КОМСТОК ҚУРТИ - ХАВФЛИ ЗАРАРКУНАНДА

Комсток қурти -тенг қанотлилар туркумининг, коксидлар -соссинеа кенжа туркумига кирувчи, сўрувчи ҳашаротларнинг унғуборли қуртлар оиласига мансуб бўлиб, хавфли ички карантин ҳашаротдир. Уни деярли барча мевали ва манзарали дарахт, дарахт-симон ўсимликлар ҳамда айрим ўтсимон ўсимликларда (ҳатто тут қаторларига яқин жойларда, ғўзада ҳам) учратиш мумкин. Мевали дарахтлардан анор, олма, нок, шафтоли, шунингдек тутларни қаттиқ зарарлайди. комсток қурти ҳар қандай дарахтда учраши, панада ҳаёт кечириши, биологик хусусиятлари жуда кўп уруғли бўлиб, табиатда тез тарқалиши ҳисобига унга қарши курашиш жуда қийиндир.
Тарқалиши. Комсток қуртининг ватани Япония ва Хитой  давлати бўлиб, энтомолог S.Kuvan 1902 йилда бу қуртни таърифлайди ва унга Америка энтомологи Комсток шарафига Комсток номини беради.
Морфологик белгилари. Эркак ва ур-ғочи зотлари ташқи тузилиши бўйича кескин фарқланади. Урғочиси ясси шаклли, қанотсиз, камҳаракат ва усти оқ мумсимон доғлар билан қопланиб 5 мм узунликда бўлади. Танасининг ён томонида 17 жуфт мумсимон ўсимталари бор, дум қисми сезиларли даражада чўзинчоқ бўлади. Мўйловлари саккиз бўғинли бўлади. Комсток қуртининг эркаги 1 жуфт шаффоф қанотли, серҳаракат, ранги қизғиш-жигарранг тусда, узунлиги 1-1,5 мм, мўйловлари 10 бўғинли. Ранги сариқ-зарғалдоқ бўлиб, юпқа оқ гард билан қопланган. Комсток қурти танасининг катталиги ва дум қисмининг узунлиги билан бир-биридан фарқ қилувчи учта личинкалик ёшини ўтайди.
Биринчи ёшдаги қуртларнинг узунлиги 0,3-0,6 мм катталикда, ён томонида  ўсимталари бўлмайди,  дум  қисмида  билинар-билинмас ўсимта бўлади. Танаси сарғиш-қизғиш бўлиб, унсимон қопламаси бўлмайди, унсимон қоплама озиқлана бошлаганидан сўнг аста-секин пайдо бўлади.
Иккинчи ёшдаги қуртларнинг узунлиги 0,9-1,2 мм катталикда, ён томонида қисқа ўсимталари  бор, танасининг тўртдан бир  қисмини дум ўсимтаси ташкил этган. Биринчи ёшдаги қуртлар туллаганидан кейин иккинчи ёшдагилар пайдо бўлиб, сезиларли унсимон қопламга ўралган бўлади.  Мўйловлари олти бўғинли. Туллаб ташланган пўстларининг кўп бўлиши, қуртнинг иккинчи ёшга кирганлигини билдиради.
Учинчи ёшдаги қуртларнинг узунлиги 1,7-2,5 мм катталикда, эркаги урғочисига ўхшасада, 16 жуфт ён ўсимталари бўлиб, урғочисиникидан қисқароқ бўлади. Танасининг учдан бир, иккидан бир қисмини 1,5 мм.гача бўлган дум ўсимтаси ташкил этган. Шунинг учун, учинчи ёшга кирган йирик қуртларни ёш урғочи қуртлар билан осонгина адаштириб юбориш мумкин.
Биологик хусусияти.  Ўзбекистонда  Комсток қурти бир йилда 3 марта авлод  беради, қисман 4 марта ҳам авлод тарқатади. Лекин совуқ тушиши билан тўртинчи авлод қирилиб кетади.
Ўзбекистон шароитида комсток қурти  биринчи авлодининг ривожланиши апрель ойининг бошидан май ойининг охиригача давом этади, иккинчи авлоди май ойининг  ўрталаридан июль  ойининг  бошигача,  учинчи авлоди эса июль ойининг бошидан сентябрь ойининг ўрталаригача давом этади.
Дарахтнинг шохлари, таналари, илдиз  бўғинлари,  ёриқлар,  пўстлоқ ёриқлари, коваклари, ерга тўкилган барглари, кесак оралари, пахса ва тахта деворларнинг ёриқларида, уй деворининг сувоқлари остида ва Комсток қурти тарқалган дарахтларнинг  яқинидаги бошқа жойларда уларнинг  тўпланган жойлари яхши кўриниб туради.
Зарари. Комсток қурти турли мамлакатларда маълум экинларга жуда кўп зарар етказади. Масалан, Японияда у тутга катта зарар  етказади. Хитойда эса чой планта-цияларига, АҚШда бананларга, Кореяда олма дарахтларига зарар етказади.
Комсток қурти 300 хил ўсимликни зарарлайди. Улар дарахт танаси, шохлари ва   баргларида катта-катта тўда бўлиб жойлашади ва дарахт ширасини сўриб олиб, унинг дармонини қуритади ва ўсишини  заифлаштиради. Кучли зарарланган дарахтларда шишлар пайдо бўлиб, ёш новдалар қурийди ва барглар тўкилади. Шафтоли, беҳи, нок, олма, узум, заранг, чинор, картошкада ҳам оз бўлсада, учраб туради. 
Комсток қурти баҳор ва ёзда анор тупининг илдизи ва новдаларида ривожланиб,  кузда эса мева косачаларининг ич-ичига  кириб кетади. У сабзавот экинларининг барг қатларида ва илдиз-меваларининг юқори қисмида тарқалади. Картошкада бу қурт  илдиз бўғинининг ва картошканинг ўзини шикастлантиради.
Кураш чоралари. Комсток қуртига қарши муваффақиятли кураш олиб бориш учун бир қанча кураш тадбирлари ишлаб чиқилган. Карантин, тадбирлари бажарилган шароитдагина қуртнинг зарарли фаолиятини  тўхтатиш  ва  унинг  бундан  буён  тарқалишига йўл қўймаслик мумкин. Буларга  қуйидаги карантин тадбирлари киради:  кўчатларни кўздан кечириш ҳамда Комсток қуртига қарши агротехник, биологик ва кимёвий кураш усуллари ишлатилади.
Ташкилий-хўжалик, агротехник, биологик ва кимёвий усуллар ёрдамида зарарланган дарахтлардаги комсток қурти зичлигини камайтириш, унинг кейинчалик ривожланиши учун ноқулай шароит яратиш ва тўғридан-тўғри дарахт ва мевани ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш лозим.
Биологик кураш сифатида псевдафикусни лаборатория ва дала шароитларида кўпайтириш мумкин. Бунинг учун кузда мумиялашган комсток қуртларини табиатда йиғиштириб олиб, лабораторияга олиб келинади ва совутгичларда -3 дан +60 градусга бўлган шароитда баҳоргача сақланади. Март-апрель ойларида эса қайтадан табиатга, комсток қурти тарқалган дарахтларга қўйиб юборилади.
Кимёвий кураш сифатида комсток қурти тарқалган дарахт ва ўсимликларга қуйидаги инсектисидлар билан ишлов берилади: сиперфос 0,1 фоиз, дурсбан 0,1 фоиз, каратэ, талстар 0,05 фоиз, бензофосфат 0,3 фоиз, моспилан 0,02 фоиз, конфидор 0,03 фоиз, сиперметрин 0,03 фоиз.
Карантин тадбирлар. Комсток қурти ўчоқларини топиш, тарқалиш чегарасини белгилаш ҳамда қарши кураш миқёсини аниқлаш учун мутахассислар ҳар йили тут,  анор  кўчатлари  ҳамда  бошқа  дарахт  ва  дала экинлари, бегона ўтларни кўздан кечирадилар.
Карантинга олинган ҳудудда хўжалик, ташкилот, корхона раҳбарлари шу зараркунандага қарши курашиш тадбирларининг ўз вақтида ва тўла бажарилишига  масъулиятли бўлиб, қуйидаги карантин  қоидаларига амал қилишлари даркор.
 1). Пайванд қилинадиган тут ва бошқа  дов-дарахтлар фақат Комсток қурти билан  зарарланмаган участкалардангина олиб  тайёрланиши керак;
2). Комсток қурти билан зарарланмаган туманларга тут барги олиб борилишига йўл қўйилмайди;
3). Зарарланган зонадан бошқа хўжаликлар, туман, шаҳар, вилоят ва Республикаларга кўчат ҳамда ўсимликлардан  олинадиган бошқа маҳсулотлар ўсимлик карантини бўйича давлат хизмати органлари берадиган карантин сертификатларига  асосланган, карантин қоидаларига риоя  қилган ҳолда юборилади.
Комсток қурти карантин остига олинган ҳудудларда  янги кўчатзорлар,  тутзорлар, боғлар, токзорлар, анорзорлар фақат ўсимлик карантини бўйича давлат хизматининг рухсати билангина барпо қилинмоғи шарт.


Ф. Ҳамроқулов,

туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги агроном 

энтомологи.