Онани эъзозлаш халқимиз учун олий қадрият

Туманимизда "8 март - Халқаро хотин-қизлар куни" байрами кўтаринки руҳда нишонланди.              Баҳор фасли байрамлар билан бошланади. Аёлларни, қизларни баҳорга қиёслашади, баҳорни уларга. Гўзаллик, нафосат, янгиланиш, ҳаёт давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида уйғунлашиб кетади.   8 март - хотин-қизлар байрамида гўзал ва бетакрор юртимизга баҳор нафаси кириб келганидан дарак беради. Аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда кўз ўнгимизда аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади. Инсон зоти борки, оламдаги барча яхшилик ва эзгуликларни, ҳаёт сиру-асрорлари ва сабоқларини онанинг меҳру-саховати туфайли ўрганади. Аёл борки, олам мунаввар, аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор. 
Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу барокот киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир. Чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар. Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда, уни Она сиймосига қиёс этганларида катта маъно бор. Дунёда "муқаддас" деган сўзга энг муносиб зот ҳам - Онадир. Онани эъзозлаш - бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз. 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, байрам арафасида туманимиз хотин-қизларига ажойиб совға туҳфа этилди. Даҳбед, Учтепа, Авазали, Турон ҳамда Ойтамғали маҳаллаларида хотин-қизларни касбга йўналтириш мақсадида ўқув курслари очилди. Мазкур ўқув курсларида опа-сингилларимиз 3 ой давомида малакали мутахассислардан тикиш-бичиш сир-асрорларини ўрганади. Ўқиш мутлақо бепул бўлиб, ўқув марказлари замонавий тикув машинкалари ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. 
Туман тиббиёт ходимлари ҳам "8 март - Халқаро хотин-қизлар куни" байрамини тантанали равишда нишонлашди. Байрам муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими ўринбосарлари С.Луқмонов ҳамда Ю.Ўроқовалар иштирок этиб, шифокор аёлларимизни байрам билан қутлашди. Тадбир давомида тиббиёт бирлашмаси муассасаларида фаолият кўрсатаётган ҳамда меҳнат фахрийлари бўлган бир гуруҳ шифокор хотин-қизларга бирлашманинг эсдалик совғалари топширилди.
Туман мактабгача таълим ходимлари ҳам хотин-қизлар байрамини кенг миқёсда нишонлашди. 14-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида "8 март - халқаро хотин-қизлар куни" байрами муносабати билан туман мактабгача таълим бўлимига қарашли мактабгача таълим ташкилотлари учун "Сен азиз ва муқаддассан аёл!" деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни туман мактабгача таълим бўлими мудири Ч.Ортиқова табрик сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, бир неча йиллардан бери шу тизимда фаолият юритаётган бир қанча  тарбиячи педагогларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Мактабгача таълим ташкилотларининг жажжи тарбияланувчилари томонидан ижро этилган куй ва рақслар тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
Шунингдек, туман мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан тумандаги 36-давлат мактабгача таълим ташкилотида туманимиздаги боғчаларда тарбияланаётган барча жажжи болажонларга улашиш мақсадида баҳор таоми ҳисобланувчи сумалак тайёрланганлиги ҳам баҳор байрамига ўзгача тароват бахш этди.
Баҳор байрами нафаси туманимизнинг ҳар бир хонадонига кириб борди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Байрам муносабати билан туман ҳокими Шерзод Қудратов жойларда бўлиб, кекса онахонлар, ижтимоий ҳимояга ва эътиборга муҳтож хотин-қизларни 8 март - Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан табриклаб, уларга байрам совғаларини улашди.
Байрам муносабати билан 1-сектор ҳудудида 50 дан ортиқ хонадонлардаги хотин-қизларимизга туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан байрам туҳфалари улашилди.
Туман ДСИ бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жавлон Ядгаров сектор ҳудудидаги маҳаллаларда 50 нафар кекса онахонлар, ижтимоий ҳимояга ва эътиборга муҳтож хотин-қизларни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табриклаб, уларга байрам совғалари улашди.
Шунингдек, байрам муносабати билан Оқдарё ҳамда Бобур маҳаллаларида ҳоким ёрдамчиси, Ёшлар етакчиси, маҳалла раиси ҳамда Тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ходими томонидан мазкур маҳаллаларда яшовчи якка-ёлғизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари улашилди.
Туман ҳокимлиги томонидан 8 март куни "Бўстон она" базмгоҳида Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокими Шерзод Қудратов кириш сўзи билан очиб, туманимиз хотин-қизларини байрам билан самимий табриклади.
Тадбирга ташриф буюрган таниқли сўз устаси Ортиқ Султонов, хушовоз санъаткор Азим Қувондиқовларнинг ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт программаси барча хотин-қизларимиз, муҳтарама оналаримизга байрам кайфиятини бахшида этди. 
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид: