Алкоголизм - бу иллат!

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра - ҳар учинчи кишининг бири ичкилик ичиш сабабли  дунёдан ўтар экан. Алкоголь - спиртли ичимликлар барча жонзотни ҳалок қилувчи заҳардир. Ичилган алкоголь тезда қонга ўтиб, баданнинг барча аъзоларига кириб боради. Асаб тизими - бош мияга эса алоҳида таъсир кўрсатиб, липид-ёғлардан иборат мия тўқимасини аста-секин эритиб емиришни бошлайди. Бош мия қобиғининг олий марказлари иш фаолияти ҳам бузилиб, тормозлаш фаолияти сусаяди. Шунинг учун ҳам ичкиликбоз маст одам ўзини бошқаролмай уят, андиша ва иймонидан айрилиб, кўнгли тусаган қабиҳ ишларни қилишга ҳаракат қилади. 
Мастлик ҳолати бу марказий асаб тизимининг заҳарланиш ҳолатидир. Мастликда даставвал миянинг энг олий функциялари - кишининг ўз ҳатти-ҳаракатларини назорат этиш ва танқид қилиш, атрофдаги вазиятга баҳо бериш каби ҳаракатлари издан чиқади. Умрида биринчи марта ичган кишиниг боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлади, ўқчийди, баъзан қайт қилади. Киши ортиқча ва бетартиб ичаверса ҳам қайт қилиш юз беради. Алкоголь таъсирида мия томирлари тораяди, қон кам келиб бош оғриши ва айланиши пайдо бўлади. Шунга қарамай ҳаётда учраб турадиган оилавий ва ижтимоий муаммоларга инсоний ечим излаш ўрнига ўзи билиб-билмай иродасизлик қилиб, йигитчилик деб ёки дўстлар даврасидаги зўрлаши сабабли такрор-такрор ичса, беихтиёр ичкиликбозликка ўрганиб қолади. Энг ёмони, энди одам ўз муаммоларини бир зумга бўлсада, унутиш учун янада кўпроқ ичишни кўнгли тусай бошлайди, чунки бора-бора кам дозада кайф қилиш қийин бўлиб қолади. 
Алкоголь ошқозон ширасининг кўп ажралиб чиқишига сабаб бўлиб, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яра касалликларини келтириб чиқаради. Айниқса, оч қоринга ҳар куни эрталаб ичиб олишни одат қилганлар бундан ҳоли эмаслар. Ички аъзолардан юрак ва жигар алкоголга жуда таъсирчандир. 
Алкоголь аввалига қонни суюлтиради. Бора-бора у органимдан суюқликни кўп миқдорда чиқариб, қонни қуюқлаштиради. Шунинг учун маст киши суюқлик ичкиси келаверади. Сурункали ичган одам юраги катталашади, юрак мушаклари ўз ҳусусиятларини кескин ўзгартиради. У ёғ тўқималари билан қопланади. Натижада ортиқча ёғлар ва организмда сувсизланиш натижасида ҳансираш, юрак тез уриши, юрак соҳасида оғриқлар, шиш, юзда салқиш ҳамда бошқа нохуш ҳолатлар пайдо бўлади. Булар эса ўз навбатида ҳаёт учун жуда хавфли бўлган миокард инфаркти ва инсульт касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Жигар нафақат овқат ҳазм қилиш, балки қонни токсинлардан тозаловчи лаборатория органидир. Алкоголь билан заҳарланиши туфайли аввал қон қуюқлашади, лаборатория иши бузилиб, жигар бужмайиб кичраяди, яъни сўлиш-жигар циррози юз беради. Ичкилик жинсий безлар ва буйраклар фаолиятига ҳам чуқур таъсир қилиб, буйрак етишмовчилиги, майиб-мажруҳ ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, простатит ва импотенция каби эркаклар касалликларини келтириб чиқаради. Эркакми, аёлми, кимки ичкиликбозликка берилар экан, аста-секин инсонийлик мақоми ва шаъни, орияти ва ғурури, оиласи ва фарзандлари ҳамда жамиятдаги ўз ўрнини йўқотади. Иймони, ризқ-рўзи, даромади, бахти ва ўз уйини йўқотади. Маст ҳолда машина ҳайдаб ўзи ва бошқаларнинг ҳам  умрига зомин бўлади. Кўплаб жиноий ишларга қўл уради....              Хуллас, алкоголли ичимликлар ичиш инсонни ҳалокатга элтувчи душмандир. Ичкиликбозликни даволаса бўлади. Бу ҳар бир    шахснинг ҳаётдаги энг тўғри танловидир. Лекин энг осони ва Аллоҳга хуш келадигани бу унинг олдини олиш ва ундан онгли равишда воз кечишдир.
С. ШАҲОБИДДИНОВА,
 туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий 
поликлиника терапевти.                                    
С. ҚОСИМОВА,
Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини  ошириш бўлинмаси шифокори.          
Мавзуга оид: