Оналар мадҳи

ОНАМГА

Қай манзил борарман қўлимда қалам,

Танҳолик сезаман ўзимда бир дам.

Дарчадан мўралар муштипар онам,

Келарми қизгинам, интиқ кутади,

Болалик соғинчи пинҳон ўтади.


Шафоат елкамда, ўтинч елкамда,

Синоат елкамда, юпанч елкамда.

Садоқат елкамда, ўкинч елкамда,

Кўзларинг қароғи дунё кутади,

Болалик соғинчи пинҳон ўтади.


Онажон дийдангда қотган алам, дард,

Ўтмишнинг зил-замбил юкидан-да мард.

Улғайтдинг болангга юқтирмай-да, гард,

Ороминг саҳнида тунлар битади,

Болалик соғинчи пинҳон ўтади.


Бугун борар манзил сенинг рухсоринг,

Тупроғи чанг урган кулбанг зах, боринг.

Пойингга тўшалган гуллар оҳ-зоринг,

Силсила тебратган кунлар битади,

Болалик соғинчи пинҳон ўтади.


Онажон, эркалаб ёноғинг ўпай,

Соғинчим, дардкашим тобоним атай.

Сирдошим ёнингда бир кеча ётай,

Ғамларинг аритсам шомлар битади,

Болалик соғинчи пинҳон кутади.


Шоирам десангда, кўкка кўтарсанг,

Армонинг ушалса, ёрилса ҳарсанг.

Абас соғинчимда қорилса тарсанг,

Элу юрт номимни сендан битади,

Болалик соғинчи йиллар кутади.


Тўлғаной ГАДОЕВА,

«Ўзбекистон» маҳалласи.


Мавзуга оид: