Педагог минбари

КАСБ-ҲУНАРГА ЙЎНАЛТИРИШ 

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

Ёш авлодни касб-ҳунарга йўналтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.  Бу борада ёшларнинг касбни эркин ва мустақил танлашлари учун мустаҳкам замин яратувчи ташхис хизматига илмий-амалий тизим сифатида қараш лозим. Бу тизим орқали ҳар бир ўқувчи шахсни касбга йўналитиришда ҳам индивидуал хусусиятларини халқ хўжалиги манфаатлари нуқтаи назардан меҳнат ресурсларини тўлақонли таъминлаш заруратини ҳисобга олиш керак. Лекин бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларни касбга йўналтиришнинг илмий-амалий тизими етарлича ишлаб чиқилмаган, илмий-педагогик асослари талаб даражасида яратилмаган. Бундан ташқари ҳозирги кун талаблари асосидаги тезкор янгиликлар, замонавий технологик ўқув қўлланмалар, дарс ишланмалари, кўргазмали воситаларнинг камлиги, касб танлаш меъзон ва меъёрларининг белгиланмаганлиги, касб танлаш бўйича тезкор алоқанинг ўрнатилмаганлиги каби муаммолар долзарб масалалардан биридир.

Касбга йўналтириш деганда шахс касб танлашда уни қизиқишлари, айни пайтда жамиятда шу касбга бўлган эҳтиёж ва шу билан бирга шахсда шу эҳтиёжларга асосланган ҳолда имкониятлари даражасини хисобга олиб унга касбий консултация,касбий адаптация ва психологик таълим тақдим этиш асосида уни у ёки бу касбга йўналтириш ва ёрдам кўрсатиш тушунилади. Касб-ҳунарга йўналтиришнинг турли назарий изоҳлари орасида ҳозирги вақтда иккита энг муҳим тушунчани кўрсатиш мумкин, булар:

- Aнъанавий (диагностик);

- Замонавий (ривожлантирувчи);

Aнъанавий (диагностик) касб-ҳунарга йўналтириш назариясининг асосий вазифаси шахсда касбий мойилликни ундаги психологик хусусиятлар ва шахсий эҳтиёжларини солиштириш йўли билан аниқлаш. Бунда асосий масъулият касбий консультантга юкланади. У тест ўтказиш йўли билан ва улардан олинган натижа асосида шахсни у ёки бу касб-ҳунарга мойиллигини аниқлайди. Бу ҳолда шахс, яъни таълим олувчи пассив ролини ўйнайди. Замонавий (ривожлантирувчи) касб-ҳунарга йўналтириш концепцияси шахс ўз келажагини аниқлашда актив иштирокини назарда тутади. Бунда асосий эътибор шахс-нинг турли хил соҳаларни эгаллаши жараёнида ундаги ривожланишни аниқлашга қаратилади. Касб-ҳунарга йўналтириш ўқув-тарбиявий ишларининг қисми сифатида кўрилади. Касб-ҳунар танлашга тайёргарлик эса шахсга жамият томонидан таъсир этувчи бир тарбиявий тизим асосида кўрилади.

Мактаб, оила, маҳалла ва ишлаб чиқаришнинг ҳамдўстлиги ёш авлодни янги руҳда тарбиялашнинг асосий принципи ҳисобланади. Ўқувчиларда профессионал қизиқишларини ривожлантириш ва таркиб топтириш, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги хизмат кўрсатиш соҳаси ишчи касбларига ижтимоий эътиборнинг ортиши, ҳаёт йўлини онгли равишда танлаш ишининг муваффақияти мактаб, оила, маҳалла ва ишлаб чиқаришнинг биргаликда олиб борилган самарали ишларига боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, ўрта умумтаълим мактабларида касб-ҳунарга йўналтиришни такомиллаштириш, касб-ҳунар танлаш учун ўқувчи ўз имкониятларини баҳолай олиш кўникмасига, яъни ақли, қизиқиши, ҳар хил касблар бўйича маълумотга эга бўлиши бу касбларнинг имкониятлари, келажаги ҳақида ахборот ва янгиликлардан хабардор бўлиб бориши зарур.

Гулноза Мамарасулова, 

35-умумий ўрта таълим мактаби амалиётчи психологи.       

Мавзуга оид: