ЭЗГУ МАҚСАД ЙЎЛИДА


"Сабр" Республика ижтимоий-иқтисодоий ривожланиш маркази томонидан Европа Иттифоқининг "COVID-19 нинг Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидаги  ҳимояга муҳтож аёллар ва ёшларга таъсирини юмшатиш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун ННТларнинг институционал ва ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида туманимизда ҳам "Чойхона" қишлоқ ахборот-ресурс маркази ташкил этилган. Марказимизда тикиш-бичиш, қандолатчилик, сартарошлик иши, миллий ҳунармандчилик, компьютер саводхонлиги, маникюр-педикюр каби 6 та йўналишлари буйича касбий-кўникма курслари ташкил этилган. Қиска муддатли ушбу курслар 2021 йилнинг 23 апрелида илк бор ўз фаолиятини бошлаган ҚАРМда Оқдарё туманининг COVID-19 асоратларидан зарар чеккан қишлоқ аёллари ва ёшлари учун бериб борилди. 
Шу пайтгача марказда туманимизнинг 348 нафар кам таъминланган аёллари ва ёшлари юқорида санаб ўтилган йўналишлар бўйича касб-ҳунарга эга бўлганлиги ҳақида  сертификатлар билан тақдирланган. Ушбу курсларнинг ўзига хослик томони шундаки, лойиҳа доирасида курс битирувчилари кичик тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида бизнес режаларини тақдим этиш ва 3 миллион сўмгача бизнес-грантлар ютиб олиш имкониятига эга бўлишади. 
Кейинги босқичда "САБР" Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази қошидаги вақтинчалик мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан бизнес режалар кўриб чиқилади, муаллифларниг бизнес ғоясига таяниб шарт-шароитлари ўрганилиб, қонун доирасида ва танлов асосида  бизнес-грант (ғолибларини) совриндорларини аниқлайди. Қўмита шунингдек, муаммоларни ҳал этишнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида "Чойхона" ахборот-ресурс марказлари билан ҳамкорлик ишларини амалга оширади. Қўмитага маҳалла ва оилани  қўллаб-қувватлаш бўлими вакили, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман Ёшлар агентлиги етакчиси,   МФЙ хотин-қизлар масаласи  бўйича маслаҳатчилар аъзолик қилишади. Бизнес-грантлар совриндорларига пул эвазига марказ ходимлари томонидан сотиб олинган асбоб-ускуналар, керакли жиҳоз ва анжомлар тариқасида топширилади.   
Ҳозирги пайтга келиб, 47 нафар хотин-қизлар ва ёшлар қўлга киритган бизнес-грантларнинг умумий қиймати 115 млн сўмга етди. Шундай грантлардан бирини миллий ҳунармандчилик йўналиши бўйича сертификат эгаси оқдарёлик Мадина Қобулова ҳам ўтган йилнинг июль-август ойларида 2 млн.500 минг бизнес-грант ютиб олиб, Лойиш шаҳарчасида жойлашган хонадонидан туриб ҳунармандчилик фаолиятини бошлаб юборди. Бугунга келиб, Мадинанинг оиласи кичик тадбиркорлик ишларига жалб этилди ва молиявий шароитини яхшилаб, оилавий даромадни ошириш имконияти кенгайди.  Бунда албатта Мадинанинг марказда орттирган билим ва кўникмалари  асқотди. 
Яна бир оқдарёлик касб курслари тингловчиси Замира Аззамова Бўтанаш қишлоғи маҳалла вакилларининг тавсияга асосан ўтган йилнинг ёз ойида ҚАРМга ўқишга келди ва  орттирган кўникмалари асосида қандолатчилик соҳасида бизнес лойиҳа ёзиб топширди. У 2.300 минг сўм эвазига керакли асбоб-ускуналар билан тақдирланди. 
- "Касб-ҳунар кўникма курслари менга уйдан туриб кичик бизнес фаолиятини бошлаш имкониятини берди. Ҳозирда маҳаллий бозор дўконларига ўз пишириқларимни тарқатиб, оилавий даромадимни оширишга сазовор бўлдим", - дейди мамнунлик билан Замира. 
Айни пайтда эса кичик тадбиркор Замира келажакда ўзининг тадбиркорлик ишини янада кенгайтириш мақсадида маҳаллада қандолатчилик цехини очиш ҳаракатида. 
Оқдарё қишлоқ ресурс марказида бундан ташқари маҳалла аҳолиси учун ижтимоий маслаҳат хизматлари бериб борилади ва ҳозирга келиб 173 киши бундай имкониятдан тўлиғича фойдаланди. Бундай маслаҳатлар Европа Иттифоқининг  COVID-19 ло-йиҳаси мақсадига биноан аёллар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшди ва малакаларини оширди. 
Бугунги кунга қадар Оқдарё ҚАРМи фаолияти доирасида қу-йидаги ишлар амалга оширилди: 
- 348 нафар Оқдарё хотин-қизлари ва ёшлар "Чойхона" қишлоқ ахборот-марказида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўргандилар ва малака оширдилар. 
- 47 нафар аёллар ва ёшлар ўзларининг тадбиркорлик ва кичик бизнес фаолиятларини бошлаш учун танлов асосида 115 млн. сўмгача грант маблағларини олдилар.  
- 108 дан ортиқ маҳаллий аҳолининг мақсадли гуруҳлари шифокорлар, ҳуқуқшунослар ва шахсий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича мураббийлар маслаҳати билан қўллаб-қувватланди.
Норбуви НУРМАТОВА, 
                         туман қишлоқ ахборот ресурс маркази 
                                                 координатори.