ШЕЪР - ҚАЛБДАН ЧИҚҚАН УММОН (Ёш қаламкашларнинг шеърларига жавоб хати ўрнида)

Шеър - қалбдан чиққан уммонга ўхшайди назаримда. Баъзида ҳис-ҳаяжонингни тизгинлай олмайсан, улар қалбингдан отилиб оқ қоғоз узра гоҳо қордек тўкилса, гоҳида юрагинг тубида сақлаб келаётган мискин хотиралар ёмғир бўлиб ёғади гўё. Ўқтин-ўқтин сокинликни, виқорли тоғу, ям-яшил далаларни қўмсаган кўнгил, тез-тез сен учун азиз ва муқаддас бўлган она Ватанинг,   қадрдон инсонларинг ҳақида сойлардан оққан сув мисоли тўлиб-тошиб куйлагиси келади... 
Сенинг қалбингдан чиққан ўша оппоқ орзуларга лиммо-лим сўзлар ёки маҳзун мисралар бўлсин, эндиликда бари-бари сеники бўлиб эмас, балки мазкур сатрларингни мутолаа қилаётган шеърият ошифталари қалбига ҳам кириб, туб-тубидан жой олса - ана шундагина   ҳақиқий шеър бўла олади.
Шу ўринда туманимиздаги 1-мактаб ўқувчиси Мастура Анорованинг "Ватан" шеъридаги ушбу сатрларни келтирамиз:
Аллоҳ мадад берган эй, ўлкам,
Иссиқ нонинг бағрингдек иссиқ.
Ҳар япроқ ҳам ўсар тафтингда,
Менга ҳаёт берган она юрт. 
Қанчадан-қанча туғма истеъдодли, ноёб қобилиятли ўғил-қизларимиз ҳақида кўп эшитганмиз. Уларнинг мурғак қалбларида  илк маротаба куртак ёзган ҳаяжонли сўзлар сатрларга айланиб, қалблардан-қалбларга кўчиб, шеърий асарлар ҳам яратилганлиги айни ҳақиқат. Лекин шу ўринда таъбир жоиз бўлса айтиш лозимки, мукаммал шеър ёзиш учун фақатгина туғма истеъдоднинг ўзигина етарли эмас. Негаки, истеъдодга қўшимча равишда тўқсон фоиз изланиш, меҳнат қилиш, қилганда ҳам заҳматли меҳнат қилиш талаб этилади ижодкорлик.
Ёмонлигим сира қайтмайди дерсиз,
Ғийбатларингиз ўз тилингиз чопар.
Ҳаммага ёмонлик қилмай туриб ҳам,
Ким нени тиласа ўшани топар.
19-мактабнинг ўқувчиси Р.Абдуманнонованинг қаламига мансуб ушбу тўртлик         "Ким нени тиласа ўшани топар", деб номланган. Болаларча содда ва самимийлик билан ёзилган ушбу туйғулар келажакда албатта айрим камчиликлардан ҳоли бўлиб, сайқалланади, деган умиддамиз.
Шу ўринда масаланинг бошқа томонлари бизни ўйга солади. Шундай ёшларимиз ҳам борки, ҳали улар шеърнинг ўзи нима ёки унга қўйилган талабларни ҳам билмасдан туриб "шеър" ёзишади, матбуотда чиқаришга ҳаракат қилишади. Нимагаки, ўқишга киришлари учун шеър ёки мақоласи матбуотда эълон қилиниши лозим. 
Шеър қандай ёзилади,- деган саволга эса турли замонлардан буён турли хил жавоблар ёзишади. Лекин шеърнинг ўзи нима эканлигини билмасдан, қалбдан ҳис қилмасдан туриб шеър ёзиб бўлмаслиги аниқ. Негаки шеър қалб мулки, қалбдан чиққан сатрларни эса қай даражада сайқаллаб, ўқувчисига етказмоқ ҳар бир ижодкорнинг ўзига, унинг эгаллаган маҳоратига ҳавола.
Тиниқ бўлсин оқаётган сув,
Тиниқ бўлсин мусаффо осмон.
Тиниқ бўлсин ҳар бир кунингиз,
Тиниқлик учун яралмиш инсон(?).
20-мактабнинг бошланғич синф ўқувчиси М.Фахриддинованинг "Умр" деб номланган шеъридаги ушбу тўртликда қофияга эътибор берилган холос...
Тўғри, шеър туроқу қофиядан иборат эмас. Лекин инсон ижодининг маҳсули бўлган шеърнинг ҳам ўзига хос қонун ва қоидалари бор, албатта. 
Адабиёт назарияси ҳақида мактабда ўқиб юрган кезларимиздаёқ адабиёт ўқитувчиларимиз қулоғимизга қуйишган. Ҳар бир ёд олган шеър ва ғазалларимиз ҳақида етарли даражада назарий маълумотлар, тушунчалар берилган. Ҳар чорак якунида эса камида 10 тадан шеър ва 10 тадан ғазал ёд олмасак, чораклик баҳоларимиз аъло даражада чиқарилмас эди. 
Ҳозир-чи, минг афсуски, болаларимизнинг оғзаки нутқида ҳам, ёзма саводхонлигида ҳам, айниқса, ижодий ишларидаги  жиддий хато ва нуқсонлар яққол кўзга ташланади.
Тумандаги мактабларнинг юқори синфида таҳсил оладиган бир ўқувчи таҳририятимизга келиб дабдурустдан: "Менинг ушбу шеърларимни газетада чиқариб берсангиз, мен бу йил журналистикага ўқишга кирмоқчиман, ёки чиқмайдиган бўлса, шеърларимдаги хато ва камчиликларини кўрсатиб беринг",- дея мурожаат қилди.
- Шеърларингни аввало адабиёт ўқитувчингга кўрсатишинг зарур эди, сенга тегишли маслаҳатини берарди,- деб айтдим ҳар галгидек. Уларнинг "шеърларини" кўздан кечирар эканман, ўзлари ҳали шеър ҳақидаги тушунчага ҳам эга бўлмаган, лекин яқин кунларда мактабни тугатиб, олий ўқув юртига ўқишга киришга ҳаракат қилаётган ёшларга нима дейишга ҳам  ҳайрон қоласан киши. 
Бунга ким айбдор, ўз устида изланмайдиган ўқувчими ёки адабиёт дарсларида ва дарсдан кейинги тўгарак машғулотларида ижодкор ўқувчилар билан мунтазам равишда шуғулланмайдиган ўқитувчими?
Тўғри, бундай мурожаат ва ташрифлар деярли ҳар куни бўлиб туради. Бу табиий ҳолат албатта. Ҳузуримизга не-не орзу мақсадлар, умидлар билан келган ёш йигит-қизларнинг шеърий машқларини ўқир эканмиз, имкон қадар уларга тегишли йўл-йўриқлар, маслаҳатларимизни беришга ҳаракат қиламиз.  
Журналист касбини эгаллаш учун интилаётган ёшларимизнинг борлиги, шеър ёзишга қизиқиш, ижод билан шуғулланишга ҳаракат қилаётган йигит-қизларимизнинг кўпчиликни ташкил этиши албатта бизни ниҳоятда қувонтиради. Китоб ўқийдиган, ижод билан шуғулланадиган болаларимиз кўпайса, қувонмай бўладими, ахир?
Минг афсуслар бўлсинким, бадиий адабиёт турлари, жанрлари, шеърнинг вазни, қофияси ва ҳокозалар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган, ҳаттоки бу қоидалардан умуман бехабар ўқувчиларимиз кўпчиликни ташкил этаётганлиги ачинарли ҳолатдир.  
Шу ўринда ўз касбини, ўз фанини яхши кўрадиган, ҳурмат қиладиган адабиёт ўқитувчиларига қарата: Сизга шогирд бўлмоқни ихтиёр этиб, шеър ёзишга қизиқадиган, лекин ҳали кўпгина жиҳатларини англаб ололмай ҳар мақомга йўрғалаётган ўқувчингизни қўлидан тутинг, ундан керакли маслаҳатингизни асло аяманг,- деймиз. 
Шундагина олий ўқув юртига кириб кетган тақдирда ҳам дастлабки билим ва кўникмани мактабда ололмаган ўқувчингизнинг: Бизга бу ҳақда мактабда ўргатишмаган эди,- деган эътирозини эмас, балки: Яхшиямки, буни мактабда ўрганган эканман, энди умуман қийналмаяпман, устозимга минг раҳмат,- деган миннатдорчилигини бир умр эшитасиз. Ахир бежизга айтишмаган-ку: Ёшликда олинган билим, тошга битилган нақш кабидир, деб.
Таҳририятимизга Мухлиса Фахритдинова, Дилшод Ҳамроқулов, Сабина Ғофуржонова, Моҳинур Сайфуллаева, Сирожиддин Мардиев, Нигина Ирисова ва бошқа шу сингари кўплаб ёш қаламкашларимиз ҳам ўзларининг ижод гулшанларидан намуналар йўллашган. Уларнинг шеърларида ҳам юқорида таъкидланганидек, айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги боис газета саҳифаларида чоп этилмади.  
Дарҳақиқат, ҳақиқий, бадиий етук, оҳорли шеърнинг яратилиши, ижодкордан қанчалар заҳмат, улкан меҳнат талаб қилади. Шундай экан, биз ҳам таҳририятимизга мактуб йўллаб, ўзларининг қалб изҳорлари ила тўлиб-тошиб қалам тебратаётган ижодкорларимиздан келажакда албатта бадиий етук шеърлар кутиб қоламиз. 
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
              "Оқдарё овози" газетаси
        "Маданият ва маърифат" 
бўлими мудири.