Самарқанд мушоираси


САМАРҚАНД МУШОИРАСИ


Кеча Самарқанд шаҳрининг  "Пушкин" номли кутубхонасида  2020 йилнинг ижодий ютуқлари ва жорий йилнинг улкан режаларига бағишланган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими аъзолари ҳамда вилоятимиз туманларидан ташриф буюрган ижодкорлар  иштирокида адабий анжуман бўлиб ўтди.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов ҳамда вилоят Журналистлар уюшмаси раҳбари Фармон Тошев, Ёзувчи Нусрат Раҳмат, шоира Хосият Бобомуродова, Эркатош Шукуровалар адабиёт аҳлини қутлуғ кунлар билан муборакбод этди. 2020 йилда  Уюшма аъзолигига қабул қилинган адиб ва шоиралар сўзга чиқиб, ўзларининг ижодий режалари ҳақида сўзлаб, юксак ишонч учун миннатдорчилик билдирдилар.

 Тантанали ижодий анжуманимизнинг асосий дастурида  вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан “Зарафшон кутубхонаси” туркумида   чоп этилган “Зарафшоннинг Беҳбудийси”,“Самарқанд мушоираси” китоби ҳамда Сурат Ориповнинг “Шоир юраги”, Эркин Азаматовнинг “Юрак гавҳари”, “Шарқ Юлдузи” журналининг Самарқандлик ижодкорларга бағишланган 2020 йил 6-сони китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотга киритилган китобларнинг аксарияти Оқдарё туманининг ижодкорларига дахлдорлиги  анжуман иштирокчиларининг диққат эътиборида бўлди. 

Оқдарё туманидан иштирок этган  Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Гулҳаё Анороваларнинг иштироки, ушбу юртдошларимизнинг ижод намуналари “Самарқанд мушоираси” китобининг бош саҳифаларидан ўрин олганлигидан  қанчалар фахрлансак ҳақлимиз. Мушоирада Фарҳод Рўзиев шеър ўқиди ва иштирокчиларнинг олқишларига сазовор бўлди. Биз оқдарёлик ижодкорлар тумандошларимизнинг вилоят мушоирасининг соҳиби бўлганликлари билан табриклаймиз, Республика ва жаҳон ижодий анжуманларида иштирок этиш бахти ёр бўлсин! 

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, тумандошимиз шоир ва адиба Ойгул Маматова нутқ сўзлади. Оқдарё ижодкорларининг ютуқлари, келажак режалари тўғрисида фахрланиб сўзлар экан, барча иштирокчиларни  биз режалаштирган  ёш ижодкорларимизнинг  “Оқдарё соҳилида дуэл” ига таклиф қилди. Забардаст журналис ва адиб, шоир Фармон Тошев ҳамда Таниқли шоирамиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродовалар дуэлда шахсан секундант (ҳайъатга бош бўлиш)  истагини билдирдилар. Республикамизда машҳур таниқли адибларнинг Оқдарёга келиши, “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳи қошида ташкил этилаётган шеърият “дуэл”ида иштирок этиши биз оқдарёлик ижодкорлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Албатта, ушбу тадбирни намунали ўтказишимизга  ҳамда бу анжуманнинг туманимиз ижоджий муҳитида  тарихий воқеага айланишига ишончимиз комил.


                                                       Гулсара Тинибекова. “Оқдарё овози”                       

                                                      газетасининг адабиёт ва маърифат бўлими раҳбари.     

Мавзуга оид:
ИЖОДИЙ РАҒБАТ

ИЖОДИЙ РАҒБАТ

  • 21 дек, 10:12
Тадбирлар

Тадбирлар

  • 27 ноя, 11:51
ТАДБИРЛАР

ТАДБИРЛАР

  • 23 ноя, 14:31