ВАТАН ОСТОНАДАН БОШЛАНАДИ

   Маълумки, Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. 1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. 
   Ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳатлар туфайли юртимиз хавфсизлигини, сарҳадларимиз даҳлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.  
  Бугунги кун юртимиз ўғлонлари буюк бобокалонимиз издоши бўлиб келмоқда. Улуғ аждодларимизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзида ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди. Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар ва далиллардан кўриниб турибдики, давлат арбоби ёшлигидан жуда тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган киши бўлган, у айниқса, бошқарувнинг нозик, кўпчилик учун тушуниш қийин бўлган сирларини яхши ўзлаштирган. Унинг дунёқарашида давлатга, ҳарбий ишларга бўлган қизиқиши ёшлигидан уйғонади. Уни уламолар имтиҳон қилишиб, қувват хотирасига тасаннолар айтишган. Ўн икки ёшга тўлганида у: Болаларча ўйинлардан орланадиган бўлади ва вақтини ўзига тенгқур ўспиринлар билан ўтказишга ҳаракат қилади.
Темур 16-18 ёшида қиличбозлик, найзабозлик ва шикор (ов) қилиш санъатини моҳирона эгаллайди ва 20 ёшида эса абжир чавондоз бўлиб етишади. Кейин у ўз тенгқурларини гуруҳларга бўлиб, жанг машқларини ўтказа бошлайди. Соҳибқирон ўн олти ёшгача фақат диний эмас, балки дунёвий фанлар-тарих, фалсафа, география, ҳисоб ва бошқа илмлардан ҳам хабардор бўлган. Буюк лашкарбоши мамлакат ободончилигини юксалтириш, аҳолининг иқтисодий турмуш тарзини яхшилаш ва мўл-кўлчиликни таъминлашга ўзининг улкан хиссасини қўшган. Бунга улуғ Амир пирлари Зайниддин Абубакр Тойбодий уқтирган салтанат ишларидаги тўрт нарсага: 1.Кенгаш; 2. Машварату маслаҳат;3. Мустаҳкам қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик; 4.Эҳтиёткорликка амал қилганлиги туфайли эришган. Буни биз Амир Темурнинг “Барча ишларимнинг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтирдим”, деб айтган ибратомуз сўзларидан ҳам билсак бўлади. Соҳибқирон қайси бир мамлакатга лашкар тортиб борганлигидан қатъи назар, у адолатни ҳимоя қилган, инсоф ва диёнат учун жангга кирган. Аксарият ҳолларда келиб чиққан урушлар Амир Темур рақибларининг адолатсизлиги, инсоф диёнатсизлиги, имонсизлиги айби билан жанг олиб борган.  Бугунги кунда Соҳибқирон яратган ҳарбий санъат мероси жаҳон халқларининг ҳарбий санъати меросидан муносиб ўрин олди ва ҳозирги куннинг янги  мазмуни билан бойиб бормоқда.   
  Ватан остонадан, инсон яшаб нафас олиб турган гўшадан, инсоннинг киндик қони тўкилган хонадон тупроғидан бошланади. Шу боис, инсон илк бор нафас олиб, улғайиб вояга етган она заминга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унинг ҳар бир ҳовуч муқаддас тупроғини кўзига тўтиёдек суртиши, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаши унинг учун ҳам фарз, ҳам қарздир.  Ватанимиз тупроғидаги ҳар бир қарич ер муқаддас ҳисобланади. Шунинг учун аждодларимиз юрт тупроғини кўзларига тўтиё этганлар, қаерга борса ҳам ватан ёди билан нафас олганлар. Юртимиз инсонлари ватанимиздан ташқарида бахт-саодатга эриша олмайдилар. Ҳар бир инсоннинг ўз Ватани унинг учун дунёдаги энг гўзал ва муқаддас макондир.  Ватанга меҳр-муҳабати бўлмаган инсонни ота-онасига меҳри бор десалар бунга ишониб бўлмайди. Она ватанимизга садоқатли бўлиш, аждодлар меросига қизиқиш, миллий маънавиятдан бахрамандлик, ўзига ишонч, келажак олдида маъсуллик туйғуларини тарбиялайди.  Таълим муассасаларида “Ватан ҳимоячилари куни” тадбирларини ўтказишнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, ўқувчилардан Республикамиз Қуролли кучларининг салоҳияти ва обрўси, мамлакатимиз мустақиллиги ҳамда худудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини кенг ёритиб бериш, уларни ўз ватанига содиқ ва фидоий инсонлар этиб тарбиялаш барча таълим муассасаларининг педагогик жамоасининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Бугунги кунда ўқувчи ёшларда ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимиой ҳамкорлик каби миллий ғояларнинг асосий йўналишларини шакллантириш, бу таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш анъанага айланиб бормоқда. Ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш маросимларини тантанали ўтказиш ҳам ватанпарварлик тизимига киради. Ватанимиз, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, бугунги кунда ҳар бир йигит қизнинг орзуси ва бурчига айланиб бормоқда. 
Бугунги ёшларимиз мустақил ватанимизнинг посбонларидир. Биз навқирон авлод вакилларини баркамол, етук кишилар қилиб вояга етказсак, уларнинг ҳар бирида ор-номус, миллий ғурурни изчил шакллантириб борсак, ватанимиз шунчалик қудратли давлатга айланади.  Ватанни, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, ватанпарвар бўлиш, содиқлик, фидойилик туйғуларини хис этиб яшаётган ёшларимиз мустақил юртимизнинг келажагидир. Биз қўлга киритган бундай ютуқлар билан муқаддас юртимизда яшаётган, миллати, дини ва эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳақли равишда фахрланса арзийди.                                                                                      
                                    Муҳаммад АБДУРАҲМОНОВ.