БАМИЯ ЁКИ ОКРАНИ БИЛАСИЗМИ?

Олимларнинг ҳисоблашларича  бамия (Hibiscus esculentus L.) сабзавот ва толали экин сифатида  бундан тўрт минг йил аввал Африкада, кейинчалик кўҳна Миср ва Х111 асрдан араблар съай-ҳаракати билан Оврўпа мамлакатларида  янги экин сифатида тарқалган. Аммо унга қадар эса Ҳиндистон, АҚШ, Русия, Кавказорти, Марказий Осиё ва Украина каби  давлатларда ҳам сабзавот ва тола берувчи экин сифатида қадрланган. 
Бунга боис унинг ёш тугунчалари, мева,  уруғлари муҳим аҳамият касб этади ва шу сабаб озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилади. Мевалари таркибида 3% оқсил, 0,5% мой, 8% углеводлар, уруғида эса 18%га қадар озиқ-овқат мойи бўлади. Уруғлари етилмаган  ҳолда кўк нўхат (зелёный горошек)дек ардоқли, етилганда эса қаҳванинг ўрнини босаолади. Шунингдек, барглари ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашда  дармондори сифатида ардоқланади.
Саноатда пояси пишиқ тола беради, шу боис ундан хўжалик эҳтиёжлари учун мустаҳкам ип-арқон, қоп-қанорлар тайёрланса, бутун бошли ўсимлик аъзолари(илдиз, поя, барг, уруғ ва мева)дан илмий тиббиёт ва халқ табобатида инсоният саломатлигини муҳофаза қилишда кенг қўлланилади. Бамия табиатан бир ўсимлик бўлиб, унинг бўйи 2,5-3,0 метргача, сабзавотли навлари эса 0,5 метр бўлади. Тола берувчи навларининг пояси сершох, сербарг ва бўғим оралиғи узунроқ (12 см), қора-яшил рангда, барглари сони 20-25 та, барг банди сабзавотлли навларида қисқа, юраксимон, 5-7 бўлакли, гуллари  сариқ, бинафша рангг эга. Меваси эса чаноқча дейилиб, 5-11 қиррали, деярли юмалоқ, узунлиги 6-30 см келади, уруғлари оқиш-яшил ёки қорамтир бўлади. 
Ўсиш ва ривожланиш хусусиятларига кўра ушбу экин иссиқлик, ёруғлик ва нам-ликка талабчан,  ҳаво ҳарорати 15 даражадан кам бўлганда ривождан орқада қолади, 1-2 даражада хавфли ҳисобланади ва гуллари тўкилиб кетади. Шунингдек, соя-салқинда гуллаш ва мева тугиши нисбатан сусаяди. Унумдор ва енгил тупроқларда яхши ҳосил беради, аммо шўрланган, бот-қоқ тупроқларда ўсиб ривожланиши яхши кечмайди.
Ушбу экин уруғларидан кўпайтирилади ва улар  совуқ кунлар чекиниб, ҳаво қизигандан кейин қатор оралари 60 см, қатордаги экинлар ораси 30-40 см қилиб экилса орадан бир ҳафтада ўтгач, майса ҳосил қилади, 2,5-3 ой ўтиб гуллайди, мевалари эса яна 40 кун ўтиб пишиб етилади. Шу тариқа унинг ўсиш ва ривожланиш даври 3,5-4 ой давом этади, холос. Бизда унинг Русияда яратилган Высокорослый-100, Карликовый 117, Белая цилиндрическая-127 каби ва хориж селекциясига хос кўплаб навларини экиш  мумкин.  
Умуман эса қувонарлиси шундаки, мамлакатимизда аграр соҳага ҳам алоҳида аҳамият берилиб, фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари томонидан янги соҳага қўл урилиши Буюк Ипак Йўли орқали жонбозлик кўрсатган аждодларимиз  армонларининг  ушалишига  ёрқин мисол, дейиш мумкин.

Хидирали Ботиров,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори.

Мавзуга оид: