдаги депутатларимиз муросасиз эди. Атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмас эдилар. Афсуски, ҳозирги депутатларимизда негадир фаоллик етишмайди. Агар депутатларимиз янада фаол бўлишганида эди, атрофимизда ишсизлик ва муаммолар бу даражада кўпайиб кетмаган бўлар эди, деб ўйлайман.
Дарвоқе, Ўктам ака бу йил ўзининг етмишинчи баҳорини нишонлади. Маҳаллада фаол бўлиш билан бирга, оилада қаттиққўл ва меҳрибон ота сифатида кўпчиликка намуна бўлаётганлигини тан олишимиз керак. Уч ўғил ва бир қизнинг отаси бўлган қаҳрамонимиз қишлоғида ва маҳаллада ўтказилаётган барча тўй-маъракаларда бош-қош. Қишлоқда ким билан суҳбатлашманг, катта-ю кичик у киши ҳақида доимо илиқ фикрларни билдиради.
-       Ўктам ака билан болаликдан бирга улғайганмиз, - дейди шу қишлоқда яшовчи меҳнат фахрийси Нуриддин Рустамов. - У киши бекорчиликни ёмон кўради. Ҳозирда ўғли фермер хўжалигини бошқараётган бўлсада, доимо у кишини далада учратасиз. Пахта ва ғалланинг парваришланиши бўйича катта тажрибага эга бўлганлиги учун ўғлига доимо бу ҳақда насиҳатлар бериб туради. Шу боисдан ҳам фермерлик орқасидан оила яхшигина даромад олаяпти. Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, деб шунга айтсалар керакда. Биз шундай қишлоқдошимиз борлигидан ниҳоятда фахрланамиз.
Биз етмиш ёшда ҳам худди ёшлардек ҳаракат қилаётган, доимо эл ташвишида яшаётган қадрдонимиз Ўктам Икромовга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаган ҳолда келгусидаги барча ишларига омад тилаймиз. Халқ хизматидан асло чарчаманг, ҳурматли Ўктам ака, деймиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.