МУСТАҚИЛЛИК НИМАДИР, БИЗЛАРДАН СЎРА…

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини эгиб,
Айтадур, мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўраман шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойданда гўзал…
                                                   Чўлпон.
Ўтган асрнинг бошларида миллатимизнинг фидойи фарзанди Чўлпон томонидан битилган юқоридаги сатрларда бир қарашда гап нима ҳақида кетаётганлигини англаш мушкул. Агар шеърнинг мазмунига жиддий эътибор берадиган бўлсак, улуғ шоирнинг озодликни, мустақилликни орзу қилганлигини сезиш мумкин. Мустабид тузум даврида яшаган адиб-у шоирларимиз ана шундай қийин, таҳликали шароитда ижод қилишган. Миллатимизни ҳур, озод бўлишини, Ўзбекистон мустақил юртга айланишини, ер ости ва устки бойликлари шу халққа тегишли эканлигини таъкидлашган.
Биз тенги авлод собиқ шўро тузуми даврида яшаб, қийинчиликлар кўрганликларини яхши эслайдилар. Ўша ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошларида буғдой уни ўрнига маккажўхори унидан нон қилиб еганларимиз кечагидек ёдимизда. Халқ оч, юпун, қашшоқ яшарди. Ҳатто кўп болали оилаларда оёқ кийимлари етишмаганлиги, аниқроғи олиб беришга ота-онанинг пули йўқлиги боис мактабга навбат билан алмашиб оёқ кийимларини кийиб боришганликларини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Бир ҳафтада икки марта - чоршанба ва якшанба кунлари аксарият хонадонларда қозон қайнарди. Гўшт олишга оддий одамларнинг имкони йўқ эди.
Мактабларни айтмайсизми? Эски мослаштирилган биноларда ўқувчилар наридан бери ясалган парталарда ўтиришарди. Қишнинг аёзли кунларида юқори синф ўқувчилари ўрик, гилос сингари дарахтлардан ўтин қилардик. Ўтин ҳўл бўлганлиги туфайли ёнмас, синф хонаси тутаб кетар, кўзларимиз ачишиб, йўталган ҳолда дарс ўтардик. Оналаримиз ҳар биримизга читдан сумка тикиб беришарди. Ўша пайтларда сиёҳдон бўлиб, перони унга ботириб ёзардик. Айрим пайтларда мактабдан қайтишимизда сиёҳ сумкамизга тўкилиб, ичидаги дафтар, китобларни бўяб қўярди.
Қишлоқда яшовчилар асосан мол боқиш билан шуғулланишарди. Шундай пайтлар ҳам бўлдики, икки бошдан ортиқ мол боққан оилаларга солиқ солинадиган бўлди. Натижада қишлоғимиз аҳолиси кечаси ортиқча молларини дайравотга ёки қабристонларга олиб бориб қўйишарди. Ҳатто одамларнинг хонадонларидаги отларни ҳам мажбурий тарзда олиб кетишганларига гувоҳ бўлганмиз. Олий ўқув юртларига ҳам таниш-билиш қилиб кириларди. Ҳамма нарсани пул ҳал қиларди. Рус тилини билмаганлар олий маълумотли бўлса-да, юқори вазифаларда, ҳатто райкомпартияда ҳам ишлаши мумкин эмасди. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида туманга раҳбар бўлиб келган бир киши аксарият йиғилишларни рус тилида олиб борар, залда эса юз фоиз шу ерлик оддий одамлар ўтиришарди. Эсимда, ўша раҳбар қишлоқ хўжалиги институтининг агрономлик факультетини битириб, энди шу даргоҳда ишлай бошлаган бир дўстимизни рус тилида маъруза қилмаганлиги учун кўп бор сиқувга олганди.
1982-1983 йилларда Марказда ўйлаб топилган, ғирт туҳматдан иборат бўлган "Пахта иши", "Ўзбеклар иши" деб номланган уйдирмалар орқали юртимизнинг барча жойларида бўлгани сингари туманимизда ҳам Гдлян ва Ивановларнинг гумашталари қистови билан ўнлаб пахта усталари, бригада бошлиқлари қамоққа олинди. Уларнинг айримлари турманинг зах ертўлаларида касалланиб, ўша жойларда ҳаётдан кўз юмганликларини яхши биламиз. Кеч бўлса-да, уларнинг номларини оқлашганлиги вафот этган инсонларнинг оила аъзоларига бироз бўлса-да, таскин беради. Бундай адолатсизликлар собиқ шўро даврида оддий ҳолга айланиб қолган эди. Ўша даврларда ҳамфикр дўстлар йиғилиб қолсак, қачонгача бундай аҳвол давом этади, деб бир-биримизга савол берардик. Мустақилликка эришилса, адолатсизликка барҳам берилишига ишонардик. Шу ҳақда ўзимизча фикр юритардик.
Қийинчиликлар ортда қолди. Давлатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллари қийинчиликларга дуч келдик. Ахир янги рўзғорни тебратишни ўзи бўлмайди. Тарихчиларимиз ўша пайтда мамлакатимизда саноқли кунларга етадиган ғалла қолганлигини таъкидлашади. Ана шундай кезларда Президентимиз томонидан аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари экиш учун қўшимча томор-қалар, ерлар ажратилди. Бу эса ўз навбатида халқимизни очликдан сақлаб қолганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлат томонидан коллежларнинг қурилиши ёшларимизнинг касб-ҳунарли бўлишини таъминлади. Мамлакатда мажбурий ўн икки йиллик таълим жорий этилди. Юртимиздаги барча эски мактаблар ўрнида замонавий усулдаги билим масканлари қад ростлади. Ёшларимизга етарли билим олишлари учун барча қулайликлар яратиб берилди. Компьютер хоналарининг ташкил этилиши эса уларни дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлишини таъминлади. Жаҳон миқёсида бўладиган турли спорт мусобақаларида юртдошларимиз мустақил Ўзбекистон давлати номидан иштирок этишиб, қувончли ютуқларни қўлга киритдилар. Олимпиада ўйинларида ҳам юқори чўққиларни эгаллашди. Бугунги кунда бокс бўйича биринчи олимпиада чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаевни ким билмайди дейсиз? Ёки бўлмаса тумандошимиз, 2014 йилда Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ёзги олимпиада ўйинларида Илҳом Баҳромов ёшлар ўртасида юнон-рум кураши бўйича чемпион бўлди. Илҳомнинг таъкидлашича, муҳтарам Президентимизнинг ёшларга, спортчиларга кўрсатаётган ғамхўрликлари туфайли шундай ютуқларга эришган.
ВАТАН ОНА КАБИ МУҚАДДАСДИР
Шоирларимиз Ватанни бежизга Онага қиёс этишмайди. Ватан худди онамиз каби муқаддас. Шу боис шоир, ўлсам айрилмасман қучоқларингдан, дея Ватанни мадҳ этади. Тарих олдида мустақилликка эришган йигирма беш йил жуда қисқа муддат. Бироқ шу қисқа даврда мамлакатимизда асрларга тенг ишлар амалга оширилдики, буни ҳар биримиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугун мамлакатимизни улкан қурилиш майдонига ўхшатиш мумкин. Қишлоқларимизнинг бугунги қиёфаси шаҳарни эслатади. Буни азиз масканимиз - туманимиз мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Биргина Қирқдархон массивида қуриб фойдаланишга топширилган намунали уй-жойлар хорижлик меҳмонларда ҳам ҳавас уйғотмоқда. Бу массивда қурилган янги мактаб, қишлоқ врачлик пункти ва савдо шаҳобчаларининг фаолиятидан аҳоли мамнун бўлмоқда.
- Кўп йиллар мактабда ўқувчиларга рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ берганман, - дейди шу массивда яшовчи халқ таълими фахрийси Суюн Норқўзиев. - Халқимизнинг фаровон яшаши учун барча шароитлар яратилган. Қишнинг совуқ кунларида ҳам уйимизда электр ва табиий газ доимий бўлганлиги боис иссиқ. Пенсияларимизни ўз вақтида олиб турибмиз. Мен бир қанча давлатларда бўлганман. Лекин ўзимизнинг юртимизга етадиган, инсонлар қадр топадиган юрт йўқ. Шунинг учун дунёда бежизга Ўзбекистонни жаннатмакон юрт дейишмайди.
Ватан ҳақида ўйларканман, ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг шеъри ёдимга келаверади:
Қушдай учиб қучоғингдан дунё кездим,
Кезиб-кезиб топганларим соғинч бўлди,
Қанча олис кетсам шунча қадринг сездим,
Қайда юрсам, ёд-у меҳринг овунч бўлди.
Айланайин қора қош-у кўзингдан-а,
Ўзингдан қўймасин халқим, ўзингдан-а!..
Азиз замондошим!
Сиз ва биз туғилиб ўсган, ота-оналаримиз ардоқлаган Ўзбекистонимиз мустақиллигига бу йил 33 йил бўлмоқда. Келинг, бу шонли санани ҳар биримиз ҳар қачонгидан кўра қувончли ютуқлар билан кутиб олайлик. Шу азиз юртни кўз қорачиғидек асрайлик!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
журналист.
Мавзуга оид: