Ҳаёт манзаралари “ЎЗИМИЗНИНГ ДОРИХОНА” Воқеий ҳикоя

Норматнинг хотини тўсатдан оғриб қолди. Бир умр далада   ишлаб, касалхона нима эканлигини билмаган Тозагул у ер-бу ери оғриб қолса қишлоқ дўхтиридан маслаҳат олиб дори ичиб кетар, шунда гўё соғайиб кетгандек бўларди. Лекин бу сафар  қорин қисмида оғриқ борган сари зўрайиб борар, аёл тишини тишига қўйиб зўрға чидарди. Хотинининг аҳволидан ташвишга тушган Нормат дарҳол туман марказидаги касалхонага шошилди. 
“Тез ёрдам”даги танишларига телефон қилиб вазиятни тушунтирди. Беморни текшириб кўрган шифокор дарҳол оғриқни қолдирувчи укол қилди. Кейин Норматни четга тортиб:
- Ака, менинг маслаҳатим, янгани шаҳарга, вилоят   касалхонасига олиб бориб яхшилаб текширтириш керак. Ҳозирча оғриқ босилди, - деди.
- Ишқилиб хавфли эмасми? - Хавотирланиб сўради эр.
- Ҳозирча аниқ бир нарса дейишим қийин, у ерда бир ўткир, тажрибали дўхтир бор, фалончиев шифокор дейишади, - у шаҳардаги дўхтирнинг фамилиясини айтди.
- Танийман, у кишини, - деди Нормат қувониб, олдин ҳам   бир-икки марта жўраларимизникига келганда суҳбат қилганмиз.
Хотинининг оғриғи босилди шекилли, бироз хотиржам кўринди.
- Энди хотин, шаҳарга борамиз, – деди Нормат машина рулига ўтираркан.
- Нега, оғриқ қолдику, - ҳайрон бўлди аёли.
- Бир зўр танишим бор, сени бир яхшилаб текшириб кўрсин. Агар ётиб даволансин, деса касалхонада ётасан.
- Нималар деяпсиз, уйда усталар бўлса, уларга ким овқат қилиб беради, келиннинг ой куни яқин бўлса, - деди Тозагул ўпкалагандек. 
- У ёғидан хавотир олма. Менга сени соғлигинг керак хотин,   олдин борайлик, кейин кўрамиз.
Вақт кечга яқин бўлганлиги учун касалхона йўлагида ҳеч ким кўринмасди. Нормат тепасида “Бўлим мудири С.Эргашев” деб ёзилган эшикни очди. Хонада кўзойнак таққан олтмиш ёшлардаги бақувват бир киши ниманидир ёзиб ўтирарди. Норматни кўриб ўрнидан турди.
- Келинг, Норматвой, - дея у билан худди қариндошлардек кўришди, ҳол-аҳвол сўради.
- Ёрдамингиз керак, Суннат ака, - деди Нормат докторга нажоткорига қарагандек. Шу десангиз, келинингизнинг тоби қочиб қолди. Қорним оғрияпти, деб кун ора безовта бўляпти. Шунга келувдик.
- Беморнинг ўзи қани?
- Ҳозир чақираман.
«Зўр» доктор беморни дастлаб кўзларини, тилини кўрди, кейин қорин қисмини кўраркан, оғриқ қаерда эканлигини сўраб-суриштирди. Кейин Норматга юзланиб:
- Ҳозир мен дори ёзиб бераман уларни олиб келасиз, унгача келин палатада дам олиб туради, - деди.
Нормат доктор ёзиб берган дорилар қоғозини оларкан, ишқилиб пулим етсинда, деб ўйлади. Шаҳарнинг бир неча дорихонасини айланиб чиқди. Аммо ёзиб берган дорилар топилмади. Ноилож орқага қайтиб, докторга учради.
- Бирорта дорихонада бу дорилар йўқ экан. Сизнинг танишларингиз кўпку, бирортасида йўқмикан, - деди Нормат иши юришмаганлигидан хафа бўлиб.
- Танишларим бор, улардан сўраб кўрайликчи, - деди доктор ва кимгадир қўл телефонидан сим қоқди.
- Алло, Азиз, ҳозир бир киши олдингга боради. Қўлида рецепти бор, барча дориларни топиб бериб юбор. Нима дейсан, ҳа, пулини нақд тўлайди, бўпти, - дедида, Норматга касалхонанинг ўнг томонида жойлашган дорихонага боришини тайинлади.
Иши битаётганидан хурсанд бўлган Нормат тезда дорихонага шошилди.
- Азиз ким, - деди Нормат дорихона ичкарисига кираркан, суҳбатлашиб турган йигитларга.
- Мен, - деди эгнига оқ халат ташлаб олган йигит. - Сизни дадам жўнатдими?
- Ҳа, - деди Нормат, - сиз у кишининг ўғлимисиз?
- Ҳа, - деди йигит унинг қўлидаги рецептни оларкан. – Қанча дори керак бўлса бемалол келаверинг, бу бизнинг оилавий дорихонамиз.
Нормат дориларни оларкан, нақд олти юз минг сўм тўлади. Ташқарига чиқаркан, бу дорилар нега бошқа дорихоналарда топилмаганини сабабини тушунгандай бўлди. Демак, бу доктор Эргашевнинг шахсий дорихонаси эканда. Нега ундан яширди экан.
Касалхонага қайтиб борганда, хотини палатада аёллар билан суҳбатлашиб ўтирар, гўё касал бўлмагандек эди.
- Яхши бўлиб қолдингми, хотин?, - деди Нормат кўнгил сўраб.
- Ҳа, яхши. Доктор эрингиз келса уйга қайтсаларинг ҳам бўлади, деди. Ўзи қаергадир кетди, - деди хотини.
- Бўпти, кетдик ундай бўлса.
Улар уйларига кетишди. Хотини ҳам дорисиз тузалиб кетди. Олган дорилари ҳамон токчада турибди. Шу воқеадан кейин Нормат ўша докторга қайта учрашмади. Фақат бекорга уни харажатга туширган докторнинг юзини ҳам кўргиси келмас, ўзига ўхшаш яна қанча одамларни лақиллатди экан, деб ўйларди. 
 Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: