ТУМАН ТИББИЁТ ТИЗИМИ
Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2000 йилдан бошлаб тизим Туман тиббиёт бирлашмаси сифатида фаолият юритди. 2026 йил 1 январдан эса муассаса Туман соғлиқни сақлаш бўлими номи билан фаолиятини давом эттирмоқда.Бугунги кунда Оқдарё тумани соғлиқни сақлаш тизими 178 216 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Тизим таркибида 305 ўринли марказий шифохона фаолият юритиб, унинг таркибида 105 ўринли туғруқ, 70 ўринли ички касалликлар, 55 ўринли режали жарроҳлик, 30 ўринли юқумли касалликлар ҳамда 45 ўринли болалар бўлимлари мавжуд.
Туман ҳудудида 20 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси, жумладан, 6 та 2-тип ва 14 та 1-тип оилавий поликлиника фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Оқдарё тумани соғлиқни сақлаш тизимида 1390 нафар ходим фаолият юритади. Уларнинг 216 нафари шифокорлар, 885 нафари ҳамширалар, 194 нафари кичик тиббиёт ходимлари, 95 нафари эса бошқа ходимлардан иборат.
Соҳада фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг хизматлари давлат ва жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этиб келинмоқда. 2025 йилда Узун 19-сон оилавий поликлиника мудири Г. Сафарова "Соғлом турмуш" медали билан, жарроҳлик бўлими травматолог шифокори Т. Очилов эса "Соғлиқни сақлаш аълочиси" медали билан тақдирланган. Шунингдек, катта ҳамширалар Ҳ. Расулова, Г. Муродова ва оила шифокори Т. Турсуновалар ҳам ўз вақтида "Соғлиқни сақлаш аълочиси" медалига сазовор бўлган.
Турли йилларда соҳани бошқариб келган раҳбарлар ва тиббиёт ходимлари туман аҳолиси саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда соҳани ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келдилар. 1996-2002 йилларда А. Абдуҳакимов, 2002-2003 йилларда Т. Эшназаров, 2003-2004 йилларда Ш. Ибрагимов, 2004-2006 йилларда Ш. Хусаинов, 2006-2012 йилларда Д. Тўғаев, 2012-2017 йилларда С. Мўминов, 2017-2018 йилларда Н. Очилов, 2018-2020 йилларда А. Мустафоев, 2020-2021 йилларда А. Қиличев, 2021-2022 йилларда И. Бобобеков, 2022-2023 йилларда А. Усанов, 2023-2024 йилларда Х. Хабибов, 2024-2025 йилларда Ш. Жабборов раҳбарлик қилган. 2025 йил 12 августдан буён Туман соғлиқни сақлаш бўлимига Т. И. Холиқова раҳбарлик қилиб келмоқда.
Аҳолига тиббий хизматни маҳаллалар кесимида яқинлаштириш мақсадида туманнинг 35 та маҳалласида 63 та тиббий бригада шакллантирилган. Ушбу бригадалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, профилактик тадбирларни амалга ошириш ва тиббий ёрдамни аҳоли яшаш жойларига яқинлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Оқдарё тумани тиббиёт тизими ўзининг кўп йиллик тараққиёт йўлида оддий тиббий хизмат кўрсатиш тизимидан замонавий, профилактикага йўналтирилган ва рақамли технологиялардан фойдаланувчи соғ-лиқни сақлаш тизимига айланиб бормоқда.
Мавзуга оид:
ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИНИ ОШИРИШ - БОШ МАҚСАДИМИЗ
- 16 июн, 15:39
Тиббиёт муассасаларида нима гап?
- 26 апр, 11:02
Саломатлик
- 21 янв, 14:51
махсус-тактик машғулотлар
- 11 дек, 15:36





