УМРИНИ МАОРИФГА БАҒИШЛАГАН ПЕДАГОГ

Умринг ўтиб ёшинг бир жойга борганда, ўтган умрингни сарҳисоб қилиб, бу дунёга келиб-кетганларни эслаб, баъзиларидан фахрланиб, хурсанд бўлиб, баъзиларидан ачиниб, ўтган ҳаёти увол бўлганидан хўрсиниб, бу дунё чиндан-да бебаҳо эканлигига чин дилдан ишонч ҳосил қилар экансан.
Қишлоғимизда жуда кўплаб фахрланса арзийдиган кишилар яшаб ўтган. Ана шундай фахрланса арзийдиган кишилардан бири - элга хизмат қилган муаллима Сарвар Баҳромова ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. 
Сарвар Баҳромова 1947 йил 21 апрелда Оқдарё тумани собиқ Октябрь қишлоқ советига қарашли Жағалтой қишлоғида туғилган. 1954 йил Оқдарё туманига қарашли 72-мактабнинг 1-синфига қабул қилиниб, 1961 йил шу мактабни аъло баҳолар билан битирган. 
Собиқ иттифоқ даврида 1960-61 ўқув йиллари маориф соҳасида кенг ислоҳотлар олиб борилди. Шу йиллар давомида Ўзбекистон Республикасида ҳам бу ислоҳотлар амалга оширилиб "Политехник" таълим жорий қилинди. Яъни ўқув жараёнига жуда кўплаб фанлар киритилди. Шу муносабат билан дастлаб 8 йиллик, кейин 11 йиллик мактаблар жорий қилинди. Бу мактаблар дастлаб район марказидаги мактаблар базасида ташкил қилинган эди. Шу сабаб қишлоқлардаги 7 йиллик мактабни битирган ўқувчиларни асосан район марказидаги М. Ломоносов номли 20-ўрта мактабга қабул қилинадиган бўлди. Юқоридаги сабабларга кўра Сарвар Баҳромова ҳам 1961 йил шу мактабга қабул қилиниб, 1963-64 ўқув йилида ушбу мактабни аъло баҳолар билан битириши баробарида мактабгача тарбия масканида ишловчи тарбиячи мутахассислигига эга бўлди. 
Жорий қилинган 11 йиллик мактаб битирувчиларига аттестат билан бирга қўшимча касб эгаллаганлиги ҳақида ҳужжат ҳам берилар эди. Ўғил болаларга қишлоқ хўжалигида ишловчи механизатор касби, қизларга эса мактабгача тарбия муассасасида тарбиячи касбини ўргатар эди ва шу касбни эгаллаганлиги ҳақида ҳужжат берар эди. 
Биз Сарвар Баҳромова билан бир қишлоқда қўшни бўлиб яшаганмиз. Ёшлигимиз деярли бир ҳовлида ўтган. Сарвар ёшлигиданоқ илмга чанқоқ қиз эди. У дўстларига, тенгдошларига меҳрибон, жуда хушчақчақ, самимий эди. Бу хислатлари ёши улғайган сари ривожланиб, у чин маънодаги мураббийга айлана бошлади. 
Эсимда, 1961-1962 йиллар биз Абдухалил ўоффоров билан отга қўшиладиган культивация билан пахта орасига ишлов берамиз. Сарвар эса тенгқур қизлар ва ёши улғайиб қолган колхозчилар билан пахтани чопиқ қилади. У пайтлар дала шийпони бўлар эди. Тушлик пайтида пахтада ишловчи барча ишчилар, ҳатто табелчи ва бригада бошлиқлари ҳам дам олар эди. Ана шу дам олиш пайтида ёши катта аёлларга қўшилиб қизлар ҳам кашта-сўзана тикишиб, халқ қўшиқларидан хиргойи қилишар эди. Қаҳрамонимизни овози жуда ёқимли бўлиб, Республикада хизмат кўрсатган артист Коммуна Исмоилованинг қўшиқларини мароқ билан худди ўзидай қилиб куйларди. Бу қўшиқлардан завқи келган шўх аёллар ўйинга тушиб кетишар, бу ўйин-кулгу узоққа чўзилар, ўйин-кулгудан чарчаган аёллар "уф" деб чўзилиб қоларди. Шундан сўнг китобхонлик бошланар эди. Сарвар опа ўзи билан олиб юрадиган "Алпомиш", "Фарҳод ва Ширин", "Ширин билан Шакар", "Тўрт ўғил", "Тоҳир ва Зуҳра" каби достонларни ифодали қилиб ўқишнинг устаси бўлганлиги сабабли жим ўтириб  тинглашар, дам олишдан сўнг муҳокамага ўтишарди. Таътил кунларимизни колхозда ишлаб, ана шундай завқли ўтказганмиз.
Сарвар Баҳромова 1964 йил М. Ломоносов номли 20-ўрта мактабни битиргач, ўзи ўқиб кетган Темерязев номли мактабда, яъни ҳозирги 28-мактабда ишни етакчи вазифасидан бошлади. Билимини оширишга иштиёқи юксаклигидан ота-онасининг қаршилигига қарамасдан 1965 йил Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ҳужжат топшириб, шу йили ўқишга кирди ва сиртдан ўқий бошлади. Унинг қобилиятини сезган мактаб раҳбарлари унга она тили фанидан дарс беришди. У дарсни пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштиёқ билан ўтар, ҳар бир дарсини қизиқарли қилиб ўтиш йўлларини излар эди. Бадиий китобларни кўп ўқир, методик қўлланмалардан фойдаланиб,   дарсни кўргазмали бўлиши учун турли хил воситалардан фойдаланар эди.
С.Баҳромова 1971 йили СамДУнинг филология факультетини муваффақиятли битиргач, ўзига ишонган, профессионал билимга эга бўлган ўқитувчига айланди. Айниқса, Тошкентдги А.Авлоний номидаги ўқитувчиларнинг малакасини ошириш марказий институтида ўқиб келиб тажрибаси янада ошди. Малака ошириш институтида ўқиш жараёнида дарсликлар, методик қўлланмалар парталларидан сабоқ олди. Шундан сўнг ҳақиқий маънодаги она тили ва адабиёти фани ўқитувчисига айланди.
Мактабда ишлаб юрган даврида юқори синф ўқувчилари билан Саид Аҳмаднинг "Уфқ" трилогияси асосида китобхонлар конференциясини ўтказди. Бу конференция туман халқ маорифи бўлимидан, ҳокимият, маданият бўлимидан ходимлар, кутубхоначилар, ота-оналар иштирокида колхознинг мажлислар залида, яъни клубида ўтказилди. Ўтказилган бу тадбир тумандан келган вакилларга маъқул бўлди. Шундан сўнг уларнинг тавсияси билан С.Баҳромова 1973 йили мактабга директор ўринбосари вазифасига тайинланди ва у эндиликда ўзига билдирилган ишончни оқлаш учун икки баробар куч билан ишлай бошлади. Мактаб ўқувчилари туман, вилоят фан олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллай бошлашди. Таълим соҳасидаги ютуқлари юқори ташкилотлар томонидан ўрганилиб, муносиб тақдирланди. 1973 йилнинг март ойида С.Баҳромова "Побидетель социалистического соревнование" нишони билан тақдирланди. Худди шу йили "Адабиёт дарсларида синфдан ва мактабдан ташқарида олиб бориладиган ишлар" мавзусида вилоят педагоглар жамияти ўқишида чиқиш қилиб, ўқиган маърузаси республика педагогик ўқишига тавсия этилди. Шу сабабли 1973-1974 ўқув йили март ойида тажрибали педагог республика педагогик ўқишда иштирок этиб келди. 
У ўзига берилган топшириқ ва вазифаларни астойдил бажаришга ҳаракат қилар эди. Шунингдек, туман радиосида "Мактаб ва маориф" ҳақидаги долзарб мавзулар бўйича кўплаб чиқишлари билан иштирок этар эди. Туман ҳокимлиги томонидан берилган барча топшириқларни ҳам беками-кўст бажариб келганлиги туфайли туман ҳокимияти пленуми аъзоси этиб сайланган эди. Бир неча бор сайлов участкаси раиси сифатида сайловларда ҳам иштирок этган.
1974 йили ўқитувчиларнинг август конференциясида Ўзбекистон Республикасининг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган IV съездига вакил қилиб номзоди кўрсатилди ва сайланди. Ўзбекистон Республикаси ўқитувчиларининг IV съезди 1974 йилнинг 24-25-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтди. Съездга   туман халқ маорифи бўлими мудири И.Қиличев, 24-мактабнинг директори Ф.Ҳотамов, 45-ўрта мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси ва 6-ўрта мактабнинг география фани ўқитувчисидан иборат делегатлар съездда иштирок этиб келишди. Сеъздда иштирок этиб келган С.Баҳромова бу анжуман таассуротларидан руҳланиб, янги куч ва ғайрат билан ишлай бошлади. 
С.Баҳромова раҳбарлигида мактаб ўқувчилари мактаб, туман миқёсидаги фан олимпиадалари ҳамда мактабдан ташқари тадбирларда, беллашувларда фаол иштирок этиб, доимо олдинги ўринларни эгаллаб келар эди. Шунингдек, ўқувчилари билан спорт мусобақаларида ҳам доимий равишда юқори ўринларни эгаллаб келди. Мактабда олиб борилган самарали ишлар натижасида 1974-75 ўқув йилида мактабни битирган 75 нафар ўқувчидан 29 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Бундай муваффақиятлардан сўнг туман ҳокимияти ва халқ маорифи бўлимининг тавсияси билан Сарвар Баҳромова 1975 йили мактаб директорлиги вазифасига тайинланди. 
Албатта ҳар бир кишининг меҳнати қадрланса, тақдирланса унинг кучига-куч қўшилади, янада ғайратланади, ишида мазмун бўлади. Сарвар Баҳромова ана шу ҳиссиётларни кўнглига тугиб директорлик фаолияти давомида юқори ишчанлик ва масъулият билан ишлай бошлади. 28-мактаб туман   миқёсида барча кўрсаткичлар бўйича юқори ўринларга чиқиб олди. Бу меҳнатларининг самараси ўлароқ 1981 йили С.Баҳромова Ўзбекистон ССР "Халқ маорифи аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Иш жараёни давомида таълим самарадорлигини янада фаоллаштириш мақсадида мактабга замон талабига мос янги техника воситаларини олиб келди. Рус тили ва чет тили фанларини ўқувчилар яхши ўзлаштириши учун лингафон кабинетлар ташкил қилинди. Шунингдек, раҳбар сифатида мактаб педагогик жамоасини билимли кадрлар билан бойитиб борди. Мактаб жамоасини иш фаолиятини яхшилашда ота-оналарнинг фикрини ҳисобга олиб, улар билан маслаҳатлашиб, турли-хил учрашувлар ўтказиб ўқувчиларга дарс бериш сифатини оширди. Айниқса, мактабда: "Ўлкамизни ўрганамиз" шиори асосида ҳар йил III чоракдан сўнг таътил кунлари бирор тарихий шаҳарга экскурсия уюштирилар эди. Унинг бошчилигида Самарқанд, Тошкент, Душанбе, Озорбайжон Республикаси шаҳарлари, Грузия Республикаси шаҳарларига саёҳат уюштирилиб, аълочи ўқувчилар шу йўл билан тақдирланар эди. Ўқувчилар эса қардош халқларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи билан танишганидан жуда хурсанд бўлишар эди. Собиқ иттифоқ маркази Москва шаҳрига қилинган саёҳат ўқувчилар қалбида узоқ сақланди. Негаки, у шаҳарга самолётда учиб боришди. Москва шаҳар метросини кўришди, музейларда бўлишди, энг муҳими эса Кремль саройини кўриш ўқувчиларда бошқача таассурот уйғотган эди. 
С.Баҳромова 1985 йили Республика марказий малака ошириш институтининг      сектор группасида иштирок этиб, туман марказидаги 45-ўрта мактабда тажрибали ўқитувчи Дамин Абдиев билан биргаликда тумандаги она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларини ўқитдилар ҳамда замонавий ўқитиш усуллари билан таништириб бордилар.
Сарвар Баҳромова 1986 йилдан бошлаб Нарпай туманидаги кўзга кўринган Ҳ.Олимжон номли 31-ўрта таълим мактабида ўқитувчилик фаолиятини давом эттирди. Бу мактабда ҳам ўқувчи, ўқитувчилар, ота-оналар меҳрини қозониш учун қўлидан келган ҳамма ишларни амалга оширди. Дастлаб мактабда она тили ва адабиёти фани хонасини янгича усулда жиҳозлади, хонада мўъжазгина кутубхона ташкил қилиб, турли тадбирлар ўтказиб, ўқувчиларни китобга бўлган қизиқишини ошириб борди. Олиб борилган бу ишлар мактаб маъмуриятига маъқул келиб, унга мактабнинг она тили ва адабиёти фани услубий бирлашмаси раҳбарлигини ишониб топширдилар. Бу соҳада ҳам ибратли ишларни амалга ошириб ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳурматига сазовор бўлди. Шунингдек, хотин-қизлар билан олиб борилган ишлар мактаб дирекциясига маъқул бўлгач, мактабда хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида иш олиб бора бошлади. Ўқувчи қизлар билан, уларнинг оналари билан турли хил мавзуларда учрашувлар олиб борди. У мактаб жамоаси билан маслаҳатлашган ҳолда қизлар тарбиясига: ўқишига, кийинишига, хулқига эътиборни кучайтирди. Қизлар тарбияси мактабда ва оилада қаттиқ назоратга олинди.
Мактабда олиб борилган ишлар ҳақида туман хотин-қизларининг йиғилишида "Мактабда хотин-қизлар билан ишлаш тажрибаси" мавзусида маъруза билан чиқди. Йиғилишдаги унинг маърузаси баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу маърузага туман ҳокими ҳам ўз фикрларини билдирди. Олиб борилган бу ижобий ишлар туман раҳбарларини эътиборига тушиб, улар томонидан Сарвар Баҳромова Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими унвонига тавсия қилинади ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими деган шарафли унвон соҳибасига айланади. 
1989 йили 21 октябрда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Бу айниқса, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига катта масъулият юклади. Ўзбек тили тўғрисида Республика бўйича кенг баҳс ва мунозаралар бўлди. Бу жараёнда ҳам фаол иштирок этган опамиз Жиззаҳда ўтказилган Республика конференциясида иштирок этиб келди. 1991 йил Ўзбекистон педагогик жамиятининг IV съездига Самарқанд вилоят конференциясида конференция делегатлари томонидан номзоди сайланди ва 14-21 апрелда Тошкентга бориб IV Ўзбекистон педагоглар жамиятининг съездида иштирок этди.
Сарвар Баҳромовани узоқ йиллар олиб борган самарали меҳнати қадрланиб, яқинда давлатимиз томонидан "Меҳнат фахрийси" мукофоти билан тақдирланди.
Халқ маорифида узоқ йиллар ишлаб ўзига хос намуна кўрсатган Сарвар опа Баҳромова билан мен ва маҳалладошларимизнинг барчаси бирдай фахрланамиз. Фарзандлари ва набиралари орасида узоқ умр кўришини, ҳаётий тажрибаларидан ёшларга сўзлаб бериб, эл суйган мўътабар онахон бўлиб юришини истаб қоламиз.
Равшан НОРҚУЛОВ,
фахрий педагог.