Устозлар кунига

Инсоннинг ҳаётида шундай инсонлар, шундай жойлар ва шундай ҳислар бўладики, кейин жисман қанчалик узоқлашманг, қалбингизнинг яқингинасида тураверади. Қалбга фарқи йўқ, кўтариласизми, осмонга чиқибкетасизми, тушасизми, уриласизми. Яқин жойлар, яқин инсонлар яқинлигича қолади, ҳатто у жойларга йиллаб бормасангиз ҳам. «Оқдарё овози» таҳририяти мен учун шундай жой. Бу ердаги инсонлар, руҳ, ҳаво, ҳатто муаммолар ҳам қадрдон. Илк марта бу ерга келганимда, умримда мақола ёзиб кўрмаган, аммо журналистикага ҳаваси баланд тажрибасиз талаба эдим. Бир ташкилотда уч ойдан бери маошсиз ишлаб, буйруғим ҳамон чиқмайётган, суҳбатларга бориб ҳамма саволларига жавоб берсам-да, на ишга олишар ва на олмасликларини айтишар, тоқатим тугаб тумандандан кетиш ҳақида ўйлаётган пайтим. Устоз Ойгул Маматова бир куни газета бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев чақирганини айтиб қолди. Бордим. Суҳбатлашдик.

– Ҳали-бери сени ишга олишмайди булар, – дея кулди устоз, – Сен эса негалигини тушунмай юраверасан. Бизда ишлайсанми? Муҳаррир қилиб оламан, мақола ёзасан, суратга оласан, лавҳалар тайёрлайсан.

– Билмасам, – дедим мен ҳайрон бўлиб, – ишламаганман аввал, журналистикада ўқимаганман, хорижий тил бўйича ўқиганман.

– Ўрганиб кетасан. Бориб ота-онанг билан маслаҳатлашиб кўр.

Университетни эндигина тугатган, журналистика бўйича ҳеч қандай дипломи ҳам, тажрибаси ҳам бўлмаган қизни муҳаррир сифатида ишга олган устоз Йўлчи Муҳаммадиев тақдиримни ҳал қилди. Газетада 5 йил ишладим, жуда кўп қадрдонлар орттирдим, кўплаб ҳаваскор ва иқтидорли шоир-у ёзувчилар билан танишдим, шунча йил яшаб билмаган туманим ҳаётини шу ерда танидим. Шу куйи журналистика йўлидан кетдим, шу ерда ишлаб туриб иккинчи мутахассисликка журналистика бўйича ўқидим, ўқишда давом этяпман. Агар йўлим Тошкентга тушиб, бу ерга турмушга чиқмаганимда, балки ҳамон шу ерда ишлаётган бўлардим.

Ҳозир Олий суднинг нуфузли нашрида ишлайман, ўз ўрним, лавозимим, ютуқларим бор, аммо ҳаёт мактаби деганда энг аввало «Оқдарё овози» газетаси, у ердаги иш фаолиятим, ўрганганларим, қадрдон бўлиб кетган жамоа, мени бу ерга етаклаб борган, мактабдан устозлик қилган Ойгул Маматова, хатоларимни эринмасдан тушунтирган, тўғри йўлга бошлаган Йўлчи Муҳаммадиев ёдимга тушади. Устозлар байрами, устозлар куни деганда, энг аввало уларни эслайман. Уларга миннатдорчилик билдиргим келади.

Ҳаммаси учун раҳмат!

Сиз бошлаган бу йўлдан чексиз миннатдорман. Ўргатганларингиз бутун иш ҳаётим давомида асқотмоқда, бугунги ютуқларим, аввало сизнинг меҳнатингиз туфайли. Устозлар куни муборак бўлсин!

Машҳура Ворисова