Болалар нафақаси ва моддий ёрдам қай тарзда тайинланади?

Саволларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи Бахтиёр НОРҚУЛОВ жавоб беради
- Бир неча бор маҳалламиз раисига болалар нафақаси учун ҳужжат топширдим,   бироқ нафақа тайинлаб бермаяпти. Болалар нафақасини ким ёки қайси ташкилот тайинлаб беради?
- Болалар нафақаси бирор ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан тайинланмайди ва бунга инсон омили аралашмайди. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан ахборот тизими орқали тайинланади. 
Бунда фуқароларнинг мурожаат қилиши, ҳар ойнинг 16 санасигача, Фуқаролар яшаш жойи бўйича фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органига, яъни маҳалла фуқаролар йиғинига аризани тақдим этади, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органи ҳар беш кунда, бироқ ойнинг 19-санасига қадар  ҳужжатларни Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади. Аризаларни дастурга киритиш жараёни, Пенсия жамғармаси масъул ходими томонидан, ҳар куни, бироқ жорий ойнинг 26-санасигача "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига киритилади ва бунда, эътибор беринг, ижтимоий нафақани тайинланганлиги, тайинлашни рад этилганлиги ёки аризалар кейинги ойда қайта кўриб чиқиш учун (кутиш рўйхатига) ўтказилганлиги, инсон омили аралашувисиз "Ижтимоий ҳимоя ягона ре-естри" ахборот тизими орқали аниқланади.
- Қўшнимга юқори ташкилотларга мурожаат қилганлиги учун болалар нафақаси тайинлаб беришибди. Бу қанчалик тўғри?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан ахборот тизими ор-қали тайинланади. Яъни қўшнининг оиласи ахборот тизими орқали кам таъминланган деб топилганлиги ва Низом талабларига мос келганлиги учун болалар нафақаси тайинланган. Албатта ҳар бир фуқаро мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, Низомда белгиланган мезонларга тўғри келмаса ахборот тизими нафақа тайинламайди. 
Мисол учун, қўшнининг оиласидагилар сони сизнинг оилангиз билан бир хил бўлиб кўринсада, уларнинг даромадлари ва мулклари маълум эмас. Буни фақат "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими реал вақт давомида ташкилотлардан олинган электрон маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқади. 
- Даромадингиз белгиланган мезондан юқори, сизга болалар нафақаси тайинлаш рад этилди дейишди. Даромад қандай ҳисобланади ва энг кам миқдори қанча бўлиши керак?
- Даромад мезони минимал истеъмол харажатлари миқдорига тенглаштирилади ва Ўзбекистон Республикасида ушбу миқдор 498 минг 557 сўм этиб белгиланди.  Демак оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромаднинг юқори чегараси 498 минг 557 сўм этиб ўрнатилган. Буни ҳисоблаш тартиби, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик жами даромад, мурожаат қилинган ойдан олдинги ойгача бўлган охирги уч ой учун ҳисобланади ва оила аъзолари сонига бўлиш орқали аниқланади.
Мисол учун 2023 йил март ойида болалар нафақаси учун ариза берган бўлсангиз, сизнинг ўртача даромадингиз 2023 йил январь, 2022 йил ноябрь, декабрь, ойларидаги даромадингизни қўшиб учга бўлинади ва чиққан натижа оила сонига бўлиш орқали аниқланади. Ўртача даромадингиз 498 минг 557 сўмдан 1 сўм ортиқ бўлса ҳам болалар нафақаси тайинлаш рад этилади.
- Мен ҳам турмуш ўртоғим ҳам ишсизмиз, яъни кунлик ишларда ишлаймиз. Ишсизлигимиз сабабли бир нафар фарзандимга болалар нафақаси тайинланмаяпти. Уй-жойимиз йўқ, машинамиз йўқ. Опам ва поччам ҳам ишсиз, лекин уй-жойи ва 2006 йил чиққан енгил автомобили бор. Унга болалар нафақаси нега тайинланган?
- Кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 4-боб, 20-бандининг кичик к) бандига асосан расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда нафақа тайинлаш рад этилади.
Низомнинг 20-банди в) кичик бандига асосан ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда, ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси бўлганда ариза рад этилади. Опангизни автомобили янги бўлмаганлиги сабабли мулкий даромад ҳисобланмайди.
Аризачининг якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдонида томорқа майдонини ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот тизимидан электрон ахборот алмашинуви орқали олинган маълумотлар асосида 4 сотихгача бўлган томорқа ер ёки  деҳқон хўжалиги майдонида оиланинг меҳнатга лаёқатли ишсиз битта аъзоси ҳамда кейинги ҳар бир 4 сотихгача майдон учун қўшимча биттадан оиланинг ишсиз аъзоси томорқа ер ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб ҳисобланади. Шу сабабли опангизнинг аризаси оила аъзолари томорқа ер майдонида банд бўлганлиги учун ишсиз мақоми билан рад этилмаган.
- Бир нафар фарзандимиз бор, 3 ёшга тўлмаган, турмуш ўртоғим чет давлатда, ҳозирда маблағ юбормаяпти, менга болалар нафақаси чиқадими?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, агар электрон ахборот алмашинуви орқали олинган маълумотларда чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолият турини амалга оширувчи оила аъзоларидан пул ўтказмалари миқдори аниқланмаса, у ҳолда оиланинг бир ойлик ўртача жами даромадини аниқлаш учун оиланинг чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзосига даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.
Яъни бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 920 000 сўм этиб белгиланган, демак икки баравари 920 000*2=1 840 000 сўм даромад ҳисобланади. Сизнинг оила азонгиз сони 3 нафар бўлганлиги сабабли 3 га бўлсангиз белгиланган мезондан (2022 йил январь ойидан белгиланган мезон, 498 557 сўм) ошиб кетганлиги сабабли сизга болалар нафақаси тайинланмайди.
- Аукциондан деҳқончилик қилиш учун томорқа ютиб олдим ва якка тартибдаги тадбиркор бўлиб давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтдим. Якка тартибдаги тадбиркор бўлганим учун 1 млн. 840 минг сўм даромад ҳисобламоқда, шу тўғрими?
- Тўғри. Чунки Низомнинг 24-бандига асосан Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадни аниқлашда (якка тартибдаги фаолият маълум муддатга тўхтатилган давр бундан мустасно) даромад аниқланаётган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган бир ойлик суммасининг ўн баравари миқдорига тенг бўлган, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади. Яъни 920 000*2=1 840 000.
- Оилавий шароит ҳам бориб ўрганиладими? Кам таъминланган оилалар фарзандларига нафақани маҳалла фуқаролар йиғини тайинлаб берадими ёки Пенсия жамғармасими? Оилавий шароити оғир бўлса ҳокимлик томонидан тайинлаб бериши мумкинми?
- Йўқ, юқорида такидлаганимдек, болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни Маҳалла фуқаролар йиғини, Пенсия жамғармаси, шу-  нингдек туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилот ҳам тайинлаб бермайди. Нафақалар инсон омили аралашувисиз "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали тайинланади ва аризангизда кўрсатилган телефон рақамингизга СМС тарзда тайинланган, рад этилган ёки кутиш рўйхатида деган мазмунда хабар боради. Рад этилиш сабаблари рўйхати маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади, ёки ушбу бўйича тўлиқ маълумот олишингиз учун Пенсия жамғармасига мурожаат қилишингиз мумкин.
- Ўзини ўзи банд қилса нафақа чиқадими? 
- Ўзини ўзи банд қилди дегани нафақа чиқади дегани эмас, бунда оила сони, оиланинг бошқа даромадлари, оиланинг меҳнатга қобилиятли аъзолари, оиланинг мол-мулки ва бошқа даромадлари инобатга олинади. Агар мезонга тўғри келса нафақа тайинланади.
Мисол учун 3 ёшгача оилада 1 нафар фарзанди бор оиланинг меҳнатга қобилиятли битта аъзоси бўлса, бошқа даромадлари бўлмаса ва у ўзини ўзи банд қилса, ушбу оиланинг даромади ошиб кетади. Яъни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини икки баробари, 1 миллион 840 минг сўмни оила сонига, яъни 3 кишига бўлганда даромади 498 минг 557 сўмдан ошиб кетади ва оиланинг даромади мезондан юқори булганлиги учун  нафақа тайинлаш рад этилади. 
- Ўзини ўзи банд қилган шахс учун қанча даромад ҳисобланади ва ушбу учун қанча миқдорда тўлов қилиш лозим? 
- Ўзини ўзи банд қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, яъни бугунги кунда 300 минг сўм миқдорда ихтиёрий тўловни амалга оширса, ўзини ўзи банд қилган ҳисобланади ва пенсия ёшига етганда тўлиқ 1 йил иш стажи учун инобатга олинади. 
Низомга асосан ўзини ўзи банд қилган шахснинг бир ойлик даромади меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини икки баробари миқдорида ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бугунги кунда 920 минг сўм бўлиб, демак ушбу шахснинг бир ойлик даромади 1 миллион 840 минг сўм деб ҳисобга олинади.