Шоир саволи
Абдулла Орипов
СОҒИНМАДИНГМИ?
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим -
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Узоқлардан зарворли тоғлар,
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам қариб,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Унгурларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
қорликлардан сипқорилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
қайлардасан, суюкли эркам…
қўлимда гул сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман:
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Оналар мадҳи
- 04 мар, 13:19
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Зулфия ёди
- 28 фев, 22:36
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00