Она ватан - муқаддас макон

Инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири - ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Ватанга муҳаббат, бу - баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат - бахт топган остонамиз - оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар - миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати бизга яқин замонда яшаб юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини, муборак қонини фидо қилган ватанпарвар, халқпарвар инсонларнинг муҳаббати нақадар улуғ, имонлари қанчалик мустаҳкам экани яна бир бор кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий ҳамда диний байрамлари мавжуд. Мана шундай миллий байрамларимиздан бири бу 14 январь юртимизда "Ватан ҳимоячилари куни" байрам сифатида нишонланади. Дар-ҳақиқат, Ватан - муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш - ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.
Маълумки, Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. Юртбошимизнинг Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармони билан бу борадаги ишларга тамал тоши қўйилди.
1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан "14 январь - Ватан ҳимоячилари куни" деб белгиланди. Ватан ҳимоячилари кунини нафақат ҳарбий хизматчилар, балки айни вақтда армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ватандошларимиз ва эртага хизматга борадиган минг-минглаб навқирон йигитларнинг байрами, деб қабул қилинган. Ушбу байрам муносабати билан ҳар йили юртимизда тантанали тадбирлар ўтказилади.
Ватанни севиш, ардоқлаш, ҳимоя қилиш - ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ватан ҳимояси - муқаддас бурч. Ҳар йили Ватан ҳимоячилари байрами арафасида бир-бирларини табриклаётган нафақат ҳарбийлар, балки юртимизда фаолият олиб бораётган бошқа касб эгалари, шунингдек ўқувчи-талабалар, иқтисодчилар, инженерлар, агрономлар, спортчилар ҳам бир-бирларини шу азиз байрам билан табриклаётганида юрагимиз ёришиб кетади. Барчамизнинг бугунгидек тинч, хотиржам ҳаётимиз қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди. Она юртимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган.
Мамлакатимизнинг мард, шижоатли, ўктам йигитлари армия хизматидан заҳирага бўшатилганларидан кейин ҳам ҳарбий хизматдаги каби ғайрат-шижоат билан юрт равнақи йўлида турли соҳаларда фидокорона масъулият билан меҳнат қилмоқдалар. Ватан ҳимоячилари кунини республикамиз бўйлаб кенг миқёсда, тантанали равишда  нишонланиши халқимизнинг ўз армиясига нисбатан чексиз ҳурматини англатади. Ушбу байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига нисбатан ифтихорини билдиради.
Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир эр йигитнинг муқаддас бурчидир. Айни кунларда юртимизда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда. Туманимизда ҳам мазкур санага бағишланган байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Ватанимиз ҳарбийлари ҳамда юртдошларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. 
Ўз мухбиримиз.